ОКМК клуби Суперлиганинг 14-турида аутсайдер – «Машъал»ни қабул қилди. Қийин ўтган беллашувда мезбонлар ирода кўрсатишди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов баҳс якунида матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйинга келадиган бўлсак, муҳими уч очкога эга бўлдик. Бу қувонарли тарафи. Аммо йигитларга бу ўйин жуда оғир кечишини таъкидлаб ўтгандим. Сабаби рақибни «Қўқон-1912» ва «Насаф»га қарши ўйинларини футболчилар ҳам кўришди. Тартибли, ҳимоявий ўйин ва қарши ҳужумдан фойдаланиб, айнан қарши ҳужумга чиқишларини билардик. Шу сабабли йигитларга сабр, сабр ва шошилмасликни уқтирдик. Бироқ биринчи бўлимда айтган гапларимни охиригача етказа олмадим, шекилли. Чунки кўп хатоларга йўл қўйдик. Қолаверса, биргина хатоимиздан «Машъал» жамоаси яхши фойдаланиб кетди. Иккинчи бўлимда ўйинимизни янада кучайтириб, кўп вазиятлар яратдик, бироқ голга айлантира олмадик. Охир-оқибат стандартдан меҳнатимиз самара берди. Жуда қийин ўйин. Олдинги учрашувларимизга нисбатан икки баробар оғир бўлишини таъкидлагандим. Интизомли, тартибли ҳимояланган жамоани ёриб ўтиш ниҳоятда қийин. Энг кераклиги мухлисларимиз охиригача қўллаб-қувватлашди. Ғалаба билан табриклайман.
- Учрашувда футболчиларингиз орасида ўйинидан умуман кўнглингиз тўлмаганлари бўлдими?
- Унақа дея олмайман. Нимагаки, ҳар бир ўйинчи майдонга ғалабани хоҳлаб тушганди. Шошқалоқлик сабабли айрим хатоларга йўл қўйишди. Ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади, дейишади-ку. Бу ўйинда сабр етишмади. Лекин майдонга тушган ҳар бир ўйинчи жонини бериб, ғалабага ўз ҳиссасини қўшишди.
- Ҳакамни ўйинни бошқарувидан кўнглингиз тўлдими?
- Бу савол менга эмас. Уларни назорат қиладиган қўмитаси бор. Ўзлари баҳо беришади. Мен учун биз ўзимизни ўйинимизни қилишимиз керак», - дея Миржалол Қўшоқовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.
Миржалол Қосимов: «Олдинги учрашувларимизга нисбатан икки баробар оғир бўлишини таъкидлагандим»
Эксклюзив
28 июл, 01:49
ОКМК устози «Машъал»га қарши баҳсдан сўнг фикрларини билдирди.
Фото: ОКМК
27.07.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
OKMK
2
:
1
Машъал