«Ливерпул» яримҳимоячи Кертис Жонс учун «Интер» томонидан юборилган 25 миллион евролик таклифни рад этди.
Бу ҳақда трансферлар бўйича ишончли инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, мерсисайдликлар 25 ёшли футболчини бундан қимматроқ нархда баҳоламоқда ва ҳозирча «нерадзуррилар» таклиф қилаётган сумма уларни қониқтирмаган.
Шунингдек, айни пайтда икки клуб ўртасидаги музокаралар сезиларли даражада илгариламаётгани қайд этилган.
Жонс «Ливерпул» академияси тарбияланувчиси бўлиб, узоқ йиллардан бери асосий жамоа сафида тўп суриб келмоқда.
2025/26 йилги Англия Премер-лигаси мавсумида у 34 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол ва 2 та ассист муаллифига айланди.
Аввалроқ Италия ОАВлари «Интер» Кертис Жонсни яримҳимоя чизиғини кучайтириш учун асосий номзодлардан бири сифатида кўраётгани ҳақида хабар берган эди. Ҳозирча эса трансфер амалга ошиши учун миланликлар таклифини яхшилашига тўғри келади.