Бугун
17
Ўзбек

Сергей Токов: «Айни пайтда биз учун энг муҳими натижа»

Эксклюзив
28 июл, 16:03
«Хоразм» бош мураббийи жамоасининг ғалабасидан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Сергей Токов: «Айни пайтда биз учун энг муҳими натижа»
Фото: Хоразм ПФК
28.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Хоразм Хоразм 1 : 0 Сурхон Сурхон

Урганчнинг «Хоразм» клуби ўз майдонида «Сурхон» жамоасини қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.Анчадан бери ғалаба қозона олмасдан келаётган «Хоразм» ниҳоят ўз мухлисларини хурсанд қилди/ Жамоа устози Сергей Токов матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Аввало, ғалаба билан табриклаймиз. Учрашув ҳақида фикрларингиз?

- Ассалому алайкум. Аввало, мухлисларимизни узоқ кутилган ғалаба билан табриклайман. Ўз майдонингда ғалаба қозониш, албатта, жуда ёқимли. Балки бугун янада чиройлироқ ўйин кўрсатишни хоҳлагандирмиз, аммо айни пайтда биз учун энг муҳими натижа эди. Турнир жадвалидаги ҳолат ҳам шуни талаб қиларди. Сўнгги тўрт-беш учрашувда ғалаба қозона олмагандик. Шу сабабли бугунги ўйин биз учун ниҳоятда муҳим эди. Йигитлар катта меҳнат қилишди, бор кучларини майдонга ташлашди. Табиийки, иккинчи бўлимда бироз ортга чекиндик. Менимча, бу психологик ҳолат билан боғлиқ. Футболчилар ҳисобни сақлаб қолишга ҳаракат қилишди. Аслида эса иккинчи бўлимда ҳам яхши имкониятларимиз бўлди. Иккинчи голни уришимиз керак эди, аммо вазиятлардан фойдалана олмадик. Агар ўша имкониятларни голга айлантирганимизда, ўйин анча енгиллашарди, ҳамма хотиржам бўларди. Олдинда имкониятларни бой берганимиз сабаб ҳимоячилар орасида ҳам асабийлик пайдо бўлди ва улар тобора ортга чекиниб, асосан ҳисобни ушлаб қолишга уриниб қолишди.

Бундан ташқари, айрим позицияларда ижрочилар билан боғлиқ муаммоларимиз ҳам бор. Жароҳатланган футболчиларимиз бор, айримлари учрашувни ўтказиб юборишмоқда. Бугун марказий чизиқда ҳам бироз муаммолар кузатилди ва шу сабаб ўша позицияларда ўзгаришлар қилишга тўғри келди. Аммо бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Энг муҳими, майдонга тушиб, жамоага ёрдам бера оладиган ва натижа кўрсата оладиган футболчиларимиз бор.

Яна бир бор барчага раҳмат айтаман. Шунингдек, бугунги ғалабани мураббийимиз Александрга бағишламоқчиман. У бугун шифохонада операция қилинди. Худога шукр, операция муваффақиятли ўтди. Менимча, айнан шу ғалаба у учун жуда муҳим эди. Футболчилар ҳам буни яхши тушунишди ва мураббийимизни хурсанд қилиш учун албатта ғалаба қозонишимиз кераклигини ҳис этишди.

- Рақибга қарши қандай тайёргарлик кўргандингиз?

- Учрашувга жиддий тайёргарлик кўрдик. Рақиб жамоани яхши билардик. У ерда мен аввал ишлаган кўплаб футболчилар бор. Уларнинг имкониятлари ва ўйин услубини яхши биламан. Рақибнинг заиф томонларини чуқур таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Бизга гол келтирган вазият айнан марказий ҳудуд орқали юзага келди. Режамиз ҳам шу ҳудуддан ҳужумларни ривожлантириш эди. Марказ орқали яна бир нечта яхши имкониятлар яратдик, аммо уларни гол билан якунлай олмадик. Албатта, ҳали ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар кўп. Ҳеч нарса бирданига мукаммал бўлиб қолмайди. Ўйин олдидан кичик кутилмаган ҳолат ҳам юз берди. Бир тактика асосида тайёргарлик кўргандик, аммо марказий чизиқдаги футболчимиз жароҳат олди. Шу сабаб таркиб ва жойлашувга озгина ўзгартириш киритишга мажбур бўлдик. Шунга қарамай, энг муҳими — керакли натижага эришдик.

- Жамоа яратган кўплаб вазиятлардан фойдалана олмади. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

- Менимча, бунинг бир неча сабаби бор. Аввало, биз узоқ вақтдан бери ўз майдонимизда ғалаба қозона олмаётгандик. Шу боис ўйин якунига яқин футболчиларда ҳаяжон кучайди. Айрим вазиятларда эса маҳорат ҳам бироз етишмади. Чунки шундай имкониятлар бўлдики, уларни голга айлантириш шарт эди. Уч-беш метр масофадан дарвозага аниқ зарба бера олмаслик, албатта, афсусланарли ҳолат. Бундай вазиятлардан унумли фойдаланишни истардик.

Биринчи бўлимда ҳам жуда яхши имконият бўлди. Ҳатто тўп икки марта гол бўладигандек туюлди, аммо қандайдир мўъжиза билан дарвозага кирмади. Яна бир эпизодда ҳужумчимиз дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди. У шеригига пас бериши ҳам мумкин эди ёки бўш дарвозага зарба бериши керак эди. Аммо негадир тўғри қарор қабул қилинмади. Балки бунга ҳаяжон сабаб бўлгандир. Жамоамизда янги футболчилар бор. Масалан, Ҳошимов учун бу ўз майдонимиздаги илк учрашув эди. Балки у ҳам ҳаяжон, босимни ҳис қилгандир. Шунга қарамай, у гол урди. Тўғри, эҳтимол бугун учта гол уриши ҳам мумкин эди. Аммо энг муҳими, ҳисобини очди. Бу яхши бошланиш. Менимча, у жамоага тез мослашиб бормоқда», - дея Токовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Хоразм Хоразм
  • Сурхон Сурхон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар