ОКМК ва «Қўқон-1912» (2:1) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар устози Миржалол Қосимов қатнашди.
- Эндиликда, ўйинга баҳо берадиган бўлсак, энг муҳими, уч очкога эга бўлдик. Осон ўйиннинг ўзи йўқ. Қолаверса, «Қўқон» ҳам яхши жамоа, таркибида ўзига яраша малакали футболчилар ҳаракат қилади. Яна бир жиҳати, рақиб муносиб қаршилик кўрсатди. Сабаби, очколар уларга ҳам сув ва ҳаводек зарур эди. Шунинг учун бор кучини ишга солди.
Шунга қарамай, энг муҳими — ўша уч очкога эга бўлдик. Яна драматик ўйин, яна асабий дақиқалар, яна валидол... Йигитларимиз ҳам қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. 1:0 ҳисобида олдинда бораётганимизда керакли вазиятлардан кўнгилдагидек фойдаланганимизда, ҳисоб бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Бугунги ўйин яна бир бор футболнинг 90 дақиқа давом этишини исботлади. Сал қолса, очко йўқотишимиз мумкин эди. Мухлисларимизга раҳмат!
- Ўйинни одатдагидек бошқара олмадинглар. Бунга рақибнинг ўйини ҳам сабаб бўлдими? Очколар жуда зарур бўлган, турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган жамоага қарши ўйнадингиз. Аммо ташаббус кўпроқ рақиб томонида бўлди, улар бир нечта хавфли вазиятлар яратишди. Бунинг сабаби нимада?
- Сабаби, биринчи навбатда, ўз ўйинимизни намойиш этишимиз керак эди. Иккинчидан, рақиб жамоасининг тактик схемаси ҳам кўриниб турганди — 4-4-2. Улар кўпроқ ҳужумга эътибор қаратишди, узун паслар орқали ўйнашди.
Албатта, хоҳлаймизми-йўқми, ўйин назоратини ўз қўлимизга олишимиз керак. Бизда яхши чиқадиган жиҳатлар бор — қисқа паслар, комбинацион футбол. Аммо биринчи бўлимда «Қўқон»га қулай бўлган услубда, яъни узун паслар орқали ўйнадик. Кераксиз жойларда тўпни йўқотдик, шошқалоқликка йўл қўйдик. Рақиб ҳужумчиларида кўплаб узун паслар узатилди. Натижада иккинчи тўплар учун курашда ютқаздик. Тўпга эгалик қилаётган жамоа ўйинни бошқараётгани яққол кўриниб туради. Лекин биринчи бўлим охирларида ҳам бизда ёмон вазиятлар бўлмади. Ўйинни шу тарзда давом эттиришимиз керак эди.
Биз бу ерда ташаббусни ўз қўлимизга олиб, рақибга ўз ўйинимизни ўтказишимиз лозим эди. Аммо бунинг акси бўлди. Имкониятларимиз бўлганида, ғалаба қозонишимиз керак.
- Шу фикрингизни давом эттирсак. Суперлигадаги ўйинларга ёндашувингиз ўзгариб қолмайдими? Яъни, Кубок ярим финалига чиққанингиздан кейин асосий эътибор Кубокка қаратилиб, чемпионатдаги ўйинларга муносабат бироз сусаймайдими?
- Йўқ, чемпионат барибир муҳим. Мана, ёмон жиҳати ҳам шу — кучни тежашга ҳаракат қиламиз деб, майдонда етарлича ҳаракат қилмай қўямиз. Бугун иккинчи бўлимда ҳам бу яққол кўринди. Тезкор ва яхши вазиятларимиз бўлди. Рақибдан тезроқ югуришимиз, тўпни тезроқ узатишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз ва ҳужумнинг учинчи зонасида фаол ҳаракат қилишимиз керак эди. Аммо кимдир бироз сусткашлик қилди, ўзига ортиқча эркинлик берди.
Шунинг натижасида ҳисоб 1:1 бўлиб қолди. Ҳатто шу ҳисоб ўзгармай қолиши ҳам мумкин эди. Биз ўша вазиятни голга айлантиришимиз, тезроқ ўйнашимиз керак эди.
Керак бўлган пайтда рақиб бемалол ҳужумни бошлади. Биз эса прессингни ишга туширишимиз лозим эди, аммо буни амалга оширмадик. Рақиб хотиржам ҳужум бошлаб, бизнинг ҳудудимизга кириб кела бошлади. Бу ўзимизнинг айбимиз.
Югурмасдан туриб, қандайдир натижага эришмоқчи бўлдик. Футбол — бу динамика, югуриш ва ҳаракат. Фақат шундагина натижага эришиш мумкин. Рақибнинг бир футболчиси майдондан четлатилгани ўйинни ташлаб қўйиб, бемалол ғалаба қозонамиз, дегани эмас. «Қўқон» таркибида ҳам ўзига яраша малакали футболчилар бор. Биз эса ўзимизнинг аҳмоқона хатоларимиз билан уларга имконият яратиб бердик. Натижада шундай ҳолат юз берди.
- Демак, Кубок яримфиналига чиққанингиз Суперлигадаги ўйинларга таъсир кўрсатмайдими?
- Йўқ. Бизда мавжуд футболчилар бор, ротациядан фойдаланамиз. Чемпионатда ҳам таркибда ўзгаришлар бўлади. Лекин ҳар бир ўйинга жиддий ёндашамиз. Мен доим айтаман: футбол мухлислар учун ўйналади. Биз майдонга тушганимиздан кейин, ҳатто битта мухлис келган бўлса ҳам, ўша мухлис учун ўйнашимиз керак. Менинг доимий фикрим шу», - дея Қосимовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.