Бу ҳақда Германиянинг «Sky Sport» нашри хабар берди.
Бундеслига вакили Норвегия миллий жамоаси дарвозабони Ориан Нюландни жамоага олиб келишга яқин.
«Лейпциг»нинг узоқ йиллик дарвозабони Петер Гулачи «Вилярреал»га ўтишга яқин. Маълумотларга кўра, жамоалар тажрибали дарвозабон трансфери борасида келишувга ҳам эришиб улгурган. Шу сабабли немис клуби унинг ўрнига тажрибали дарвозабон изламоқда.

Номзод эса 35 ёшли Ориан Нюланд. Норвегиялик футболчининг «Севиля» билан шартномаси ўтган мавсум якунида тугаган ва ҳозир эркин агент ҳисобланади. У «Лейпциг» билан 2028 йил ёзигача мўлжалланган 2 йиллик шартнома имзолаши кутилмоқда.
Нюланд аввал «Инголстадт», «Астон Вилла» ва «Севиля» каби клубларда тўп тепган. У 2022/23-йилги мавсумда ҳам айнан «Лейпциг» сафида ўйнаган. Демак, трансфер амалга ошса, дарвозабон уч йилдан сўнг собиқ клубига қайтади.

Нюланд учун энг ёрқин воқеалардан бири эса Жаҳон чемпионати-2026 бўлди. У Норвегия миллий жамоасининг асосий дарвозабони сифатида илк бор мундиалда қатнашди ва плей-офф босқичида Бразилия ҳужумчиси Бруно Гимараешнинг ўн бир метрлик зарбасини ҳам қайтаришга эришди.
Норвегия тарихида илк бор ЖЧ чорак финалига чиқишида Нюланднинг сейвларининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
Энди тажрибали дарвозабон яна «Лейпциг» дарвозасини қўриқлаши мумкин.