Хабарингиз бор, 7 октябр куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида «Нефтчи» ҳамда «Хоразм» жамоалари баҳс олиб боришди. Ўйин эса кутилмаганда 2:2 ҳисобида дуранг билан якун топди. Бундан меҳмонлар қувонишди. Чунки амалдаги чемпион ва пешқадам – «Нефтчи» учун мағлубиятга тенг дуранг бўлган бўлса, пастки ўринларда бораётган «Хоразм» учун ғалабага тенг эди.
Учрашувда урганчликлар сафида асосий таркибда майдонга тушган ҳимоячи Суннатилло Ҳамиджонов ҳам фаол ҳаракат қилди ва жамоасининг сафардан чемпион жамоа майдонидан бир очко билан қайтишида анча жонбозлик кўрсатди.
Ҳамиджонов мазкур баҳс борасида Tribuna.uz нашрига интервю берди.
- Суннатилла «Нефтчи»га қарши ўйинда ҳамма мезбонларнинг ғалабасини кутганди. Пешқадамдан қандай қилиб очко тортиб олдинглар?
- Ҳа, бу ўйинда ҳамма «Нефтчи»ни фаворит деб билганди. Биз шунга қарамасдан ўзимизнинг ўйинимизни кўрсатиб, қўлдан келганича ҳаракат қилиб, ғалаба учун майдонга тушдик. Худога шукр, ғалабага тенг бир очкони қўлга киритдик.
- Демак, бу дурангни шубҳасиз ғалабага тенглаштирса бўлади...
- Тўғри айтасиз, дурангни албатта ғалабага тенг деса бўлади. Биз икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Учрашувдаги дурангни табиийки ғалабага тенглаштириш мумкин. Ҳали Фарғонада «Нефтчи»га қарши ўйинда очко билан қайтилмаган. Биз эса шу йили иккинчи даврада меҳмондан бир очко билан қайтдик.
- Ростини айтганда, рақибдан бироз бўлса ҳам чўчиш ёки хавотир бормиди?
- Ушбу ўйинга бизда рақибдан чўчиш каби ҳолатлар йўқ эди. Чунки бизда йўқотадиган нарса йўқ. Аксинча, бу «Нефтчи»га кўпроқ таъсир қилди. Чунки улар чемпионлик учун курашишяпти. Биринчи ўринда кетаётгани учун барибир уларда пастдаги поғоналарда кетаётган клубларга қараганда, масъулият кўпроқ бўлади. Қолаверса, пастдаги клубларга қараганда ўйнаш қийинроқ.
- Бу ўйинга руҳланиш ва мотивация сизларда қандай бўлди?
- Авваламбор, бизга бош бўлиб турган Хоразм вилояти ҳокимяти, директорлар, мураббийлар барчаси жамоамизга ўз ишончини ўйиндан олдин етказиб бера олдилар. Руҳий томондан ҳам мотивация бердилар.
- Умуман, ўйин қандай кечди ва рақибни қандай зарарсизлантира олдинглар?
- Мураббийлар штаби керакли маслаҳатларни беришди. Машғулотларда шуларнинг устида меҳнат қилдик. Ўйлаймизки, бу ўйинда ўз натижасини берди. Рақибга қарши олдимизга қўйган режа каби ҳаракат қилдик ва бу иш берди. Тўғрисини айтсам, «Нефтчи» янада кучлироқ, тажовузкорроқ ўйин кўрсатади, деб ўйлагандим. Лекин уларни тажовузкор ҳужумлари анча кам бўлди. Ҳа, голли имкониятлари бўлган бўлса ҳам кўпроқ ҳужумлар уюштиришини кутгандик, аммо кам бўлди.
- Нима деб ўйлайсиз, балки «Нефтчи» «Хоразм»га етарлича баҳо бермадими?
- Менимча, «Нефтчи» «Хоразм»ни ҳурмат қилган. Юқорида айтиб ўтганимдек, чемпионликка курашаётган клубларни пастдаги жамоаларга қарши ўйнаши қийин. Фаворит ўйиндан олдин фаворит бўлса ҳам, нечта легионери ва кучли ўйинчилари бўлган тақдирда ҳам барибир қуйи ўринлардаги клубларга қарши ўйнаши қийин.
- «Нефтчи» майдонидаги дурангдан кейин «Хоразм» қанчалик ўзгармоқда?
- Иккинчи даврада турнир жадвалида анча пастдамиз. Кетма-кет учрашувларда ғалаба қозона олмаяпмиз, мағлубиятларга учрадик. Бизда ҳозирда ғалаба ҳиссиёти йўқ. «Нефтчи»га қарши учрашувдаги дурангдан кейин ўзимизни ғалаба қозонгандек ҳис қилдик. Ўзимизга анча ишончни олдик. Кейинги турда «Сурхон»га қарши ўтадиган ўйинда ғалаба учун чиқамиз. «Нефтчи» билан дуранг ўйнаганимиз бизга руҳан далда беради.
Суннатилла Ҳамиджонов: «Нефтчи»га қарши дурангдан сўнг ўзимизни ғалаба қозонгандек ҳис қилдик»
Эксклюзив
9 октябр, 17:21
Ҳамиджонов мазкур баҳс борасида Tribuna.uz нашрига интервю берди.
Фото: Хоразм ПФК