Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган «Бунёдкор» — «Пахтакор» учрашуви бошқа стадионда ўтказилишини маълум қилди.
Лига баёнотига кўра, «Бунёдкор» стадиони майсаси ҳали тўлиқ тикланмаган. Шу сабабли Тошкент дербиси «Пахтакор» стадионига кўчирилди.
Аввалроқ Суперлиганинг 12-туридаги «Бунёдкор» — «Насаф» баҳси ҳам худди шу сабаб туфайли «Олимпия» стадионида ташкил этилганди.
ПФЛнинг таъкидлашича, ёзнинг жазирама об-ҳавоси туфайли мамлакатдаги бир қатор стадионлар майсасида муаммолар юзага келган. Агрономлар «Бунёдкор» стадиони чимини мавсумнинг иккинчи қисмига тайёрлаш устида ишлаётган бўлса-да, Лига ишчи гуруҳи майдонни ҳозирча Суперлига талабларига жавоб бермайди, деб топган.
Шу боис «Бунёдкор»га камида яна бир тур ўз стадионида расмий баҳс ўтказишга рухсат берилмайди.
Қайд этиш жоиз, ПФЛ аввал ҳам Термиз ва Бухородаги стадионлар майсаси талаб даражасида бўлмагани сабабли айрим баҳсларни бошқа шаҳарларга кўчиришга мажбур бўлганди.


Foto: PFL
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади