«Рейнжерс»нинг собиқ ҳимоячиси Жеймс Таверние фаолиятини Франция чемпионатида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Footmercato нашри хабар берди.
Манбага кўра, айни вақтда эркин агент мақомига эга бўлган тажрибали футболчига «Париж» ҳамда «Ницца» клублари қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Таверниенинг ўзи ҳам Францияга кўчиб ўтиш вариантини ижобий баҳолаётгани айтилмоқда.
Жеймс «Лидс» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2015–2026 йиллар давомида «Рейнжерс» шарафини ҳимоя қилди.
Шу вақт ичида у Шотландия гранди сафида барча турнирларда 565 та учрашув ўтказиб, 144 та гол урди ва 148 та голли узатма амалга оширди.