Навоийда бўлиб ўтган «Қизилқум» ҳамда «Локомотив» (1:1) жамоалари ўртасидаги беллашувдан сўнг мезбонлар мураббийи Обид Худоёров матбуот анжуманида фикрларини билдирди ва саволларга жавоб қайтарди.
- Ўйин давомида вазиятлар кўпроқ бизда бўлди. Рақиб тўпга эгалик қилиш бўйича устунликка эга бўлган бўлса-да, гол уриш учун қулай имкониятлар бизда кўпроқ бўлди. Ўйин охиридаги вазиятдан фойдалана олганимизда, ғалаба қозонишимиз аниқ эди. Аммо дуранг қайд этилди. Бироз сабр қилишимиз, ҳисобни ушлаб қолишимиз керак эди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмадик. Жўрақўзиевда ҳам яхши имконият бўлди, бироқ унга озгина омад етишмади.
Хуллас, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Аммо дуранг қайд этдик. Менимча, бу ҳам ёмон натижа эмас. «Локомотив» — яхши жамоа. Биз уларни мағлуб этишимиз ҳам мумкин эди.
- Ўйинга захирадан футболчилар туширилганидан кейин ҳужумлар анча фаоллашди. Нега алмаштиришлар кеч амалга оширилди?
- Йўқ, жароҳатлар туфайли мажбурий ўзгаришлар қилишимизга тўғри келди. Иккита алмаштиришни амалга оширдик. Футболчилар чарчаб қолишганди, шу сабабли керакли даражада ўйинга ёпиша олмадик.
Бизда яна битта алмаштириш имконияти қолганди, яъни уч нафар футболчини алмаштиришимиз мумкин эди. Аммо чарчоқ сабабли яна футболчиларни майдонга туширишга мажбур бўлдик.
Захирадан майдонга тушганлар ҳужумларимизни кучайтиришди. Туропов ҳам яхши вазиятга эга бўлди, лекин ундан фойдалана олмади. Ўйин суръатига тўлиқ мослаша олмади, шунинг учун шундай ҳолат юзага келди.
- Ҳужумларда тўп узатишлар ва иккинчи қаватдаги курашларда ҳужумчилар тўпни камдан-кам ҳолатларда ютиб олишяпти. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?
- Ҳозир ўйинни таҳлил қиляпмиз, камчиликларимизни ўрганяпмиз. Жўрақўзиев барча тўплар учун курашда мағлуб бўлди, деб айта олмаймиз. У имкони борича тўпни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Бу ерда рақиб жамоасини ҳам ҳисобга олиш керак. Уларда ҳам бўйи баланд, гавдали икки нафар футболчи бор. Улар иккита бўлиб курашга киришишяпти ва ўйинни яхши ўқишяпти.
Шундай бўлса-да, рақибда айтарли даражада хавфли вазиятлар кўп бўлмади. Бизда эса Жўрақўзиевда яхши имконият бўлди. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, у гол ура олмади. Раҳматуллаев эса яхши узатма амалга оширди.
Нима ҳам дердик, бугун шундай бўлиши керак экан. Биз ҳам ғалаба қозонишни хоҳлагандик. Ҳар бир жамоа майдонга ютиш учун тушади. Аммо биздаги вазиятлардан бири гол билан якунланмади. Ҳаёт шундай, футбол ҳам ҳаётнинг бир қисми. Футболчилар майдонда бор кучлари билан ҳаракат қилишади», - дея Худоёровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.