Россиялик таниқли мутахассис Гаджи Гаджиев Ўзбекистоннинг «Ғазалкент» клуби тизимига кирди. Бу ҳақда Eurasia Football хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, томонлар келаси мавсум учун ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришган. 80 ёшли мураббий аллақачон «Ғазалкент»даги ишини бошлаган. Ҳозирда у жамоа тузилмаси, машғулотлар жараёни ҳамда футболчиларни тайёрлаш тизими билан танишмоқда.
2027 йилги мавсумдан бошлаб Гаджиевнинг клубдаги фаолияти тўлиқ шаклда йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Мутахассиснинг асосий вазифаларидан бири ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини ривожлантиришдан иборат бўлади. Шунингдек, у «Ғазалкент» мураббийлари билан ишлаши ва уларнинг малакасини оширишга ҳам ҳисса қўшиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Зайниддин Тожиев бошқарувидаги жамоа Пролигада иштирок этмоқда. Ўзбекистон кубогида чоракфиналга қадар етиб келиб, «Навбаҳор»га ютқазиб, турнирдаги иштирокини якунлаганди.