Live
4
Ўзбек

Илёс Зейтуллаев: «Ҳар қандай мотивациянинг ҳам чегараси бўлади»

Эксклюзив
26 июл, 16:19
«Бунёдкор» бош мураббийи «Пахтакор»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Илёс Зейтуллаев: «Ҳар қандай мотивациянинг ҳам чегараси бўлади»
Фото: Бунёдкор ПФК
26.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Бунёдкор Бунёдкор 0 : 1 Пахтакор Пахтакор

Молиявий муаммоларга гирдобида қолган «Бунёдкор» яна мағлуб бўлди. Бу сафар Тошкентда дербисида «Пахтакор»га 1:0 ҳисобида имконият бой берилди. Бироқ «Қалдирғочлар» оғир шароитда ҳам ўз ўйини билан яхши таассурот қолдиришгани бор гап.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида эса «Бунёдкор» бош мураббийи Илёс Зейтуллаев ўйин ҳақида ва шу билан бирга қийин вазиятда ишлаш қандайлиги ҳақида ҳам гапирди.

«Барчага хайрли кеч. Нима дейишим мумкин? Агар мен оддий футбол мухлиси бўлганимда, бундай ўйинни мароқ билан томоша қилиш учун албатта стадионга келган бўлардим. Шунинг учун ҳам ўйин жуда қизиқ ва мазмунли кечди. Ўйлайманки, охирги икки учрашувда — ҳам «Бухоро»га қарши, ҳам бугун «Пахтакор»га қарши — йигитлар жуда яхши ўйин намойиш этишди.

Ҳаётда ҳам, меҳнатда ҳам инсон нима экса, кейинчалик шунинг ҳосилини олади. Шунинг учун мен йигитларга айтдим: биз бошимиздан кечираётган барча қийинчиликларга қарамай, улар фидойилик, меҳнат ва жасорат уруғини экишяпти.


Ҳамма билади, биз саккиз ойдан бери ҳалол меҳнатимиз учун ҳақ олаётганимиз йўқ. Шунга қарамай, футболчилар бор кучини бериб майдонга тушишмоқда. «Бухоро»га қарши ўйиндан кейин уч нафар футболчимиз жуда оғир жароҳат олди, қолганлар ҳам турли муаммоларга дуч келди, айримлари эса клубни тарк этди. Бу жуда оғир давр. Шунга қарамасдан, улар мухлислар ва футбол учун майдонда борини беришди, астойдил ҳаракат қилишди.

Шунинг учун менинг айтадиган ягона гапим — йигитларга раҳмат. Бугун улар шундай мазмунли ва чиройли футбол намойиш этишди.


- Бир вазиятда ҳакам олдингизга келиб сиз билан ниманидир гаплашди. Шундан кейин сиз устингизга «манишка» кийдингиз. Шу ҳолат ҳақида батафсилроқ айтиб берсангиз. Нима бўлди, ўзи?

- Йўқ, йўқ. Ҳакам шунчаки мендан илтимос қилди. Нариги томондаги ёрдамчи ҳакамга футболкамнинг қора ранги халақит бераётган экан. Шунинг учун «манишка» кийишимни сўради. Мен ҳам олиб кийдим.

- Сизларда молиявий муаммолар борлиги маълум. Шундай вазиятда футболчиларни руҳий жиҳатдан тайёрлаш осон эмас. Лекин бугун иккинчи бўлимда жамоангиз «Пахтакор»дан устун ўйнади. Ахир «Пахтакор» таркиби деярли миллий жамоа даражасидаги футболчилардан иборат. «Бунёдкор»да эса барчага маълум, асосан 16–20 ёшли ёшлар ўйнаяпти. Иккинчи бўлимда ҳатто ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишингиз ҳам мумкин эди. Йигитларга ҳеч қандай эътироз йўқ — вазиятлар яратишди, бирга-бир чиқишди, амалга ошириш етишмади, яна бир аниқ имконият ҳам бой берилди. Сиз эса доим уларни шундай тайёрлай оляпсиз. Сирини айтсангиз: футболчиларга нима дейсиз, уларни қандай руҳлантирасиз? Бир марта бир ҳикоя айтиш мумкин, иккинчи марта бошқа мисол келтириш мумкин, Ал Пачино қатнашган фильмни ёки бошқа мотивацион роликларни кўрсатиш мумкин. Аммо буларнинг ҳам бир жойда таъсири тугайди. Хўш, «Бунёдкор»нинг сўнгги ўйинлардаги барқарор яхши ўйинининг сири нимада?

- Бундай яхши савол учун раҳмат. Демак, сиз ҳақиқатан ҳам бизнинг ҳолатимизни тушунишга ҳаракат қилибсиз. Менимча, футболчилар саккиз ой давомида маош олмайдиган, базада саккиз ойдан бери иссиқ сув бўлмайдиган, электр энергияси ўчириб қўйиладиган, ҳозир эса ҳатто овқатланиш ҳам тўхтаб қолган шундай вазиятдан қандай чиқиш ҳақида ёзилган тайёр китоб йўқ.
Бундай шароитда футболчиларга қандай мотивация белиш мумкин? Менимча, бунинг ягона жавоби ҳам йўқ. Мен бу ҳақда аввал ҳам айтганман: мен уларни мотивация қилмайман. Улар аллақачон руҳланган. Уларга фақат ўзларидан ҳам каттароқ мақсад йўлида ҳаракат қилаётганини ҳис қилдириш керак.

Сиз тўғри айтдингиз — ҳар қандай мотивациянинг ҳам чегараси бўлади. Менимча, биз ўша чегарага етиб келганмиз. Агар сиз бизнинг ўрнимизда бўлиб, ярим кун биз билан яшасангиз, ҳаммасини ўзингиз ҳис қилар эдингиз. Улар ҳар куни жароҳат олиш хавфи билан яшаб, машғулот ўтказишяпти. Балким, мавсум тугагач, биз бу даврни қандай босиб ўтганимиз ҳақида батафсилроқ гапириб берарман.

Сиз айтганидек, Ал Пачино иштирок этган фильмни кўрсатиш, Netflix'да Артета ёки Гвардиоланинг футболчиларни қандай руҳлантираётганини кўриш мумкин. Буларнинг барчасини олиш мумкин. Лекин бизнинг вазиятда бу усуллар ишламайди. Менимча, бизнинг жамоа жуда чуқур қадриятлар асосида қурилган. Бу қадриятлар бизни бир-биримизга жуда яқинлаштирган. Шунинг учун ҳам жамоадаги бирдамлик кучли. Улар бир-бирига ишонади ва биргаликда олдинга интилади. Машғулотларда ҳам жуда сидқидилдан меҳнат қилишади, ўзларини аямайди. Лекин эртага нима бўлишини билмайман. Чунки очиғини айтсам, улар аллақачон ўз имкониятларининг энг юқори чегарасида туришибди. Аммо йигитларда жуда кучли қадриятлар бор. Ўзаро муносабатлар ҳам айнан шу асосга қурилган: меҳнатсеварлик, адолат, ҳалоллик ва шунга ўхшаш инсоний фазилатлар.

- Мана шундай қийин вазиятда футболчилар тотализаторга берилиб, бундай қинғир ишларга аралашиб қолиш хавфи ҳам бўлиши мумкин. Қолаверса, U21 жамоаси учинчи ўринда кетяпти. Клубдаги бундай аҳвол уларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинми?

- Лекин мен сизга битта нарсани айта оламан. Яна аввалги саволингизга қайтамиз: биз ўз қадриятларимизни асосий пойдевор сифатида белгилаб олганмиз. Шунинг учун ҳам йигитлар шундай ўйин кўрсатишяпти. Ҳатто хаёлимга ҳам келмайди, улардан кимдир шундай қадам ташлаши мумкин, деб. Чунки бу ҳақда биз жуда кўп гаплашамиз — ҳам ёш футболчилар билан, ҳам тажрибали ўйинчилар билан. Шунинг учун сизга пок виждон билан айта оламанки, улар жуда меҳнаткаш йигитлар. Улар бугунгача қилган ишини ўйласам... билмадим, профессионал футбол тарихида саккиз ой давомида маош олмасдан ўйнаган жамоа бўлганми-йўқми, билмайман. Менимча, бу умуман тарихдаги биринчи шундай ҳолат бўлса керак. Йигитлар саккиз ой давомида маошсиз ўйнашди. Менимча, бундай ҳолат ҳали бўлмаган.

- Мотивация ҳақида. Бошқа спорт турларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлади. Масалан, бугунги «Пахтакор» ёки «Насаф» каби кучли рақибларга қарши ўйинларда, таркибида миллий жамоа ўйинчилари бор жамоаларга қарши футболчиларни алоҳида руҳлантиришга ҳожат ҳам қолмайди. Чунки уларнинг ўзидаёқ каттароқ клубга ўтиш, яхши маош олиш ёки ўзини кўрсатиш каби кучли мотивация бўлади. Илгари «Локомотив» ҳам футболчиларини шу тарзда руҳлантирарди. Энди савол: сизлар «Насаф» ва «Пахтакор»ни ютдингиз. Аммо турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоаларга қарши ўйинларда, барчага ҳурмат сақлаган ҳолда йигитларда шу мотивация пасайиб кетишидан хавотир олмайсизми?

- Қаранг, бу яна профессионаллик масаласи. Мен уларга ҳам футболчи, ҳам инсон сифатида айнан шу нарсани сингдиришни истайман. Футболда «Пахтакор»га қарши яхши ўйнаб, кейин, дейлик, «Машъал»га қарши бўш ўйнаш керак», деган тушунча умуман бўлмайди. Бу — менталитет ва психология масаласи.

Мен ҳам хорижда бўлганимда, «Ювентус»да шундай гапни эшитганман: энг қийин ўйинлар «Интер»га қарши эмас, балки «Перуджа» ёки «Сассуоло» каби жамоаларга қарши бўлади. Чунки «Интер»га қарши ўйинга ўзингни алоҳида тайёрлаш шарт эмас. Аслида футболчининг ҳақиқий менталитети ҳамма енгил деб ўйлайдиган рақибга қарши майдонга чиққан пайтда намоён бўлади.

Футболда енгил рақибнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун ҳам менимча, йигитлар футболчи сифатида ўсиб боришяпти. Бу ҳам жараён. Жуда узоқ давом этадиган жараён. Бу психология ва менталитет билан боғлиқ. Ўйлайманки, бу уларнинг келажаги учун фойдали бўлади.

Бугун майдонга ёш футболчилар чиқди ва жаҳон чемпионатида иштирок этган Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиларига қарши жуда яхши ўйин кўрсатишди. Бу биз учун ҳам, «Бунёдкор» учун ҳам фахр. Менимча, бугун кўпчилик дебют қилди. Умуман, сўнгги ўйинларда ҳам академиямиз тарбияланувчиларидан кўплаб футболчилар асосий жамоада дебют қилишди. Шунинг учун мен улар билан фахрланаман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бунёдкор Бунёдкор
  • Пахтакор Пахтакор
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар