Қизиқарли ўтган «Бухоро» ва «Андижон» жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин мезбонлар устози Александр Хомяков матбуот анжуманида қатнашди.
— Аввало, мен ҳам жамоамизни ва мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Чунки ғалабасиз ўтган давримиз анча чўзилиб кетди. Сентябрь ойини муваффақиятсиз ўтказдик, десак ҳам бўлади. Шу сабабли бугун ғалабани ҳис қилиш жуда муҳим эди.
Бевосита ўйинга келсак, учрашув икки хил таассурот қолдирди. Ростини айтсам, шу пайтгача бу ўйинда қандай қилиб ғалаба қозонганимизни ўзим ҳам тўлиқ тушуниб етганим йўқ. Ҳисоб 2:0 бўлганида, ўйин тақдири ҳал, энди шунчаки учрашувни охиригача етказамиз, деб ўйлагандим.
Яхшиямки, футболчиларимизда характер ва ирода бор. Улар тўхтаб қолишмади, ўйинни ташлаб қўйишмади. Аксинча, ҳужум қилишда давом этишди, иккинчи бўлимда, айниқса, унинг якуний қисмида янада фаолроқ ҳаракат қилишди. Натижада ғалабага эришдик.
Бу жуда муҳим ғалаба. Футболчиларимизга фидойиликлари ва бор кучларини майдонга ташлаганлари учун яна бир бор раҳмат айтаман. Бироқ, умуман олганда, ўйинимиз билан ғалабага тўлиқ лойиқ бўлдик, деб айта олмайман. Муаммолар бор эди. Биринчи бўлимни жуда ёмон ўтказдик. Одатдагидек, ўз хатоимиз сабабли кераксиз гол ўтказиб юбордик. Иккинчи гол ҳам хатодан кейин дарвозамиздан жой олди. Шунинг учун ғалаба — ғалаба, албатта. Лекин жамоамиз ҳали бу каби вазиятларни батафсил таҳлил қилиб, хатолар устида ишлаши керак. Шундагина келгусида мухлисларимизни янада кўпроқ хурсанд қила оламиз.
— Кейинги саволим бироз тактикага оид. Сизнингча, амалга оширилган муваффақиятли алмаштиришлар ўйин натижасига таъсир кўрсатдими?
— Натижага қарайдиган бўлсак, таъсир кўрсатди, дейиш мумкин. Биринчи бўлимда бизга ҳужумнинг юқори қисмида етишмаётган жиҳат бор эди. Эсaнов бироз бошқача вазифани бажараётган, пастроққа тушиб ўйнаётган эди. Шу сабабли рақиб ҳимоячилари ўзларини анча эркин ҳис қилишди ва биз ҳужумда деярли ҳеч нарса ярата олмадик. Иккинчи бўлимда унинг позициясини ўзгартирдик, у билан гаплашиб, вазифаларини тушунтирдик.
Умуман олганда, захирадан майдонга тушган футболчиларнинг барчаси натижага ҳисса қўшди: бири гол урди, бошқаси голли узатма берди, яна бири гол урди, учинчиси эса голли узатмани амалга оширди. Демак, бугун алмаштиришлар катта роль ўйнади. Мен доим жамоада захирадан майдонга тушадиган футболчиларнинг аҳамияти жуда катта эканини айтаман. Улар ҳам натижа яратишмоқда. Йигитларга яна бир бор раҳмат! Барчани ғалаба билан табриклайман! Жуда қийин учрашув бўлди, аммо ўйин мазмунида камчиликлар бўлишига қарамай, бу биз учун зарур ғалаба эди.
— Жароҳат олган футболчиларнинг сафга қайтиши ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Кейинги учрашувларда таркибни танлаш имкониятлари кенгаядими?
— Буни вақт кўрсатади. Ҳақиқатан ҳам, ҳозир шундай вазият юзага келгандики, деярли ҳар бир ўйинда икки нафардан футболчимиздан айрилаётган эдик. Жароҳатланганлар рўйхатида ўн нафар футболчи бор эди.
Ҳозир Рўзиевнинг сафга қайтганини кўрдик, Афсуски, Равшан чамамда, ҳали ёрдам бера олмайди. Лекин жамоамизнинг таркиби аста-секин тикланмоқда. Бу, албатта, қувонарли ҳолат.
— Жамоангизнинг ўзига хос жиҳати бор: футболчилар охиригача курашишади ва натижа учун интилишади. Иккинчи голни ўтказиб юборганингиздан кейин ҳам стадиондаги мухлислар кетиб қолишмади. Улар охиригача «Бухоро»га ишонишди. Мухлисларга нима деган бўлардингиз?
— Албатта. Тўғриси, мен бунга алоҳида эътибор бермадим. Одатда мухлислар стадионни тарк эта бошлаганини сезиш мумкин. Аммо бу сафар ҳеч ким кетмади. Биз ким учун ўйнаётганимизни жуда яхши тушунамиз — стадионда бир киши бўладими ёки бир ярим минг киши бўладими, бунинг фарқи йўқ. Биз учун муҳим ғалабалардан бири айнан мухлисларимиз учун қўлга киритилган ғалабадир. Чунки уларнинг қандай мухлислик қилишларини, қандай ҳаяжонланишларини, жамоамизга қандай муносабатда бўлишларини кўриб турибмиз.
Яна бир бор таъкидлайман: ғалабасиз ўтган ушбу даврда айнан мухлисларимиз учун ғалабага эришишимиз жуда муҳим эди. Биз уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қиламиз ва уларни имкон қадар кўпроқ хурсанд қилиш учун майдонга тушамиз», - дея Хомяковнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.