Live
2
Ўзбек

Сергей Лушан: «Ҳимояда шундай ўйнасак, бирор натижа ҳақида орзу қилишнинг ўзи қийин»

Эксклюзив
2 август, 13:52
«Машъал» бош мураббийи «Сўғдиёна»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Сергей Лушан: «Ҳимояда шундай ўйнасак, бирор натижа ҳақида орзу қилишнинг ўзи қийин»
Фото: Машъал ПФК
02.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Машъал Машъал 1 : 3 Сўғдиёна Сўғдиёна

Суперлиганинг 15-турида «Машъал» Ғузорда «Сўғдиёна»ни қабул қилди. Турнир жадвалида охирги ўринда қолаётган ва очколар сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган «Машъал» рақибига 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Ўйиндан кейин муборакликлар бош мураббийи Сергей Лушан матбуот анжуманида қатнашди.

- Изоҳсиз. Шундай деса ҳам бўлади. Бу ерда нимани изоҳлаш мумкин? Ҳеч нарсани. 3:1 ҳисобида ютқаздик, бунинг устига ҳақли равишда мағлуб бўлдик. Ҳимояда шундай ўйнасак, бирор натижа ҳақида орзу қилишнинг ўзи қийин. Энди олдинга қараб ҳаракат қиламиз, барибир бошқа йўлимиз йўқ. Рақибни табриклайман. Бу ўйин биз учун олти очколик баҳс эди. Энди ҳимоядаги ўйинимизни қандай яхшилаш ҳақида бош қотиришимиз керак.

- Бугун фақат Дориев гол урди?!

- Буни Дориевнинг ўзидан сўраш керак. Дориев сифатли, маҳоратли футболчи. Агар шундай футболчига тўпни жарима майдончаси ичида қабул қилиб, зарба бериш имконини берсангиз, бу гол билан якунланади. Ахир айтдим-ку, нега гол урганини. Бошқаларда ҳам имкониятлар бўлди, аммо улар фойдалана олмади. Дориев эса сифатли футболчи.

Аслида бизнинг асосий муаммо марказий ҳимоячилар билан боғлиқ эди. Бу ҳақда бир неча бор айтганмиз. Ёшлар жамоасидаги футболчилар билан ишлаяпмиз. Ҳозир тўрт нафар футболчи мунтазам равишда асосий таркиб билан машғулот ўтказяпти. Улардан бирини кўрдингиз — менимча, Холматов эди. Ўйлайманки, яқин орада бошқаларини ҳам кўрасиз. Ҳозир янги футболчиларни аста-секин асосий таркибга мослаштиряпмиз, айрим ўзгаришлар қиляпмиз. Кейин натижа қандай бўлишини кузатамиз.

- Майдонга тушди, гол ҳам урди. Илк ўйин учун ёмон таассурот қолдирмади.Унинг жароҳати ҳақида хабардормисиз? Нималарни биласиз?

- Ҳа, менимча, унинг тиззаси орқага қайрилиб кетди. Эҳтимол, орқа хочсимон боғламида қисман узилиш бор. Худо хоҳласа, жиддий бўлмасин. Йигит ҳали ёш, шунинг учун умид қиламизки, ҳаммаси яхши бўлади. Аввало МРТ (ёки бошқа текширув) қилиш керак. Текширувдан кейин аниқ хулоса чиқади. Назаримда, яқин кунларда майдонга қайтиши қийин. Энг муҳими, соғайиб кетсин.

- Жамоанинг сафар ўйинлари учун маблағ топа олмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Маш’ал»да ҳам молиявий қийинчиликлар бор. «Бунёдкор»да кузатилган ҳолат «Машъал»да ҳам такрорланмайдими?

- Қандайдир йўлини топяпмиз. «Бунёдкор»даги вазият қандай бўлганини аниқ билмайман. Балки маблағ бўлмаганида ўйинни бошқа муддатга кўчириш мумкин эди. Барибир ҳаммамиз яхшиликка умид қиляпмиз. Ким билан гаплашмай, деярли жамоаларнинг ярми ҳали ҳам маош олмаганини айтяпти. Кейин нима бўлишини билмайман, лекин тез орада пул беришларини вада қилишяпти», - дея Лушаннинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Машъал Машъал
  • Сўғдиёна Сўғдиёна
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар