Бугун
16
Ўзбек

Вадим Абрамов: «Аслида ҳимоячиларимизга иккинчи даврада жиддий эътирозим йўқ. Бугунги ўйин истисно бўлди»

Эксклюзив
7 август, 15:58
«Динамо» бош мураббийи «Локомотив»га қарши баҳсдан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Вадим Абрамов: «Аслида ҳимоячиларимизга иккинчи даврада жиддий эътирозим йўқ. Бугунги ўйин истисно бўлди»
Фото: Tribuna.uz
07.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент 2 : 1 Динамо Динамо

Тошкентда ўтган «Локомотив» ва «Динамо» (2:1) ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманила қатнашди ва саволларга жавоблар қайтарди.

- Ҳаққоний мағлубият бўлди. Афсуски, биринчи бўлимдаёқ кучимиз етишмаётгани сезилди. Буни ҳатто қизиш машқлари пайтида ҳам кўриш мумкин эди — жамоа бу ўйинга тўлиқ тайёр эмаслиги билиниб турарди.

Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, дарвозабоннинг хатоси орқали гол урдик ва ҳаммаси яхши кетаяпти, дегандик. Аммо кейин ўзимизнинг жуда оддий хатоларимиз туфайли икки марта гол ўтказиб юбордик.

Иккинчи бўлимда эса, очиғини айтсам, жамоамизда ҳужум қилишга куч қолганидан ҳайрон бўлдим. Гол ҳам урдик, лекин уни бекор қилишди. Кейин суриштирсам, аввал дарвозабонга нисбатан қоидабузарликни текширишган, кейин эса бундай ҳолат бўлмаганини айтишди. Шундан кейин тўп қўлга текканини топишди.

Аммо 83-дақиқада «Локомотив» ҳимоячиси хавфли ҳужумимизни қўли билан тўхтатди. Афсуски, ВАР бу ҳолатни кўрмади. Шундай вазиятлар ҳам бўлиб туради. Баъзан ВАР сенга ёрдам беради, баъзан эса сенинг зарарингга ишлайди.
Қандай бўлмасин, «Локомотив»ни ғалаба билан табриклайман. Улар тикланиш учун бизга нисбатан икки кун кўпроқ вақтга эга бўлишди. Энди кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

- Ғалабалар сериясидан кейинги бу мағлубият оғир кечдими? Хожимирзаев ва Амоновнинг йўқлиги жамоага қанчалик таъсир қилди?

- Албатта, захира ўриндиғимиз анча қисқариб қолди. Бу об-ҳавода майдонга тушаётган футболчиларнинг юки икки баравар ошади. Бундан ташқари, олдинги ўйинда жуда кўп куч ва ҳиссиёт сарфладик, кўп югурдик. Кейин тикланиш, сафар ҳам бўлди. Буларнинг барчаси ўз таъсирини кўрсатди.

Ҳеч қайси жамоа доим ғалаба қозонавермайди. Албатта, икки ўйинда тўрт очко йўқотганимиз аламли. Энди эса тикланишимиз керак. Кейинги ўйингача бир ҳафта вақт бор. Йигитларга икки кун дам берамиз ва кейин тайёргарликни бошлаймиз.

- «Локомотив» асосий дарвозабони қизил карточка олганидан кейин тактик режаларингизни ўзгартирдингизми?

- Ҳа, албатта. Асосий дарвозабон ўйнаганда у ҳужумларни бошқаришда ҳам муҳим вазифани бажарарди. Шунинг учун биз бунга тайёрланган эдик. У майдонга тушмаганидан кейин рақибнинг бошқача ўйнашини билардик. Шу сабабли футболчиларга кўпроқ узоқдан зарба бериш вазифасини қўйган эдик. Лекин ўйин шундай кечдики, дарвоза томон атиги бир марта зарба бердик. Шу жиҳатдан футболчиларимга эътирозим бор. Зарба бериш мумкин бўлган вазиятларда ҳам улар бошқа ечим қидиришди.

- Жамоангиз ҳозир ҳам кучли рақиблар билан тенгма-тенг ўйнаяпти. Бунинг сири нимада?

- Аввало, раҳбариятга раҳмат айтмоқчиман. Улар футболчилар олдидаги қарзларнинг асосий қисмини тўлашга муваффақ бўлишди. Майда қарзлар қолган, лекин улар ҳам яқин вақтда ҳал бўлади, деб ўйлайман. Албатта, таркибни шакллантириш билан боғлиқ муаммоларимиз бор. Захирамиз қисқарди, бир нечта футболчи жароҳат олди, айримлари жамоани тарк этди.

Ҳозир уларнинг ўрнини босадиган футболчиларни излаяпмиз. Рўйхатга олиш ойнаси ёпилишига уч кун қолди. Илгари бу ҳақда ўйламаган эдик, аммо ҳозирги вазият туфайли таркибни кимлар билан кучайтириш мумкинлигини кўриб чиқяпмиз.

- Ҳимоядаги хатолар ҳақида нима дейсиз?

- Бу ерда изоҳнинг ўзи ортиқча. Ўтказиб юборган голларимиз позицион хатолар оқибати бўлди. Бу эса чарчоқ ва диққатнинг сусайиши билан боғлиқ. Сиз тўғри айтдингиз, бу биринчи бўлимдаёқ сезилди. Инсон чарчаганда майдонда тез ва тўғри қарор қабул қилиш қийинлашади. Бу хатолар ҳам айнан шундан келиб чиқди. Қизиш машқларидаёқ футболчиларда одатдагидек енгиллик ва тетиклик йўқлигини кўргандим. Кейинроқ бироз очилишди, аммо бу кўпроқ ҳисоб билан боғлиқ эди. «Локомотив» натижани ушлаб қолишга ҳаракат қилди, биз эса олдинга ўтдик. Лекин жисмоний жиҳатдан биз устун эдик, деб айта олмайман. Куч етишмаётгани аниқ кўриниб турди.

- Улуғбек Ҳошимовни ижарага қўйиб юборганингиз ҳақида нима дейсиз? У «Хоразм»да голлар уряпти…

- Ҳа, биз унга ёрдам беришни истадик. Бизда унинг ўйин амалиёти бўлмасди. Бундай футболчини захирада ушлаб туриш ҳам тўғри эмас. У бизга келганида жуда яхши бошлаган эди. Кейин турли сабабларга кўра ўйин амалиёти камайди. Футболчи мунтазам ўйнамаса, ҳар қандай касб эгаси каби маҳорати ҳам пасаяди. Шунинг учун бошқа жамоага бориб кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишига имконият бердик. Амонов ва Хожимирзаевнинг жароҳат олишини олдиндан билмаганмиз. Агар улар сафда бўлганида ҳам ўша футболчига имконият кам бўларди. Ёш футболчиларимиз ҳам бор. Энди мавжуд таркиб билан ишлаймиз.

- Рустам Турдимуродов билан музокаралар кетяптими?

- Ҳа, музокаралар олиб боряпмиз. «Пахтакор» билан келишувга эришдик. Энди ҳаммаси футболчининг ўз қарорига боғлиқ — келишни истайдими ёки йўқ.

- Легионерлар билан боғлиқ молиявий муаммолар кейинчалик ФИФА санкцияларига олиб келмайдими?

- Йўқ, легионерлар билан барча масалаларни келишиб олганмиз. Улар кетишидан олдин ҳамма даъволарини ҳал қилдик. Шунинг учун бу борада муаммо бўлмаслиги керак, деб ўйлайман.

- Жамоа марказий ҳимояни янада кучайтириш учун трансфер қиладими?

- Йўқ. Аслида ҳимоячиларимизга иккинчи даврада жиддий эътирозим йўқ. Бугунги ўйин истисно бўлди. Оддий хатоларга йўл қўйдик. Менимча, бу ҳам чарчоқ билан боғлиқ. Мавсумни ҳозирги таркиб билан якунлаймиз. Асосий муаммо ҳужум чизиғида бўлиши мумкин. Ёшлар терма жамоаси йиғини бошлангач, Абдураҳмонов ва Нурматжонов ҳам кетади. Агар улар ҳам бўлмаса, ҳужумда танқисликка дуч келамиз.

- Анвар Хожимирзаев ҳақида фикрингиз. Клубда етакчилардан бири, аммо миллий жамоада ўзини кўрсата олмаяпти. Бунинг сабаби нимада?

- Бу савол менга кўп берилади. Лекин бу миллий жамоа бош мураббийининг ваколатига киради. Мен бу ҳақда фикр билдиришим тўғри эмас. Мавсум бошида миллий жамоада бўлган беш нафар футболчимиз йиғиндан кейин қайтишди. Биз эса қишки тайёргарликни уларсиз ўтказган эдик. Кейин уларни таркибга мослаштиришга тўғри келди. Бу ҳам жамоага маълум қийинчиликлар туғдирди», - дея Вадим Карленовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент
  • Динамо Динамо
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар