ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 2-туридан ўрин олган Туркия ва Парагвай жамоалари ўртасидаги баҳсда кулгили ҳолат кузатилди.
Учрашув бош ҳаками сифатида сальвадорлик Иван Бартон ишлаган. Ўйиннинг биринчи бўлими охирларида футболчилар ўртасида кичик жанжал юзага келган ва шу пайтда туркиялик ҳимоячи Мериҳ Демирал тасодифан ҳакамнинг қўлига тегиб кетган.
Натижада Иван Бартоннинг қўл соати ерга тушиб кетади.
Шу вазиятда Парагвай яримҳимоячиси Матияс Галарса ерда ётган соатни кўриб қолади ва уни олиб, ўз қўлига тақиб олади.
Қизиғи, ҳакам ўз соатини дарҳол қайтариб олмаган. Соат фақат иккинчи бўлим давомида эгасига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, айнан Галарса ушбу учрашувдаги ягона гол муаллифи бўлди. У 2-дақиқадаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилиб, Парагвайга муҳим ғалаба келтирди.
Мазкур ғалаба Парагвайнинг плей-офф йўлидаги имкониятларини сезиларли даражада оширди, аммо ўйиндан кейин энг кўп муҳокама қилинган воқеалардан бири айнан Галарсанинг ҳакам соати билан боғлиқ ҳазиломуз ҳолат бўлди.