Суперлиганинг 14-тури давом эттирилди. Қаршида «Насаф» ҳамда «Қизилқум» жамоалари ўртасидаги тўқнашувда майдон эгалари ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Мазкур ўйин якунига етганидан кейин «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ғалабага муносиб эдик. Бу ўйин билан ютмасак бўлмасди. Чунки ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Йигитларга раҳмат аймоқчиман. Шошилишмади, ҳужумларда ҳам сабр қилиб кутишди. Бу жуда муҳим эди. Шошилганимизда пала-партишликлар келиб чиқиши мумкин эди. Охиригача курашдик ва ҳақли ғалабага эришдик. Рақиб жамоаларни кўпчилиги бизга қарши дурангни ўйлаб ўйин қуришяпти. Кўпчилик бўлиб ҳимояда ўйнашяпти ва қарши ҳужумда юришини кутяпти. Бир-иккита бўлмаса агар қарши ҳужумларга ҳам имконият бермадик. Яратилган имкониятлардан қайсидир вазиятларда рақиб дарвозабони яхши ҳаракат қилди. Балки ўзимизда совуққонлик етишмагандир. Ўйин тарафдан ҳам, имкониятлар яратишда ҳам, ўйин назорати бўйича ҳам ҳар тарафлама устунлик биз томонда эди.
- Шароф Муҳитдинов майдонга тушганидан кейин ўйин анча кучайди. Нега уни ўйин бошидан майдонга туширмадингиз?
- Иккита ўйинда тўлиқ имконият берганимиз сабабли уни кейинги учрашувга тайёрлаш учун Шарофга бироз дам беришга қарор қилгандик. Яқинда яна ўйин ўтказамиз ва бу учрашувларга у албатта ёрдам беради.
- «Насаф» жарима майдони ичига яхши кириб боради. Лекин охирги зарбани берадиган ўйинчи топилмаяпти? Футболчиларда ўзига бўлган ишонч йўқдек.
- Бу ишончсизлик эмас, совуққонлик йўқлигидан. Жарима майдони ичида ёки атрофида совуққонроқ ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Талаб қилинадигани шу нарса. Бу ҳақида ўйинчиларга кўп уқтирамиз. Лекин, барибир ўйин жараёнида озгина шошқалоқлик қилишади.
- Клубларда, айниқса, водий жамоаларида ютилган ўйинлар эвазига бонус пуллари берилади. «Насаф»да қандай?
- Саволингизга жавоб бера олмайман. Бизда ҳам бўларди. Футболчилар бунақа меҳнати учун мукофотланарди. 90 дақиқа давомида пулс 180 даражада ишлаш оғир нарса. Ҳар бир ўйинда ҳар бир жамоада ғалаба учун рағбатлантириш бор. Ўйлайманки, бизда ҳам бу нарсалар амалга ошади.
- Вилоят ҳокими клубга 10 млрд сўм ажратибди. Бундан хабарингиз борми?
- Билмадим, бу ҳақида эшитмадим, ҳеч қаерда ўқимадим, тўғриси.
- «Насаф» германиялик футболчи билан қизиқаётгани хусусида хабар чиқди. Шу ростми?
- Миш-миш. Германиялик футболчи қаерда ўйнаркан?
- Марказий ҳужумчи.
- Саудияни биринчи лигасида ўйнаганми?
- Германияда ва U21 жамоасида ўйнагани тўғрисида маълумотлар бор.
- Ҳозир фамилиясини эслай олмаяпману, лекин биз Саудияни биринчи лигасида ўйнаган немис футболчисига қизиқиш билдиргандик. Лекин талаби жуда юқори экан. Биз имконият яратиб бера олмадик ва бу амалга ошмади. Ҳозирги аҳволимизда кимгадир катта таклиф беришга имкониятимиз йўқ. Чўнтагимизга қараб кимнидир олишимиз мумкин.
- «Машъал» Қашқадарё жамоаси. Лекин уларда легионерлари кўп. Демак, легионерларини оладиган маблағлари маҳаллий ўйинчилариникидан кўп фарқ қилмайдими?
- «Машъал» билан битта вилоятмизу, бироқ иккита ҳомийга эгамиз. Ўзларини ҳомийси бор, ўзларини раҳбарияти бор. Улар қандай шароит ва таклифларга кўра жалб қилишяпти, мен билмайман ва бунга жавоб бера олмайман», - дея Рўзиқул Саъдуллаевични фикрларини келтиради Tribuna.uz журналисти.