Бугун
16
Ўзбек

Моуринё «Реал»да янги қоидалар жорий қилди

Футбол
7 август, 16:08
Қатъий таомланиш, кечикишлар учун жазо жорий этилди, клубдан ташқарида даволаниш эса тақиқланди.
Моуринё «Реал»да янги қоидалар жорий қилди
Foto: Madrid Universal

«Реал» бош мураббийи Жозе Моуринё янги мавсум олдидан жамоада ички тартиб-қоидаларни жиддий ўзгартирди. Испаниянинг AS нашри хабарига кўра, португалиялик мутахассис машғулотлардан ташқари ҳаётга ҳам қатъий назорат ўрнатиб, овқатланиш, интизом ва жароҳатдан тикланиш жараёнларига янги талаблар киритган.

Манба маълумотига кўра, Моуринё Валдебебас базасидаги муҳитни таҳлил қилгач, футболчиларга ортиқча эркинлик берилган, деган хулосага келган. Шунинг учун у биринчи навбатда жамоавий муҳитни мустаҳкамлашга эътибор қаратган. Энди футболчилар ва мураббийлар штаби тушликни бирга қилади. Бу амалиёт аввал мунтазам бўлмаган, аммо Моуринё уни жамоавий бирликни кучайтиришнинг муҳим қисми деб ҳисоблайди.

ASʼнинг таъкидлашича, клубда овқатланиш тизими ҳам тубдан ўзгарган. Энди диетолог маслаҳатчи эмас, балки асосий қарор қабул қилувчи ҳисобланади. Нонушта ва енгил овқатланиш менюси қатъий тартибда белгиланади ва футболчиларнинг шахсий хоҳиши эмас, спорт натижаси устувор аҳамият касб этади.

Интизомга нисбатан ёндашув ҳам янгиланган. Аввалгидек молиявий жарималар қўлланилмайди. Агар футболчи машғулотдан олдин базага бир соат эрта етиб келмаса, у жамоадан алоҳида тарзда мажбурий тарзда спорт залда шуғулланади. Бу қоида барча учун бир хил бўлиб, ҳеч қандай истиснолар кўзда тутилмаган.

Жароҳатдан тикланиш жараёни ҳам тўлиқ клуб назоратига ўтказилган. Футболчилар шахсий мураббийлар билан ишлаши мумкин, аммо барча тикланиш машғулотлари эрталаб ва кечқурун Валдебебас базасида ўтказилади. ASʼнинг ёзишича, Моуринё тикланиш жараёнини ҳам жамоавий ишнинг бир қисми деб ҳисоблайди ва уни максимал даражада назорат қилиш тарафдори. Нашрнинг қайд этишича, янги қоидалар ҳозирча кийиниш хонасида салбий муносабат уйғотмаган ва жамоадаги муҳит сезиларли даражада яхшиланган.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Реал Мадрид Реал Мадрид
  • Испания Ла Лигаси Испания Ла Лигаси
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

5 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар