«Ювентус»ни эркин агент сифатида тарк этган Душан Влаҳович «Бешиктош»нинг молиявий жиҳатдан жозибадор таклифини рад этди.
Sport.es хабарига кўра, Истанбул клуби сербиялик ҳужумчига икки йиллик шартнома, мавсумига 8 миллион евро маош ва 5 миллион евро миқдорида имзо бонуси таклиф қилган.
Манбага кўра, трансфер ойнасининг бошида Влаҳович вакиллари футболчини «Барселона»га таклиф қилган, бироқ унинг молиявий талаблари каталонияликлар учун мақбул бўлмаган.
Кейинчалик 25 ёшли ҳужумчи «Барселона»нинг молиявий имкониятларига мос келадиган маошга рози бўлди. Шунга қарамай, у ҳозирча клубнинг якуний қарорини кутишга мажбур.
Айни пайтда Влаҳович «Барселона»нинг эҳтимолий трансферлар рўйхатида қолмоқда. Бироқ клуб ҳозирча бу борада аниқ қадам ташлашни режалаштирмаяпти. Каталонияликлар унинг юқори савиядаги ҳужумчи эканини тан олсалар-да, сўнгги пайтдаги жароҳатлари ва ўйин услуби борасида айрим хавотирларга эга.
Маълумот учун, Душан Влаҳович ёзги трансфер ойнасида «Ювентус»ни эркин агент мақомида тарк этган эди.