Суперлиганинг 16-турида «Локомотив» клуби «Динамо»ни қабул қилди. Қизиқарли ўтган учрашув 2:1 ҳисобида тошкентликларнинг фойдасига ҳал бўлди.
Учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Мирко Еличич матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
- Бугун жуда оғир ўйин бўлди. «Динамо»га қарши учрашувлар доим қизиқ ва яхши ўтади. Улар очиқ футбол ўйнайдиган жамоа. Биз ҳам очиқ футболни маъқул кўрамиз, шунинг учун ҳар сафар томошабоп баҳс юзага келади.
Менимча, бугун ҳам шундай бўлди. Рақиб баъзи жиҳатларда биздан яхшироқ ҳаракат қилди. Лекин футбол шундай ўйин: баъзан яхшироқ ўйнаб ҳам мағлуб бўласиз, баъзан эса бироз омад билан уч очкога эга чиқасиз. Энг муҳими, ғалаба қозондик ва энди олдинга интилишда давом этамиз.
- Козлов қизил карточка олганидан кейин тактик жиҳатдан қандай ўзгаришлар қилдингиз?
- Албатта, бу жуда қийин вазият эди. Никита узоқ вақт ўйин амалиётига эга эмасди. Бугун унга имконият бердик, лекин бундай ҳолат унга ҳам руҳий босим бўлди. Ёш футболчи учун бундай хатодан кейин ўзига келиш осон эмас. Шунга қарамай, у курашди ва ҳаракат қилди.
- Кейинги пайтларда жамоангизда ўйинга алоқаси бўлмаган ҳолатлар такрорланяпти. Илгари дарвозабон билан, кейин Абдулла Йўлдошев билан ва энди эса Козлов. Бу келажакда муаммога айланмайдими?
- Йўқ, бундай деб ўйламайман. Масалан, Абдулла билан бўлган воқеада кўпчилик вазиятни нотўғри баҳолади. Ўша ҳолат тўлиқ ва тўғри таҳлил қилинмади. Менимча, у ерда Абдулланинг айби катта эмасди. Балки ўша вазиятга аралашмагани яхшироқ бўларди, аммо жанжални бошлаган ҳам у эмас.
Бундай ҳолатлар баъзан бир лаҳзада содир бўлади. Энг муҳими, футболчи бундан тўғри хулоса чиқариши. Айрим вазиятлар ўнлаб ўйиндан ҳам кўпроқ сабоқ бериши мумкин. Агар футболчи шу хатолардан ўрганса, кейинчалик янада кучли ўйинчига айланади.
- Бугунги учрашувда ўнг қанот биринчи бўлимда яхши ишламаётганди. Кейин футболчини чап қанотга ўтказдингиз. Бу қарорингиз ҳақида изоҳ берсангиз.
- Биз рақибнинг ўйинини таҳлил қилган эдик ва қаердан устунликка эришиш мумкинлигини ҳисоблаб чиққанмиз. Санжар орқали қанотдан тезлик билан ҳужум қилишни режалаштирган эдик. У ўз вазифасини яхши бажарди.
Жумбобоев жисмонан кучли ҳимоячи. Шунинг учун унинг қаршисида техник жиҳатдан кучлироқ футболчи ўйнаши керак деб ҳисобладик. Шу вазифани Суҳробга топширдик. У вазиятни яхши назорат қилди ва қарор ўзини оқлади.
- Ўтган турдан кейин рақиб мураббийи Абрамов «Локомотив» биздан икки кун кўпроқ дам олади» деганди. Бу устунлик сизларга қанчалик ёрдам берди?
- Менимча, бу каби тақвим масалаларини ҳозир сунъий интеллект ёки автоматик тизимлар белгилайди. Буни мураббийлар назорат қилмайди. Биз назорат қила оладиган нарсаларга эътибор қаратамиз. Керак бўлса, бир кун оралаб ҳам ўйнаймиз. Бу ҳақда ортиқча ўйламаймиз. Машғулотлар, тайёргарлик ва тактик режалар — мана шу биз назорат қила оладиган жиҳатлар.
- Жасурбек Яхшибоев ҳақида савол. Бир вақтлар жуда сермаҳсул футболчи эди. Ҳозир эса кўпроқ захирада қолмоқда. У «Локомотив»да ўз фаолиятини қайта тиклай оладими?
- Мен футболчидан доим юқори сифат талаб қиламан. Лекин баъзан ўйиндан ташқари омиллар ҳам бўлади. Жасурбек яқинда жароҳатдан қайтди. У даволанишдан кейин энди машғулотларга қўшилди. Ҳозир биз унинг кучли томонларидан қаерда яхшироқ фойдаланиш мумкинлигини излаяпмиз. Менимча, у ҳужумда бизга катта ёрдам беради. Аммо бугунги ўйин унинг услубига мос келмасди.
Ҳозирча жисмоний тайёргарлиги тўлиқ эмас. Замонавий футболда нафақат тўп билан, балки тўпсиз ҳам олдинга ва орқага катта ҳажмда ишлаш талаб қилинади. Бунинг учун унга яна вақт керак. Аввал ҳам Машарипов ва Шодиёр билан шундай ҳолат бўлган. Улар ҳам аввал алмаштириш орқали майдонга тушиб, кейин тўлиқ ўйинларга тайёр бўлишган.
Жасурбекнинг ўзига хос юқори даражадаги сифатлари бор. Биз айнан шу сифатларидан тўғри вақтда фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Яқин орада у албатта кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлади. Бугун эса биз кўпроқ ҳимояда ҳаракат қилишимиз керак эди. Балки қарши ҳужумларда у фойда келтириши мумкин эди, аммо бундай қарор маълум хавфларни ҳам келтириб чиқарарди. Шунинг учун бугунги режамизни шундай туздик», - дея Мирко Еличичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.