Бугун
4
Ўзбек

Мирко Еличич: «Биринчи бўлимдаги ўйиндан мутлақо мамнун эмасман»

Эксклюзив
27 июл, 15:15
«Локомотив» устози «Сўғдиёна»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Мирко Еличич: «Биринчи бўлимдаги ўйиндан мутлақо мамнун эмасман»
Фото: Локомотив ПФК
27.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент 3 : 1 Сўғдиёна Сўғдиёна

«Локомотив» клуби ушбу турда яна ўз уйида ўйнади. Бу сафар Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасини қабул қилди. Мазкур баҳсда 3:1 ҳисоби қайд этилди.
Ўйиндан кейин эса мезбонлар бош мураббийи Мирко Еличич матбуот анжуманида қатнашди.

- Ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин ҳақидаги фикрингиз?

- Чиройли ўйин бўлмади. Айниқса, биринчи бўлимдаги ўйинимиз жуда ёмон бўлди. Биринчи бўлимдан умуман қониқмадим. Тўпни назорат қилишимиз ҳам, у билан ишлашимиз ҳам, ҳимоядаги ҳаракатларимиз ҳам кўнгилдагидек бўлмади. Иккинчи бўлимда эса вазиятни тўғриладик. Чунки биринчи бўлимдагидек ўйнайверсангиз, бемалол бир ёки иккита гол ўтказиб юборишингиз мумкин, шунда ўйин бутунлай ўзгариб кетади. Нима сабаб бўлганини билмайман, балки кайфият ёки руҳий ҳолат таъсир қилгандир. Лекин биринчи бўлимдаги ўйинимиздан мутлақо мамнун эмасман.

- Бугун ҳимоячилар кетма-кет хатоларга йўл қўйди. Бунга рақибнинг босими сабаб бўлдими ёки бошқа омиллар борми?

- Билмайман. Баъзида шундай ўйинлар бўлади, сабабини топиш қийин. Бугун бироз бошқача тактик схемада ўйнадик. Зотеев таркибда бўлмагани учун уч нафар марказий ҳимоячи билан тушишга қарор қилдик. Аммо бу схемада анчадан бери ўйнамагандик. Балки шунинг учун айрим вазиятларда тушунмовчиликлар юзага келгандир. Шунга қарамай, жуда оддий хатолар ҳам кўп бўлди. Бу эса бизга қимматга тушди. Биринчи бўлимда ҳужумни бошлаб чиқишда қийналдик ва шу сабаб муаммолар юзага келди.

- Муҳаммадали Раҳимовни кетма-кет бир неча ўйиндан бери кўрмаяпмиз. Унга нима бўлди?

- Раҳимов жароҳат олган. Миллий жамоадан қайтгач, бу муаммо юзага келди. Бу аниқ факт. Қайтгач, уни бироз таваккал қилиб майдонга туширдик. Мен ундан ҳолатини сўраб турдим, лекин барибир ноқулайлик сезаётган эди. Кейин келажакни ўйлаб, тўлиқ соғаймагунча таваккал қилмасликка қарор қилдик. Жароҳати жиддий эмас, аммо барибир халақит бермоқда. Тахминан бир ярим ой олдин ҳам шундай оғриқ сезганди. Кейин ўтиб кетгандек бўлди, аммо машғулотларда яна безовта қила бошлади. Шу сабаб уни тўлиқ тузалгунча асраяпмиз.

- Жамоани бир нечта футболчи тарк этди, аммо трансферлар ойнасида янги футболчилар олинмади. Бунга молиявий ҳолат сабабми ёки мавжуд таркибдан қониқасизми?

- Агар бизга бошқа футболчилар керак бўлганида, албатта уларни олардик. Лекин биз ёш футболчиларимизни йўқотишни истамаймиз. Улар бу даражада ўйнашга тайёр. Агар янги футболчиларни олиб келсак, ёшларнинг ўйин вақти камаяди. Албатта, улар ҳали хато қилади, айрим имкониятларни қўлдан чиқаради, лекин айнан шундай йўл билан тажриба тўплайди. Акс ҳолда улар захирада ёки дублда ўтириб қолади. Бизнинг мақсадларимиз учун янги футболчилар олиш зарур деб ҳисобламадик.

- Жамшид Саидов ёрдамчи мураббий сифатида ишларди, кейин «Қизилқум»га кетди. Бу сизнинг режаларингизга қанчалик таъсир қилди?

- Унчалик катта таъсир қилмади. Албатта, афсусландик, чунки у бизга жуда кўп ёрдам берарди. Характери ҳам жуда яхши эди, футболчилар билан ишлашни биларди, кўп масалаларда фойдаси тегарди. Шу жиҳатдан биз яхши мутахассисни йўқотдик. Аммо ҳозир Содиқ ўз зиммасига кўпроқ масъулият оляпти. У қилаётган ишларига яна бироз қўшимча қилди. Бу унинг ўзи учун ҳам фойдали бўлди. Ҳозир бу вазифаларни Содиқ кўпроқ бажаряпти.

- Николай Иванов мавсумнинг биринчи қисмида асосий таркиб футболчиси эди. Танаффусдан кейин эса кўпроқ захирадан майдонга тушмоқда. Бунинг сабаби нимада?

- Иванов келган пайтда жуда яхши спорт формасида эди. Ўша вақтда Йован камроқ ўйнарди, чунки Николайнинг формаси яхшироқ эди. Ҳозир эса аксинча - Йован яхши ҳолатга келди. Аслида иккаласи ҳам деярли бир хил услубдаги футболчилар, таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўйнайди. Уларни бошқа позицияга мослаштириш қийин. Шунинг учун ҳар иккисини ҳам ишлатамиз. Ўйин давомида футболчини тез-тез алмаштиришни ҳам истамаймиз, чунки у ўйин ритмини йўқотади. Иванов барибир биз билан ўйнайди. Ҳозирча Йованга бироз кўпроқ амалиёт беряпмиз, кейин эса вазиятга қараб қарор қиламиз», - дея бош мураббийнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент
  • Сўғдиёна Сўғдиёна
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар