Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Жаҳон чемпионатлари плей-офф босқичидаги омадсиз статистикасини яна давом эттирди.
Испанияга қарши 1/8 финал баҳсида (0:1) майдонда тўлиқ ҳаракат қилган 41 ёшли футболчи 1/8 финалдан бошлаб ҳисобланганда Жаҳон чемпионатидаги кетма-кет тўққизинчи плей-офф ўйинини голсиз ва голли узатмасиз якунлади.
Шу тариқа, Роналду Жаҳон чемпионати 1/8 финали ва ундан кейинги босқичларда жами 659 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, на гол урди ва на голли узатма амалга оширди.
Қайд этилишича, Португалия ушбу тўққиз баҳснинг фақат иккитасида асосий ёки қўшимча бўлимларда ғалаба қозонган. Ҳар икки ҳолатда ҳам Роналду ўзи истаганидан камроқ вақт майдонда бўлган. Гап 2006 йилда Нидерландияга ва 2022 йилда Швейцарияга қарши баҳслар ҳақида кетмоқда.
Шунга қарамай, Роналду ЖЧ-2026ни бир нечта рекорд билан якунлади. У Жаҳон чемпионатлари финал босқичларида урган 11 та голи билан Эйсебиони ортда қолдириб, Португалия тарихидаги энг яхши тўпурар бўлди.
Бундан ташқари, у Жаҳон чемпионатларида майдонга тушган энг ёши катта тўртинчи майдон футболчиси ҳамда мундиалларда гол урган энг ёши катта иккинчи футболчи сифатида тарихга кирди. Шунингдек, Роналду олтита Жаҳон чемпионатида иштирок этган футболчилардан бири бўлиб, мундиаллар тарихида ўтказган баҳслари сони (27 та) бўйича фақат Лионел Мессидан (30 та) ортда қолмоқда.