Live
4
Ўзбек

Вадим Абрамов: «Ўйинимиз менга ёқмади»

Эксклюзив
25 октябр, 15:49
Самарқандликлар устози ўйин ҳақида фикр билдирди.
Вадим Абрамов: «Ўйинимиз менга ёқмади»
Фото: Tribuna.uz
25.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Динамо Динамо 1 : 1 Андижон Андижон

Бугун бўлиб ўтган «Динамо» — «Андижон» (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов иштирок этди.

- Ростини айтсам, ёмон ўйнадик. Умуман олганда, бугунги ўйинимиз яхши чиқмади. Гол урдик, шундан кейин вазиятни назорат қилиш қийин бўлди. Баъзан шундай ҳолатлар бўлади: ўйин қовушмайди, лекин шундай бўлса ҳам ғалаба қозониш мумкин. Бироқ биз яна ўйиннинг сўнгги дақиқасида гол ўтказиб юбордик.
Ўша вазиятда рақиб ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади. Шунчаки, тўпни олдинга узатишди ва рақиб футболчиси дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди. Бу ҳайратланарли, шундай эмасми? Бир хил хатолар такрорланмоқда. Қисқаси, муаммоларимиз етарли.

- Аввало, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида шундай ҳолатлар такрорланаётгани, жамоа ғалабани қўлдан чиқараётгани ҳақида сўрамоқчиман. Бунинг сабаби нимада? Бу муаммони қандай изоҳлайсиз?

- Албатта, буни тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Айтдим-ку, дарвозабон шундай вазиятларда ўзини ишончсиз тутса, ҳимоячилар ҳам унга ишонмай қолишади. Аслида, тўпни сақлаб қолиш керак эди.

Дарвозабон бу каби вазиятларда фаолроқ ҳаракат қилиши лозим. Шунчаки дарвоза чизиғида туриб, тўп келиб ўзига тегишини кутиб турмаслиги керак. У хотиржамлик билан олдинга чиқиб, тўпни эгаллаши мумкин эди. Ҳимоячилар эса дарвозабоннинг ишончсиз ҳаракат қилаётганини кўриб, унинг олдига тўпни олиш учун шошилишади. Тўп анча баланддан келаётганди. Шундай бўй билан олдинга чиқиб, уни эгаллаб олиш мумкин эди. Бу — индивидуал хатолар.

Албатта, бунинг ортида психологик омил ҳам бор. Футболчилар бир-бирининг ҳаракатларидан хавотирлана бошлашади, натижада муаммолар кўпаяди. Ҳимоя чизиғида ҳам муаммоларимиз бор, барча қийинчиликлар шундан келиб чиқмоқда.

- Бугун фақат Штефан ўзининг одатий позициясида ўйнади…

- Ҳимоядаги вазиятни кўриб турибсиз. Афсуски, айрим футболчиларимиз дисквалификация туфайли ўйнай олмади, бошқалари эса жароҳатланган. Шу сабабли ўз позицияларида фақат икки нафар футболчи ҳаракат қилди. Қолганларини бошқа позицияларга қўйишга мажбур бўлдик. Ҳатто дубль жамоасидан биринчи марта асосий таркибда ўйнаган йигит ҳам бор эди. Чап қанотда ҳам мажбурий ўзгариш қилишимизга тўғри келди. Афсуски, бугунги ўйин учун керакли футболчиларнинг барчаси сафимизда эмас эди. Шу боис жамоамиз ўйини шундай кўриниш олди.

- Ёш футболчининг дебюти ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдик.

- Ёш футболчи учун бу яхши тажриба. Ўз ёшига нисбатан олганда, биринчи марта майдонга тушиш, айниқса, уйимизда ўйнаш ҳар доим қийин. Умуман олганда, у нормал ўйнади, жиддий хатоларга йўл қўймади.

Бошқа масала — ҳужумда тўпларни йўқотдик, айрим вазиятларда тўғри қарор қабул қила олмадик. Аммо у ўз вазифасини бажарди. Биринчи марта ўйнаётганига қарамай, кўрсатган фидойилиги учун унга раҳмат айтиш керак.

- «Андижон» бугун қандайдир маънода ҳимоявий футбол намойиш этдими ёки бу шунчаки ўйин давомида юзага келган ҳолатми? Майдон марказида тўп учун кураш тенг кечгани статистикада ҳам кўринди. Сиз жамоангизнинг ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Биринчи бўлимда, аксинча, биз тўпни майдон марказида ушлаб тура олмадик. Шошилиб, ҳужумда футболчиларни бирга-бир вазиятларга чиқаришга ҳаракат қилдик. Ҳужумларда ўзимизни оқламайдиган тарзда тўпларни йўқотдик. Тўпни сақлаб қолиш керак бўлган вазиятларда шошилиб қарор қабул қилдик. Аксинча, зарба бериш керак бўлган пайтларда эса нотўғри қарорлар чиқардик.

Яна бир бор айтаман: бугунги ўйинимиз менга умуман ёқмади. Жамоамиз жуда ёмон кўринди. Аввалги учрашувлардаги ўйинимиз билан таққослаганда, бугунги баҳс энг яхши ўйинларимиздан бири бўлмади», - дея Вадим Карленовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Динамо Динамо
  • Андижон Андижон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар