Россиялик дарвозабон Матвей Сафонов келаси йили «Пари Сен-Жермен»ни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Франциянинг L’Équipe нашри хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, «ПСЖ» яқин вақт ичида «Парма»нинг япониялик дарвозабони Зион Сузукини сотиб олмоқчи. Клубнинг ғояси янги дарвозабонни дарҳол «Ювентус»га ижарага бериш ва келаси ёзда уни жамоанинг биринчи рақамли дарвозабонига айлантиришдан иборат. Таъкидланишича, воқеалар шу тарзда ривожланса, Франция чемпиони Матвей Сафонов ёки Люка Шевалени трансферга қўяди. Барчаси янги мавсумдаги рақобатда ким ғолиб чиқишига боғлиқ бўлади.
Маълумот учун, Матвей Сафонов 2024 йилдан буён «Пари Сен-Жермен» шарафини ҳимоя қилиб келади. Ўтган мавсумда дарвозабон барча мусобақаларни инобатга олганда 26 та ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 27 та гол ўтказиб юборган.