Бугун Суперлигада 16-тур баҳслари давом эттирилди. «Сурхон» клуби Наманганда номинал мезбон сифатида майдон эгалари – «Навбаҳор»ни «қабул қилди».
Стадион тўла мухлислар билан ўтган ўйинда термизликлар 0:1 ҳисобида мағлубията учрашди. Гарчи «Сурхон» футболчилари рақибга муносиб қаршилик кўрсатганига қарамасдан таблодаги ҳисоб ўзгармасдан қолди.
Учрашув якунлангач, термизликлар бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида фикрларини айтиб ўтди.
- Ўйин жуда қизиқарли, томошабоп ўтди, деб ўйлайман. «Навбаҳор» яхши жамоа ва яхши мураббийга эга. Ўзига яраша ўйин суръати бор, худди шундай бизда ҳам. Ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Балки бутун учрашув давомида ўхшамаган бўлиши мумкин. Йигитларга эътироз жуда кам. Чунки майдонда кўп меҳнат қилишди, катта куч сарфладилар. Яхши ўйнашди, деб ўйлайман. Қолганини ПФЛдагилар ҳал қилишади.
- Биринчи саволим: жамоага нима етишмади, деб ўйлайсиз? Иккинчи саволим: Беҳруз Каримовни ўрни яққол билиняпти...
- Албатта, ўйлайманки, жаҳон чемпионатидан кейин жамоамизда барибир ўзгаришлар бор. Кўп футболчилар жамоани тарк этди, бу ўз йўлига. Бизда ёшлар чиқиб келишяпти ва уларга имконият бериляпти. Бугунги таркиб бўйича бизда футболчиларга катта юклама тушяпти. Деярли 4 та ўйиндан бери ротация қилганимиз йўқ. Барибир футболчиларда чарчоқлар билинади. Талаблар ҳам ўзига яраша. Шу ўйинда ротация қилишга ҳаракат қилдик. Ёшларга имконият берилди ва ўзларини яхши тарафдан кўрсатишди. Кўп вазиятларда менга жуда маъқул бўлди. Келаси учрашувларда ҳам ротацияга қўл уришимиз керак бўлади. Чунки мавсум жуда зич. Ҳар бир жамоада ротация бўлади, бу керакли нарса. Агар сизда захира ўриндиғингиз кенг бўлса жуда яхши. Бутун жамоага катта раҳмат. Ёшлар яхши таассурот қолдиришди.
- Кўпчилик «Сурхон»ни танқид қиляпти. Анча муддатдан бери ўз уйида ўйнамаяпти. Уйга боришни хоҳламаяпти, деган гаплар ҳам бўляпти. Термизликлар учун «Cурхон» иштирокидаги учрашув катта машаққат туғдиряпти. Аслида Сурхондарёдаги вазият қанақа?
- Мамлакатимизда қўштирноқ ичида шунақа гаплар гапирадиган ақллилар кўп. Стадионимиз майдони тайёр бўлмаганидан кейин қаерда ўйнаймиз? Биз ҳам яхши майдонда ўйнашни хоҳлаймиз. Бугун ўз уйимизда ўйнашимиз керак эди. Уйимизда 5-10 минг мухлисимиз қўллаб-қувватлови остида ўйнаганимиз маъқулми ёки Намананган келиб бутун стадион «Навбаҳор»га мухлислик қиладиган стадионда ўйнаган маъқулми? Бунга кўп ақл керак эмас. Ҳар хил гап-сўзларни гапирадиганлар кўп. Лекин вазиятга тўғри қаралса, биз ҳам уйимизда ўйнагимиз келади, 100 фоиз. Уйда деворлар ёрдам беради, дейдиган гап бежиз эмас. Буни мен ўйлаб топганим йўқ. Бу гаплар қанча йиллардан бери ўз тасдиғини топяпти. Ақлли инсонларга айтаман, Ўзбекистон бўйича энг иссиқ жой Термиз бўлса керак. Буни инобатга олишимиз керак. Мана, Тошкентда «Пахтакор» майдони уч ойда нима бўлганини кўрдинглар. Лекин Термизда бундан ҳам иссиқ. Бу нормал ҳолат. Уйимизда мухлисларимиз кўз ўнгида яхши кайфиятда ўйнаш бизга ҳам ёқади. Кимга ёқмас экан? Лекин юқоридаги гап-сўзлар кераксиз, маъноси ҳам йўқ-да. Ўз майдонимиз тайёр бўлмагандан кейин бир иложини қилишимиз керакми? Насиб қилса, энди кейинги уйдаги ўйинимизни Тошкентда ўтказамиз. Лекин бу ҳам бизни уйимиз эмас. Майдон тайёр бўлганида аниқ Термизда ўйнардик.
- Термиздаги стадион майдонини тайёрлаш бўйича қай даражада ишлар олиб бориляпти?
- Албатта, бўляпти. Лекин бу бир кунда бўладиган нарса эмас. «Пахтакор»ни қаранг, қанча пул сарфланган? Уч ойда кетди. Совуққонлик билан тўғри фикрлаб буни қабул қилиш керак. Рейтингги ошиши учун ҳар хил гапларни гапиришади. Аммо бунда маъно йўқ», - дея Ғофуровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Анвар Ғофуров: «Уйда деворлар ёрдам беради, дейдиган гап бежиз эмас. Буни мен ўйлаб топганим йўқ»
Эксклюзив
7 август, 14:01
«Сурхон» устози жамоасининг мағлубиятига изоҳ берди.
Фото: Андижон ПФК
07.08.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Сурхон
0
:
1
Навбаҳор