Live
1
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Энг яхши футбол ўйнайдиган жамоани сафарда мағлуб этдик»

Эксклюзив
3 август, 15:20
«Насаф» устози жамоасининг ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
Рўзиқул Бердиев: «Энг яхши футбол ўйнайдиган жамоани сафарда мағлуб этдик»
Фото: Насаф ПФК
03.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси OKMK OKMK 1 : 2 Насаф Насаф

Олмалиқда ОКМК ҳамда «Насаф» иштирокида қизиқарли учрашув бўлиб ўтди. Унда меҳмонлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим уч очкони қўлга киритишди.

Қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қуйидагича фикр билдирди.

- ОКМК жамоасини камбэк қилишига бугун йўл қўймадик. Уларда бу одат бўлиб қолган ва охиригача курашади. Энг яхши футбол ўйнайдиган жамоани сафарда мағлубиятга учратдик. Шунинг учун жуда керакли уч очкони қўлга киритдик. Ўйин давомида ташаббус ОКМК тарафида бўлгандир, аммо биз ҳимояда тартибли ўйнадик. Ўйлайманки, муҳим ғалаба бўлди. Бу билан барчани табриклайман. Оғир, қийин, ҳимояга кўп эътибор қаратган ҳолда ўйнадик. Биринчи бўлимда биз яхши қарши ҳужумларга чиқдик. Аммо иккинчи бўлимда ҳисоб 0:2 бўлганида ташаббусни рақибга бериб қўйдик. Бу янада оғирроқ бўлиши мумкин эди. Рақибни камбэек қилишига йўл қўймаганимиздан хурсандмиз.

- Абдувоҳид Неъматов бугунги ғалабага қанчалик ҳиссаси бор?

- Неъматов тажрибали дарвозабон эканини бугун ҳам яна бир бор кўрсатди. Биринчи бўлимда иккита яхши вазиятни бартараф қилди, иккинчи бўлимда ҳам. Гол ўтказилган пайтда ҳам аслида у қутқарганди. Бироқ ҳимоячилар Ўлмасалиевни «ушлаш»га бўшлик қилишди. Ўйлайманки, Абдувоҳидни бу ғалабада ёрдами катта бўлди.

- «Насаф»ни чемпионлик учун курашдаги имкониятлари баланд эмас. Лекин жамоа ОЧЛ2 мусобақасида қатнашади. Трансфер масаласида клубни молиявий ҳолати қандай?

- Молиявий имкониятимиз жуда зўр эмас. Ўзинглар ҳам кўриб турибсизлар, трансфер ойнасида фаол эмасмиз, бунинг сабаби бор. Аммо раҳбариятимиз имкон қадар шароит яратиб беришга ҳаракат қиляпти. Шунга қарамасдан йигитлар майдонда бор кучи билан ўйнашяпти. Бундан икки карра хурсандмиз. Ўтган йилги таркибимиз бу йилгига нисбатан яхшироқ эди. 10 та яхши футболчимиз тарк этди. Ўрнига ёшларни жалб қилганмиз. Шунга қарамай, камида совринли ўринлар учун ҳаракат қилсак бўлади, бунга имкониятимиз бор. «Пахтакор» билан «Нефтчи» бошқа клубларга нисбатан салоҳиятлироқ кўриняпти. Халқаро турнирда ҳам муносиб қатнашишимиз керак. Айрим позицияларга футболчиларни таклиф қиляпмиз. Ўйлайманки, уларнинг нафи тегади.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • OKMK OKMK
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар