«Қўқон-1912» - «Машъал» жамоалари ўртасидаги учрашувда майдон эгалари рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдан сўнг қўқонликлар бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Турнир жадвалидаги вазият биз учун ҳам, «Машъал» учун ҳам осон эмас. Ҳозир ҳар икки жамоа ҳам яхши серия қайд эта олмаётганди. Чемпионатда иккита мағлубиятга учрадик, Кубокда ҳам ютқаздик. Бугун бизга ғалабадан бошқа натижа тўғри келмасди. Менимча, на бизга, на «Машъал»га бошқа натижа маъқул келарди.
Ҳисобга келсак, мени доим қувонтирган ягона жиҳат — дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолганимиз. Учта гол урдик, бу яхши. Аммо биз икки хил бўлим ўтказдик.
Биринчи бўлимда жуда яхлит ва уюшқоқ кўриндик. Чиройли гол урдик, яхши вазиятларимиз ҳам бўлди. «Машъал»да ҳам ҳисоб 0:0 бўлиб турганида юз фоизлик имконият юзага келди. Агар ўша вазиятдан фойдаланишганида, ўйин бутунлай бошқача кечиши мумкин эди.
Иккинчи бўлимда эса бироз пасайдик. Бунинг сабабини ҳали кўриб чиқамиз, гаплашамиз. Лекин ғолибларни танқид қилишмайди, дейишади. Иқбол Маликжонов майдонга тушиб, ажойиб, жуда чиройли гол урди. Силвануc Нимели эса анчадан бери кўринмаётганди. У биз билан бирорта ҳам машғулот ўтказмаган, фақат кеча кечқурун жамоага қўшилди.
Унинг ўйини ҳақида алоҳида гапирадиган бўлсам, майдонга тушди, борини берди, эҳтимол, баъзи хатоларга ҳам йўл қўйди. Лекин гол урди — ҳужумчидан талаб қилинадиган асосий вазифани бажарди. Унинг голи «Машъал»нинг ижобий натижага бўлган умидларига деярли нуқта қўйди.
Ҳозир жамоага икки кун дам берамиз. Душанба куни йиғиламиз ва кейинги уй учрашувига тайёргарликни бошлаймиз. 16-куни ўз майдонимизда ўйнаймиз. Бор масъулият ва жиддият билан тайёрланамиз.
- Элбек ва Акбарнинг ўйини, уларнинг жамоага мослашуви ҳақида нима дейсиз?
- Элбек бугун ўйиннинг дастлабки 30 сониясидаёқ иккита гол уриши мумкин эди. У бизда ижара асосида ўйнаяпти ва ўз вазифасини яхши бажармоқда. У ҳали Суперлигада бирорта ҳам учрашувни асосий таркибда бошламаган. Биз уни аста-секин машғулотлар орқали тайёрлаб келдик. «Тренировкалар»да жуда ишончли кўринмоқда.
«Яйпан» жамоаси билан назорат учрашуви ўтказганимизда ҳам гол урганди. Ҳужумчидан яна нима талаб қилиш мумкин? У фақат гол уриш билан чекланмайди, майдонда катта ҳажмдаги ишни ҳам бажаради, тўпни сақлаб қолишни билади. У ҳақида фақат ижобий фикр билдиришим мумкин.
Акбар ҳам жамоага яхши қўшилиб кетди. Агар улар бизга камида бир ой олдинроқ келганида, янада яхши бўларди.
Уларнинг ҳар иккисига ҳам ҳали жуда кўп ишлаш, ҳаракат қилиш, етарлича дам олиш, тўғри овқатланиш ва шифокорлар кўрсатмаларига амал қилиш керак. Менимча, улар ҳали ўз имкониятларининг чегарасига етгани йўқ.
Олдимизда турган учрашувларда уларнинг салоҳиятини намоён этиш учун яхши имкониятлар бор. Ҳар икки футболчи ҳозирнинг ўзида жамоамизга ёрдам бермоқда. Кейинги ўйинларда ҳам фойдаси тегишига умид қиламиз.
- Андронинг бугунги учрашувда майдонга тушмагани ва Томанинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?
- Андро шамоллаб қолган, йўталяпти. Бугун асосий таркибда майдонга тушган футболчилар машғулотларда ўзларини ишончлироқ кўрсатишганди. Улар жамоа билан бирга эди, ўйин амалиёти ҳам етарли бўлган. Айтишим мумкинки, агар бугун улар гол ура олмаганида, бу менинг хатом бўларди. Тома ўйнашга, майдонга тушишга лойиқ эди. Лекин футболда шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради.
Мен икки марта ўз қароримдан қайтишга мажбур бўлдим. Футболнинг барча қонуниятлари ва тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда уни Қаршидаги ўйинда майдонга туширдим. Натижада жамоа мағлуб бўлмади ва дарвозамиз дахлсизлигини сақладик.
Бугун эса вазият унчалик оддий бўлмаган бир пайтда Силванус майдонга тушди. Унинг ўйини жуда ёмон бўлди, шунчаки даҳшатли! Аммо яна бир бор такрорлайман: гол урганидан кейин унга эътироз билдириш қийин.
Томага ҳам етарлича ўйин вақти берилди. У ҳаракат қиляпти, профессионал футболчи. Ҳозирги вазият шундай, аммо менимча, Томада ўзини кўрсатиш учун ҳали етарлича вақт бўлади. У малакали ҳужумчи. Лекин бизда Нимели ҳам, Элбек ҳам бор. Бундан ташқари, жароҳат олган Жавоҳир Ҳусанов ҳам бор, у бугун жамоамизга ёрдам бера олмади. Умуман олганда, таркибимизда уч-тўрт нафар ҳужумчи бор», - дея Шипиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.