Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов фаолиятини Россия Премер-лигасида давом эттиради.
Sport24 нашрининг маълум қилишича, 22 ёшли футболчи «Рубин»га ўтиш олдидан тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган.
Манбага кўра, Қозон клуби ва Самарқанднинг «Динамо»си ўртасидаги трансфернинг барча тафсилотлари келишиб олинган. Ўрозов аллақачон «Рубин» футболчисига айланган, жамоа билан машғулотларни бошлаган ҳамда навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўрмоқда. Трансфер расман яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, ўзбекистонлик ҳимоячи Қозон клубига 100 минг евролик пуллик ижара асосида қўшилмоқда. Шартномада 700 минг еврога сотиб олиш имконияти ҳам назарда тутилган. Бироқ ушбу банд фақат Ўрозов бу мавсумда «Рубин»нинг расмий ўйинларининг камида 50 фоизида иштирок этган тақдирдагина кучга киради.
«Мазкур трансфер футболчи учун молиявий жиҳатдан ҳам катта қадам бўлади. Ўрозов Самарқанднинг «Динамо» клубида ойига тахминан 8 минг доллар (йилига қарийб 96 минг доллар) маош олар эди. «Рубин» билан тузилган янги шартномага кўра эса у бир мавсум учун 450 минг евро ишлаб топади», - дейилади рус сайти хабарида.
Шу тариқа, футболчининг йиллик даромади аввалги маошига нисбатан тўрт баравардан ҳам кўпроқ ошади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади