Бугун
4
Ўзбек

Инфантино: «Сиз нафрат ва ёлғон билан банд бўлганингизда, биз дунёдаги энг зўр спорт шоусини ўтказдик»

Футбол
27 июл, 06:28
FIFA президенти ташкилотни ва Жаҳон чемпионатини танқид қилганларга кинояли мурожаат йўллади.
Инфантино: «Сиз нафрат ва ёлғон билан банд бўлганингизда, биз дунёдаги энг зўр спорт шоусини ўтказдик»
Foto: Getty Images

FIFA президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионати танқидчиларига жавоб қайтарди.

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтди. Финалда Испания Аргентина устидан қўшимча бўлимларда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Менинг мурожаатим ҳаммага...

Гўзал ўйинимизни, ҳис-туйғуларни, байрамларни, кулгуни, кўз ёшларни ва қувончни ўтказиб юборган барчага. Болалар, чақалоқлар, ота-оналар, бобо-бувилар гўзал футбол туфайли бир жойга жам бўлганини кўра олмаган барчага. Ўйинлар якунлангани учун ва сиз бу қувонч ҳамда бирдамликни ҳис қила олмаганингиз учун узр сўрайман. Нафрат ва танқид билан шу қадар банд бўлганингиз сабаб буларнинг барчасини ўтказиб юборганингиз учун ҳам узр.

Қўлида қалам ва қоғоз билан экран ортида ўтириб, нафрат ва ёлғон миш-мишларни тарқатаётганларга шуни айтмоқчиманки, сиз четда ўтирганингизда, биз FIFA'да олдинги сафдамиз — мусобақани ташкил этяпмиз, тинмай меҳнат қиляпмиз ва дунёдаги энг буюк спорт томошасини ўтказяпмиз. Сиз яшириниб ўтирганингизда, биз Канада, Мексика ва АҚШ кўчаларида юриб, мухлислар билан мулоқот қилдик, одамлар билан яқиндан ишладик ва ҳар бир инсоннинг хавфсизлигини таъминладик. Сиз барчани ажратаётган бир пайтда, биз бирлаштирдик. Инсонлар оила сифатида, мухлис сифатида, ягона жамоа сифатида бирлашди.

Бу Жаҳон чемпионати инсониятнинг энг яхши фазилатларини намоён этди. Кичик давлатлар миллий жамоаларининг энг нуфузли баҳсларда ғурур билан майдонга тушганини кўрдик. Улар ўзига ишонди, ҳақиқий профессионаллардек ҳаракат қилди ва ўз мамлакатларига фахр бағишлади. Энг муҳими, улар ҳар қандай инсон, қаердан келганидан қатъи назар, футбол оламида ўз ўрнига эга бўлиши ва муваффақият қозониши мумкинлигига умид берди. Биз барчамиз тенгмиз — мухлислар ҳам, футболчилар ҳам, оддий инсонлар ҳам. Биз FIFA'да муҳаббат, қувонч ва бирдамликка тўла шу лаҳзаларни кўриб, беқиёс фахр ва кучли ҳис-туйғуларни бошдан кечирдик.

Бизга нисбатан нафратга вақтини ва кучини сарфлаётганлардан бир дақиқа бўлса-да ўйлаб кўришни, тафаккур қилишни, ибодат қилишни ёки шунчаки футбол ўйинини томоша қилиб, одамларнинг чеҳраси, кўзи ва ҳис-туйғуларини кузатишни сўрайман. Чунки фақатгина бизнинг гўзал ўйинимиз шундай ноёб манзарани ярата оладики, унда барча бир бутунга айланади ва яна бирлашади.

Қалам ва қоғоз эгаларига, экран ортидагиларга шуни тилайман: орқангизда турган инсонлар топа олмаган муҳаббат ва хотиржамликни сиз топинг. Биз FIFA'да эришган уйғунликка сиз ҳам эришинг. Бу уйғунликни тарихдаги энг ажойиб футбол бўйича Жаҳон чемпионатини ташкил этиш орқали намоён этдик. Футбол ҳар қандай нафратдан устун бўлсин.

Ниҳоят, FIFA президенти сифатида бу улкан томошага, гарчи кичик бўлса ҳам, ўз ҳиссамни қўшганимдан беқиёс фахрланаман. Бу — ажойиб туйғу!»
— дейилади Инфантинонинг мурожаатида.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Жаҳон чемпионати Жаҳон чемпионати
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

20+ изоҳ +1 та янги
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар