Live
2
Ўзбек

Жамшид Саидов: «Ҳозир ҳар бир очко олтин билан тенг»

Футбол
28 июл, 16:26
«Қизилқум» бош мураббийи жамоасининг мағлубиятидан сўнг фикр билдирди.
Жамшид Саидов: «Ҳозир ҳар бир очко олтин билан тенг»
Фото: Қизилқум ПФК
28.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Насаф Насаф 1 : 0 Кизилкум Кизилкум

«Насаф» ва «Қизилқум» жамоалари ўртасидаги ўйин тақдирини ҳам биргина гол ҳал қилди ва бу мезбонлар тарафидан киритилди.

«Қизилқум» клуби бош мураббийи Жамшид Саидов эса матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.

- Аввало, жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Навоийдан келган мухлисларга миннатдорлик билдираман. Афсуски, уларнинг ишончини оқлай олмадик. Энди бу ўйин тарихда қолди. Эътиборимизни навбатдаги учрашувларга қаратамиз. Худо хоҳласа, кейинги баҳсларда ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.

- Ислом Кенжабоев кўринмади. Унинг ҳолати қандай?

- Биласиз, Ислом Кенжабоев «Навбаҳор»га қарши учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаёқ жароҳат олганди. Ҳозир у даволаниш жараёнини давом эттирмоқда. Худо хоҳласа, кейинги ўйинга қадар сафга қайтишга улгуради.

- Сўнгги интервюларингизда жамоа Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашаётганини айтяпсиз. Нега айнан шундай мақсад ҳақида гапиряпсиз? Ахир юқорироқ ўринлар учун ҳам курашиш имконияти борга ўхшайди-ку?

- Аввало, турнир жадвалига қаранг. Ҳозир унда кураш ниҳоятда кескин. Бир-икки очко ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда деярли барча жамоалар ўз ўрнини сақлаб қолиш учун курашяпти. Турнир жадвали жуда зич. Шу сабаб ҳар бир учрашув ниҳоятда оғир кечмоқда. Ҳозир бешинчи ёки тўртинчи ўринлар ҳақида гапиришнинг ўзи ҳақиқатга яқин эмас. Агар жамоада бугунги муаммолар бўлмаганида, эҳтимол мени бу ерга ҳам таклиф қилишмасди. Шунинг учун ҳозир ҳар бир очко олтин билан баробар. Асосий кураш ўтиш ўйинлари зонасига тушиб қолмаслик учун кечмоқда. Ҳар турга қарасангиз, барча жамоалар охиригача курашмоқда. Ҳеч ким очко ҳадя қилмаяпти. Шу боис ҳар бир ўйин жуда оғир ўтмоқда.

- Жамоанинг молиявий ҳолати бошқа клубларга қараганда яхшироқдек кўринади. Навоий футбол учун барча имкониятларга эга. Шундай экан, юқори ўринлар учун курашишнинг иложи йўқми?

- Мен нима демоқчи эканингизни тушуняпман. Сиз молиявий томонни назарда тутяпсиз. Ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо айрим сабаблар борки, уларни очиқ айта олмайман. Бу савол менга аввал ҳам берилган. Ҳа, молиявий жиҳатдан жиддий муаммолар йўқ. Лекин ички масалалар бор ва уларни омма олдида муҳокама қилиш тўғри бўлмайди. Бу жамоанинг ички ишлари.

- 80-дақиқалардан кейин «Насаф»нинг босимни кучайтириши ва жавоб голини излашини кутиш мумкин эди. Шу вазиятда футболчиларга қўшимча кўрсатмалар берилдими ёки жисмоний жиҳатдан рақибга имкониятни бой бериб қўйдингизларми?

- «Насаф» ўз майдонида ўйнаётганди ва табиийки, учрашув давомида ташаббус уларда бўлди. Менимча, ўйин охирларига келиб биз бироз чарчаб қолдик. Афсуски, захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинни кучайтира олишмади. Биз айнан шу орқали жамоага янги куч бағишламоқчи эдик, бироқ бу режамиз амалга ошмади. Шунга қарамай, бизда ҳам гол уриш учун имкониятлар бўлди. Афсуски, улардан фойдалана олмадик. Якунда эса «Насаф» босимини янада кучайтирди. Ҳал қилувчи вазият қанотдан узатилган тўпдан юзага келди. Абдухолиқов ўша узатмага ўз вақтида етиб борди, афсуски, ҳимоячиларимиз бу вазиятда тезкор ҳаракат қила олишмади», - дея Саидовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Насаф Насаф
  • Кизилкум Кизилкум
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар