Live
1
Ўзбек

«Раҳбариятдан истеъфомни қабул қилишларини сўрайман» — Андрей Шипилов

Эксклюзив
3 август, 15:08
«Қўқон-1912» бош мураббийи «Сурхон»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Раҳбариятдан истеъфомни қабул қилишларини сўрайман» — Андрей Шипилов
Фото: Қўқон-1912 ПФК
03.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Қўқон-1912 Қўқон-1912 0 : 1 Сурхон Сурхон

Омадсиз иштирокнинг гирдобига тушиб қолган «Қўқон-1912» ушбу турда ҳам мағлубиятли сериясини давом эттирди. Ўз уйида «Сурхон»ни қабул қилди. Ғалаба мезбонларга жуда зарур бўлган бир вазиятда 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Қўқонликлар устози Андрей Шипилов эса матбуот анжуманида раҳбариятдан истеъфо сўраганини айтди.

- Бундай валидолли ўйиндан кейин сўз топиш жуда оғир. Йигитларга бу учрашувнинг нақадар муҳим эканини кўп бор айтдим. Танаффусдан кейин мавсумнинг иккинчи қисмини яхши бошлай олмадик — кетма-кет учта мағлубиятга учрагандик, бугун эса тўртинчиси қайд этилди.

Ўйинда имкониятлар етарлича бўлди. Ҳаммаси битта хатонинг баҳосига бориб тақалди. Танаффусда ҳисоб 0:0 бўлиб турганида ҳам йигитларга: «Болалар, битта хатонинг баҳоси жуда қимматга тушади», деб яна бир бор таъкидладим. Аммо улар кутди, кутди, яна кутди. Нега биз фақат гол ўтказиб юборганимиздан кейингина фаол ва шиддатли ўйнай бошлаймиз? Шуни тушуна олмаяпман.

Иккинчи бўлимни ўзингиз ҳам кўрдингиз. Ҳеч бўлмаганда битта эмас, иккита гол уриш учун ҳам имкониятларимиз етарли эди. Барча алмаштиришларни ҳужумни кучайтириш учун амалга оширдик. Лекин барибир футболчиларга етиб бора олмаяпман.

Самарқандда ҳам яхши ўйнадик, аммо ғалаба қозона олмадик. Бугун ҳам худди шу ҳолат такрорланди. Мен ҳар бир футболчининг фикрига кириб бора олмайман. Фақат бугун энг муҳими натижа эканини айтдим. Бу учрашувда натижа жуда муҳим эди.

Ростини айтсам, бу тўртта мағлубият учун ўзим ҳам қаттиқ уяляпман. Шунинг учун ҳозиргина клуб раҳбарияти билан суҳбатлашдим. Менга ҳам бу ҳолат жуда оғир ботяпти. Шу боис истеъфога чиқишимни сўрайман. Чунки бундай давом этиши мумкин эмас. Вазиятни янада оғирлаштирмаслик учун кескин чоралар кўриш керак.

- «Сурхон» гол урганидан кейин жамоа анча фаоллашди. Унгача эса ўйин унчалик чиқмаётганди. Нима учун шундай бўлди?

- Аввало, бизда тикланиш учун рақибга нисбатан бир кун камроқ вақт бўлди. Буни ҳам инобатга олиш керак. Иккинчидан, бугун майдон одатдагидек тез эмасди. Биз учун тез майдон устунлик ҳисобланарди. Шунинг учун биринчи бўлимни тартибли ва ихчам ўтказишга ҳаракат қилдик. Шунга қарамай, биринчи бўлимда ҳам иккита яхши вазият яратдик. Аммо ҳозир ишларимиз юришмаяпти. Омад биздан юз ўгиргандек. Нега шундай бўлаётганини билмайман. Нима учун футбол худоси бизга меҳрибон эмас — тушунмайман.

Сиз ҳам тўғри айтдингиз. Мен ҳам ҳозир шу ҳақда гапирдим. Биз қандайдир оддий, кутилмаган хатолар сабаб гол ўтказиб юборамиз. Шундан кейин эса жуда катта босим билан ҳужум қиламиз, аммо тўп барибир дарвозага кирмайди. Соҳибжоновни бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди.

- Нимели яхши ўйинаётганди. Шунга қарамай алмаштирилди. Бу қарор нима билан боғлиқ эди?

- Нимели бўйича шуни айта оламанки, бу ҳақда Самарқандда ҳам гапирганман. У узоқ вақт жароҳат сабаб майдондан четда қолди. Тиззасида муаммо бор эди. 14 кун машғулотларда қатнашмади. Кейин қайтиб, атиги тўрт кун жамоа билан тайёргарлик кўрди.

Биз унга ўйин амалиёти беришга ҳаракат қилдик. Бугун ҳам асосий таркибда майдонга тушди. Лекин физиологик жиҳатдан 14 кун машғулотсиз қолган футболчи дарҳол 90 дақиқа давомида юқори суръатда ҳаракат қила олмайди.

- Жавоҳир Сиддиқов ҳам алмаштирилди…

- Жавоҳир билан ҳам худди шундай вазият. У кетма-кет учта учрашувни тўлиқ ўтказди. Бугунги оғир майдонда унга ҳам осон бўлмади. Биз имконимиз борича жамоани тиклашга ҳаракат қилдик. Барча алмаштиришлар кучайтириш учун қилинди. Шаҳрух Годоевни ҳам, Анасни ҳам, Жавоҳирни ҳам майдонга туширдик. Мақсад қанотлар орқали босимни ошириш, кўпроқ узатмалар бериш эди.
Иккинчи бўлимда тўрт-бешта бурчак тўпини амалга оширдик. Рақиб дарвозабони бўй жиҳатидан унчалик баланд эмасди, аммо бугун ҳамма нарса уларнинг фойдасига ҳал бўлди. Биздан омад юз ўгирган. Нима учун бундай бўлаётганини билмайман. Балки кимдир футбол худосини ранжитгандир, билмайман.
Ҳар бир ўйинга жуда жиддий тайёргарлик кўрамиз. Видео таҳлиллар ўтказамиз, назарий машғулотлар бўлади, майдонда барча жиҳатларни машқ қиламиз. Аммо барибир бизга энг оддий нарса — футбол омади етишмаяпти.

- Ёзги танаффусдан кейин жамоа кетма-кет тўртта мағлубиятга учради. Демак, иккинчи даврага тайёргарлик яхши бўлмаган, дейиш мумкинми?

- Йўқ, мен яна бир бор такрорлайман. Биз тайёргарлик даврида доим ҳам тўлиқ таркибда ишлай олмадик. Жавоҳир даволанишда эди. Айрим футболчилар кечроқ келиб қўшилди. Бошқалари кутилмаган жароҳатлар туфайли уч-тўрт кун машғулотларни ўтказиб юборишди. Биз фақат тайёргарлик якунига яқин тўлиқ йиғила олдик.

Мен футболчиларга ҳам айтаман: бир кун машғулот қолдирсанг, унинг ўрнини тўлдириш учун камида уч кун ишлашинг керак. Футболда майда нарсанинг ўзи йўқ. Мен масъулиятни ўз зиммамдан соқит қилмаяпман. Лекин агар биз бир қайиқда эканмиз, ҳаммамиз биргаликда меҳнат қилишимиз, тинмай ишлашимиз керак. Ҳар ким ўзини эмас, жамоани ўйлаши лозим. Акс ҳолда омад ҳам биздан юз ўгиради.
Бугун ҳеч ким чарчоқдан алмаштириш сўрамади. Биринчи бўлимдан кейин Егорни тезлик қўшиш учун алмаштирдик. Ҳисоб 0:0 бўлиб турганидаёқ тезкор ҳужумчини майдонга туширдик. Барча қарорлар жамоани кучайтириш учун қабул қилинди.
Тайёргарликка келсак, қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Тошкентда тўрт ҳафта машғулот ўтказдик, назорат учрашувларини ҳам ўтказдик. Бу ҳақда аввалги интервюларимда ҳам айтгандим.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Сурхон Сурхон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар