«Интер» клуби вингер Мусса Диабини ўз сафига қўшиб олиш устида ишлашда давом этмоқда. Бу ҳақда Goal нашри хабар берди.
Манбага кўра, «нерадзурри» Саудия Арабистонининг «Ал Иттиҳод» клубига янги таклиф билан чиққан. Италия клуби футболчини тўлиқ трансфер қилиш режасидан воз кечган. Энди «Интер» франциялик 27 ёшли вингерни бир мавсумга 28 миллион евро эвазига ижарага олишни таклиф қилмоқда.
Аввалроқ миланликлар Диабининг доимий трансфери учун қарийб 40 миллион евро тўлашга тайёр эди. Бироқ «Ал Иттиҳод» раҳбарияти футболчини сотиш масаласида ҳали якуний қарор қабул қилмаган.
Мусса ўтган мавсум Жидда клуби сафида барча турнирларда 43 та учрашув ўтказиб, 6 та гол ва 15 та голли узатма муаллифи бўлди.