Бугун
4
Ўзбек

ПФЛ бош директорлиги учун сайлов бўлиши маълум қилинди

Футбол
27 июл, 08:16
Ташкилот раҳбари Лига Ижроия қўмитасининг 8 аъзоси берадиган овозлар орқали аниқланади.
ПФЛ бош директорлиги учун сайлов бўлиши маълум қилинди
Foto: UzPFL

ЎзПФЛ матбуот хизмати ташкилот бош директорлиги учун сайлов олдидан номзодлар тасдиқланиши ҳақида хабар берди.

«Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Уставининг 5.11-бандига мувофиқ, Лига бош директорини тўрт йил муддатга лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод қилиш Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти ёки Ассоциация Ижроия қўмитасининг тақдимномасига асосан Лига Ижроия қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентининг тақдимига биноан, Лига Ижроия қўмитасининг 2022 йил 31 мартдаги 03-сонли йиғилиш баёни билан Имомхўжаев Диёр Аброрович 2022 йилнинг 31 мартдан бошлаб тўрт йил муддатга Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори этиб тасдиқланган. Эндиликда, Ассоциация президенти ёки Ассоциациянинг Ижроия қўмитаси Лига бош директорлигининг кейинги тўрт йиллиги учун номзод ёки номзодларни Лига Ижроия қўмитасига тақдим этиши лозим. Шундан келиб чиқиб, Лига мазкур масалани Ассоциация кун тартибига киритишни сўраб мурожаат қилди.

Қайд этиш керак, Лига бош директори Диёр Имомхўжаев бир вақтнинг ўзида ҳам Ассоциация, ҳам Лига Ижроия қўмиталари аъзоси ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, у Лига бош директорлиги учун номзод тақдим этишда ҳам ва кейинчалик тақдим этилган номзодларга овоз беришда ҳам иштирок этмайди.

Маълумот учун, Лига бош директорлигига Ассоциация Президенти ёки Ассоциация Ижроия қўмитаси бир ёки ундан ортиқ номзодлар рўйхатини тақдим этиши мумкин. Кейинчалик мазкур номзодлар Лига Ижроия қўмитасининг 8 нафар аъзоси томонидан овоз бериш йўли орқали бош директорликка сайланади. Лига Уставига кўра, овоз беришда Ижроия қўмитанинг энг камида беш нафар аъзоси ўз овози билан иштирок этиши лозим. Лига Ижроия қўмитаси тақдим этилган номзод ёки номзодлар рўйхатини кўпчилик овоз билан рад этиш ҳуқуқига ҳам эга.

Лига Ижроия қўмитасининг беш нафар аъзоси футбол клублари вакиллари ҳисобланади. Яъни, Лига бош директорини сайлашда клубларнинг умумий овози ҳал қилувчи қийматга эга ҳисобланади. Айни вақтда Алишер Юсупов («Насаф»), Баҳодир Мирзаев (ОКМК), Тўлабек Акрамов («Локомотив»), Элбек Саматов («Андижон»), Мақсуд Каримов («Хоразм») Лига Ижроия қўмитасининг клублар томонидан вакиллари ҳисобланади. Қўмитада, шунингдек, Ассоциация вице-президенти Одил Аҳмедов, Ўзбекистон футболчилари уюшмаси раиси Камолиддин Мурзоев, Лига вакили сифатида Ойбек Иброҳимхонов фаолият олиб боради.

Ассоциация президенти ёки Ассоциация Ижроия қўмитаси Лига бош директорлиги учун тақдим этадиган номзод ёки номзодлар рўйхати ҳақида алоҳида маълумот берилади», — дейилада хабарда.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар