«Навбаҳор» клуби ниҳоятда Наманганга қайтди. Суперлиганинг 15-турида мезбонлар «Хоразм»ни қабул қилди. Қизиқарли ўтган учрашув голларга бой бўлди ва унда мезбонлар 5:1 ҳисобида рақибини мағлубиятга учратди.
Ўйиндан сўнг урганчликлар устози Сергей Токов матбуот анжуманида мағлубият сабаблари хусусида гапирди.
- Сергей Султанович, аввало бугунги ўйин ҳақида фикрларингизни билдирсангиз.
- «Навбаҳор»ни ғалаба билан табриклайман. Бугун мухлислар жамоага жуда катта ёрдам беришди. Жамоамизнинг ўйинига келсак, вазифани уддалай олмадик, шекилли. Ҳимояда жуда кўп хатоларга йўл қўйдик. Энди бу хатоларни таҳлил қиламиз, улар устида ишлаймиз. Ҳозирча айтадиган гапим шу.
- Сизнингча, биринчи ўтказиб юборилган гол жамоангизнинг руҳиятига салбий таъсир қилдими?
- Йўқ, нега энди? Албатта, гол ўтказиб юбориш ёқимли эмас. Лекин ундан олдин бизнинг ҳам иккита яхши имкониятимиз бўлди. Аввал бир вазиятдан фойдалана олмадик, кейин яна бир имкониятни бой бердик. Эҳтимол, бу ҳам ўйиннинг боришига ўз таъсирини ўтказгандир. Барибир футболчилар профессионал бўлиши керак. Менимча, Наманганда ўйнаб, гол ўтказиб юборгандан кейин жамоа руҳий жиҳатдан синиб қолмаслиги лозим. Балки айрим футболчиларимиз учун сафарда илк бор тўла стадион қаршисида ўйнаш бўлгандир. Руҳий босимни енга олишмади. Чунки бугун, яна такрорлайман, ҳимояда жуда кўп хатоларга йўл қўйдик. Ҳатто жуда оддий, болаларча хатолар ҳам кўп бўлди», - дея бош мураббийнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.
Сергей Токов: «Футболчилар руҳий босимни енгга олишмади»
Эксклюзив
2 август, 15:06
«Хоразм» устози жамоасининг йирик ҳисобдаги мағлубиятига изоҳ берди.
Фото: Tribuna.uz
02.08.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Навбаҳор
5
:
1
Хоразм