2026 йилги Жаҳон чемпионатининг чоракфиналида энг кўп чемпионликка эга миллий жамоалар иштирок этмайди.
Бразилия 1/8 финал баҳсида Норвегияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Жанубий Америка вакиллари мундиаллар тарихидаги энг совриндор жамоа бўлиб, улар ҳисобида бешта чемпионлик бор (1958, 1962, 1970, 1994, 2002).
Аввалроқ тўрт карра жаҳон чемпиони бўлган Германия 1/16 финалда Парагвайга (1:1, пеналтилар серияси — 3:4) ютқазиб, мусобақа билан хайрлашганди. Немислар 1954, 1974, 1990 ва 2014 йилларда тенгсиз жамоа бўлган.
Тўрт марта жаҳон чемпионларидан яна бири Италия миллий жамоаси (1934, 1938, 1982, 2006) эса умуман мусобақага йўлланма ололмаганди. Улар кетма-кет учинчи мундиални ўтказиб юбормоқда.
Шунингдек, икки карра жаҳон чемпиони Уругвай (1930, 1950) ушбу турнирда гуруҳ босқичидан чиқолмади. Уч карра жаҳон чемпиони Аргентина (1978, 1986, 2022) эса ҳамон бош соврин учун курашни давом эттирмоқда.
Мундиалларнинг энг совриндор 3 жамоаси ЖЧ-2026 чоракфиналига етиб келолмади
Футбол
6 июл, 05:50
Улардан бири Италия умуман турнирга чиқолмаган.
Foto: Getty Images