Суперлига 15-турида «Андижон» ўз майдонида «Пахтакор» билан нурсиз дуранг қайд этди. «Бургутлар» дарвозабони Элдор Адҳамов ҳам жамоадошлари каби маҳоратини кўрсата олди. У ўз жамоасининг дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Айниқса, иккинчи бўлим ўрталарида муқаррар голдан қутқариб қолди. Адҳамов «Андижон» матбуот хизматига ўйин ҳақидаги фикрлари ва ўша сейви ҳақида тўхталиб ўтди.
«Ўйин қизил карточкагача тенг курашлар остида ўтди, деб ўйлайман. Уларда ҳам, бизда ҳам ҳужумлар бўлди. Лекин биз учун ижобий тугади, деб ўйлайман. Чунки «Пахтакор»га қарши бир очко ҳам яхши натижа. Улар чемпионлик учун курашаётган жамоа, ўзини бой тарихига эга. Лекин ўйин бўйича рақибдан қолишмадик. Керак бўлса, «Пахтакор» ҳам ҳимояланишга мажбур бўлди.
Ўша сейв амалга оширган вазиятга тўхталадиган бўлсам, «Пахтакор» футболчиси узоқ бурчакка тепади, деб ўйлагандим. Лекин у нарига тарафга, сабаби ҳимоячилар бу томонда эди ва мен зарбани узоқ бурчакка йўналтирилишини кутаётгандим. Яхшики, омадли чиқди, хавфли зарбани бартараф эта олдик. Бу ҳар бир дарвозабонни вазифаси деб ўйлайман, ортиқча ҳеч нарса йўқ», - дейди Адҳамов.