Суперлиганинг 16-турида «Навбаҳор» ўз уйида «меҳмон» сифатида «Сурхон»га қарши майдонга тушди. Ўйин 1:0 ҳисобида наманганликларнинг фойдасига ҳал бўлди. Жамоа бош мураббийи Темур Кападзе одатдагидек матбуот анжуманида қатнашди.
- Биринчи навбатда ҳозиргина хабарим бўлди, «Навбаҳор» мухлисларининг олдинги раиси Абдулло ака вафот этибди, таъзия билдирамиз. Жойи жаннатдан бўлсин, жамоанинг ашаддий мухлисларидан бири эди. Стадионга келиб шу нарса бўлибди, жамоа номидан таъзия билдирамиз. Ўйинга келадиган бўлсак, қийин учрашув бўлди. «Сурхон» ҳеч кимга осонликча таслим бўлмаяпти. Ҳар бир жамоа билан курашяпти. Тўп билан яхши муомала қилади. Тайёргарлик кўрдик. Ўтган ўйиндаги 5 та голдан кейин футболчиларга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Албатта, ўзига ишонч ва бироз бўшашиб қолиш эҳтимоли бор эди. Уларга қийин учрашув кутаётганини тушунтирдим ва амалда ҳам шундай бўлди. Имкониятларимиз бўлди, голлар урганимизда осонроқ бўларди. Асосийси, ғалаба қозондик, уларни хурсанд қилдик. Ростдан зўр қўллаб туришди. Иккала жамоа курашди. Қийин вазиятлар ҳам бўлди. Мухлислар яхши далда беришди. Мухлислар балки кўпроқ голлар кутишгандир, аммо 1:0 бўлди, майли насиб. Асосийси, уч очкони қўлга киритдик. Кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.
- Сўнгги учта турда асосий таркибга тегмадингиз. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Қаердадир жароҳати бўлса ёки яхши ўйин кўрсатмаса барибир қарайсиз. Ритмда яхши кетяпти. Ўтган учрашувда ҳам яхши ўйнашди. Шунинг учун таркибга тегмадик. Яхши футболчиларни жамлаганмиз. Бир-бирига муносиб. Улар бир-бирига мослашиб кетишгани учун таваккал қилмадик. Кейинги учрашувларга қараймиз. Ўйиндан-ўйинга чарчоқлар бўлади. Ўтган ўйиндан кейин бугунги баҳсда кўп футболчиларда чарчоқ сезилди. Ким бошланғич таркибда, ким захирадан тушган бўлса ҳам яхши ҳаракат қилди. Албатта, хатолар бўлди. Қандайдир хавотирли жойлари бўлди. Ишончлироқ ўйнаса бўларди. Буни тушунамиз, футболни ичидамиз, бу ҳолат бўлиб туради. Таҳлил қилиш учун яхши ўйин бўлди. Айрим жойларда яхшироқ ўйнасак бўларди.
- Трансфер ойнаси ҳали очиқ. Таркибда яна янги ўйинчилар пайдо бўлиши мумкинми?
- Яна қараётгандик, айрим футболчиларни олиш ниятимиз ҳам бор эди. Уларни шартномаси борлиги учун қийин вазият бўляпти. Лекин таркиб яхши шаклланган. Ҳозирги кунда шу таркиб билан олдимизга қўйилган вазифани бажарсак бўлади.
- Абдулла Абдуллаевни қачон таркибда кўрамиз?
- Кутяпмиз, у ҳам жамоага катта куч бағишлайди, даражасини яхши биламиз. Индивидуал ҳаракат қиляпти. Миллий жамоа сафида Португалияга қарши учрашувда жароҳат олганди. Анча вақт ўтди, аста-секин қўшилади.
- Биринчи даврада Тошкентда ўйнаб юрган пайтларда тезроқ Наманганга қайтишни хоҳлаётганингизни, бу бошқача бўлишини айтардингиз. Жамоа билан қайтгач, сиз кутгандек бўляптими?
- Албатта, бу бошқача муҳит. Ўзимизни мухлислар қаршисида ўйнаш, уларни олқишлари ва аурасини сезиш ёқимли. Футболчиларга яхши куч, кайфият, ишонч бағишляпти. Тушуниб турибмиз, бу футбол ва ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мухлислар учун ўйнаймиз. Ҳар бир ғалабада биз билан шерик бўлиб хурсанд бўлишаётгани ажойиб. Шунча ишқибоз келяпти, бу байрам. Биз билан бирга ҳар бир эпизодда курашишяпти, сиқилишяпти, биз уйдамиз. Ҳаммаси яхши ва шунақа ғалабалар билан уларни хурсанд қиляпмиз. Худо хоҳласа, давом этамиз. Бу маъсулиятни ҳам ўзимизга олганмиз. «Навбаҳор» мухлислари бунга лойиқ. Уларга раҳмат айтаман. Ашаддий ишқибоз ҳар доим жамоаси ёнида туришади. Кейинги ўйинларда ҳам уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Темур Кападзе: «Ҳозирги таркиб билан олдимизга қўйилган вазифани бажарсак бўлади»
Эксклюзив
7 август, 15:01
«Навбаҳор» бош мураббийи «Сурхон»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Фото: Навбаҳор ПФК
07.08.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Сурхон
0
:
1
Навбаҳор