Live
2
Ўзбек

Андрей Шипилов: «Дарвозабон бундай хатога йўл қўймаслиги шарт эди»

Эксклюзив
25 октябр, 16:26
Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.
Андрей Шипилов: «Дарвозабон бундай хатога йўл қўймаслиги шарт эди»
Фото: Қўқон-1912 ПФК

ОКМК ҳамда «Қўқон-1912» (2:1) ўртасидаги ўйиндан кейин меҳмонлар устози Андрей Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ассалому алайкум! Биз ўйинни жуда яхши бошладик. 23-дақиқага қадар майдонда жуда яхши ҳаракат қилдик. Учта юз фоизлик голли вазиятимиз бўлди. Рақиб ҳали ўйинга киришиб улгурмаганди. Ана шу пайтда вазиятларимизнинг барчасини голга айлантиришимиз керак эди.

Кеча ҳам, бугун ҳам футболчиларимга: «Иккита имконият бўлса ҳам, учта бўлса ҳам, улардан фойдаланиб, гол уриш керак», дедим. Аммо гол ура олмадик. Шундан кейин рақиб дарвозамиз томон тезкор ҳужум уюштирди ва гол урди. 42-дақиқада эса камчилик бўлиб қолдик. Иккинчи таймда нима бўлганини ҳамма кўрди. Рақиб бир нафар футболчи кўп бўлиб ўйнади. Биз эса қўлимиздан келганича ҳимояландик, тактик жиҳатдан тўғри ҳаракат қилишга уриндик. Шу билан бирга, яхши қарши ҳужумларимиз ҳам бўлди.

Учрашув охирига келиб, жамоамиз иккинчи таймдаги ҳаракатлари учун ўзини мукофотлади, десак бўлади. Чиройли ва мантиқан тўғри гол урдик. Аммо ўз дарвозамиздан ўтказиб юборган голни қандай изоҳлашни билмайман. Буни ҳеч қандай мантиқ билан тушунтириб бўлмайди. Демак, бу ерда қандайдир инсон омили бор. Бошқа нима дейишимни ҳам билмайман. Фақат OKMKни ғалаба билан табриклай оламан.

Лекин бугун биз мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмадик. Балки кимдир бошқача фикрда бўлиши мумкин. Умуман олганда, ҳаракат қилдик, курашдик. Аммо футбол хатолардан иборат. Ким камроқ хато қилса, ўша ғалаба қозонади. Биз эса яна оддий вазиятларда хатоларга йўл қўйяпмиз.

- Ҳар ҳолда, ўйинда қизил карточка билан боғлиқ вазият юз берди. Футболчингиз голдан кейин майдондан четлатилди. Ўша дақиқаларда нималарни ҳис қилдингиз? Қизил карточкадан кейинги биринчи реакциянгиз қандай бўлди?

- Оддий инсон сифатида реакциям қандай бўлиши мумкин? Албатта, бу менга ёқмади. Қизил карточка олишга сабаб бўладиган жиддий вазият йўқ эди. Бундай позицияда ўйнайдиган футболчи майдонда янада малакали ва масъулиятли ҳаракат қилиши керак. У жамоани камчиликда қолдирди.

Кийиниш хонасига кирганимиздаги ҳиссиётларимиз шундай эди. Кейин эса 45 дақиқа давомида бир футболчи кам бўлиб, 1:0 ҳисобида ортда бораётган ҳолатда ўйнадик ва гол уришга эришдик. Ўйин тугашига тўрт дақиқа қолганди. Камчиликда бўлсак ҳам, ҳеч бўлмаганда шу битта қимматли очкони сақлаб қолишни истадик.
Яна такрорлайман: бу шунчаки инсоннинг аҳмоқлиги. Бошқа нима дейишни билмайман. Кийиниш хонасига кирдим, ҳеч кимга ҳеч нарса демадим. Бунинг маъноси йўқ эди. Чунки ҳамманинг руҳан тушкун ҳолатда эканини кўриб турибман. Бу учрашувга етти кун давомида жуда жиддий тайёрландик. Мавсум тугашига эса атиги беш тур қолди. Ўз ишига бундай масъулиятсиз муносабатда бўлиш мумкин эмас. Уйга қайтгач, бу ҳақда гаплашамиз.

Ҳозир кийиниш хонасида ҳам вазиятни кўриб чиқдим. У ерда ғайритабиий ҳеч нарса бўлгани йўқ. Зарбани қайтариш мумкин эди.
Шунинг учун яна бир бор айтаман: ким кўпроқ хато қилса, мағлуб бўлади, ким камроқ хато қилса, ғалаба қозонади. Бу — футбол қонуни. Футболнинг қонуни шу.

- Андрей Сергеевич, дарвозабонингиз ҳақида савол бермоқчиман. У жамоага келганидан буён кўп вазиятларда сизларни қутқарган. Аммо бугунги ўтказиб юборилган голда унинг хатоси яққол кўринди. Муҳим паллада жамоаси жонига оро кириши керак: масалан, Мерганов, Эргашев бор. Дарвозабоннинг ўйинини қандай баҳолайсиз? Унинг хатоси жамоага қимматга тушди, деб ўйламайсизми?

- Биласизми, у жамоамизга келганидан бери кўп вазиятларда бизни қутқарган. Ҳозир уни айблаш мумкин, чунки турнир жадвалидаги ҳолатимиз яхши эмас. Жамоа гол ўтказиб юборса, айбни дарвозабондан излаш осон. Дарвозабон — муваффақиятнинг 95 фоизи, дейишади. Лекин унга майдондаги футболчилар ва ҳимоячилар ҳам ёрдам бериши керак.

Бугун ҳам 1:0 ҳисобида олдинда бораётганимизда у иккита сейв амалга оширди. Агар ўша пайтда гол ўтказиб юборганида, ҳозир ҳеч ким бу ҳақда гапирмаётган бўларди. Аммо бугунги голни ўтказиб юбордик. Сиз билан ҳамфикрман: бу ерда жуда қўпол хато бор. Буни тан оламан.

Лекин сиз санаб ўтган дарвозабонлар ўйнайдиган жамоалар ҳам турнир жадвалининг биринчи бешталигида эмас. Жамоа ҳимояда ўйнаганда, дарвозабонлар муайян вазифаларни бажаради, ўйинга киришиб кетади, сейвлар амалга оширади ва тўпларни ушлаб қолади. Аммо диққат билан қарайдиган бўлсак, сиз айтган дарвозабонлар ҳам яқиндаги турларда хатоларга йўл қўйишди. Улар ҳам инсон. Дарвозабонлик — жуда масъулиятли ва хатоси дарҳол натижага таъсир қиладиган позиция. Шунинг учун чемпионатимизда мутлақо хатосиз ўйнайдиган, гўёки девор ёки бетон каби дарвозабонлар бор, деб айтмаган бўлардим. Бу ҳақда кўп гапирмоқчи эмасман. Мамлакатимиз миллий жамоаси халқаро майдонда, жумладан, Чемпионлар лигасида иштирок этаётган жамоалар ҳам бор. Уларнинг дарвозабонлари ҳам хатоларга йўл қўяди.

Сиз билан тўлиқ қўшиламан: дарвозабон бугун бизни қутқариши керак эди. Мен фақат ўз дарвозабонимиз ҳақида гапирмоқчиман. Бошқа дарвозабонлар ҳақида гапирмайман, улар билан мураббийлари суҳбатлашсин.

Сиз тўғри айтдингиз, дарвозабон 90+4-дақиқада ҳам жамоани қутқариши керак. Аммо шу билан бирга, у бундай хатога йўл қўймаслиги ҳам шарт эди.

- Статистикасига кўра, бугун «Қўқон-1912» очколарни энг кўп йўқотган жамоалар орасида иккинчи ўринда турибди. Голли вазиятлардан фойдаланиш даражаси жуда паст. Дарвозабонлар билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Голли вазиятлардан фойдалана олмаётгани учун футболчиларингизга нисбатан қандайдир чора кўришни, масалан, уларни интизомий жазолашни режалаштиряпсизми?

- Йўқ, йўқ. Раҳмат. Бу бизда биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас. Статистикани ва бошқа кўрсаткичларни диққат билан кузатиб боришингизни биламан. Мен ҳам бу масалага жуда жиддий ва синчковлик билан қарайман.

90-дақиқалардан кейин гол ўтказиб юбориш менга жуда оғир ботади. Уйда «Бухоро»га қарши ўйинда ҳам жуда аҳмоқона, мантиқсиз гол ўтказиб юборгандик. Бу ҳақда ҳозир кўп гапирмоқчи эмасман.

Биз жуда кўп очко йўқотдик. Ҳисоблаб, таҳлил қилиб кўрдим: тахминан 12–14 очкони қўлдан чиқарганмиз. Агар шу очколарни олганимизда ва бундай хатоларга йўл қўймаганимизда, ҳозирги вазиятда бўлмасдик.
Бундан ташқари, бошқа жамоалардан ҳам очколарни тортиб олганимизда, улар ҳам турнир жадвалининг юқори қисмида бўлмаслиги мумкин эди. Балки улар ҳам биздан пастроқда юришарди.

«Андижон»да ҳам 1:0 ҳисобида олдинда бораётганимизда худди шундай гол ўтказиб юборгандик. Умуман, бундай ҳолатлар кўп бўлди. Бугунги ўйинни ҳам ҳисобга олсак, менинг ҳисоб-китобим бўйича, камида 14–15 очко йўқотганмиз. Бу энг кам ҳисоб-китоб, яъни энг эҳтиёткор ҳисоб-китобим.

Самарқандда ҳам ижобий натижага эришишимиз мумкин эди. Самарқанд жамоасига қарши уйдаги учрашувда ҳам ғалаба қозонишимиз керак эди.
Албатта, бу ҳақда истаганча гапириш мумкин. Бошқа мураббий ўз жамоаси ҳақида гапириб, аслида улар ғалабага яқин бўлганини айтиши мумкин. «Қўқон» ҳақида ҳам бошқалар ўз нуқтаи назаридан фикр билдиришади. Мен эса ўз фикримни айтяпман. Сизнинг фикрларингизга 99 фоиз қўшиламан.

Лекин баъзан компьютер ҳам ишдан чиқади, унга вирус тушиши мумкин. Шундай пайтда энг ишончли усул — қоғоз ва ручкадан фойдаланиш. Баъзан статистика берувчи дастурлар, биринчи ёки бешинчи сайтлар ҳам қандайдир сабабларга кўра нотўғри маълумот бериши мумкин. Шунинг учун менинг фикримча, энг ишончли воситалар — ручка, қоғоз ва инсоннинг боши», - дея Шипиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • OKMK OKMK
  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар