«Ноттингҳэм Форест» клуби Оливер Гласнер бош мураббий этиб тайинланганини расман эълон қилди.
Австриялик 51 ёшли мутахассис билан 3 йиллик шартнома имзоланган.
Гласнер 2025/26 йилги мавсум якунланганидан сўнг «Кристал Пэлас»ни тарк этганди. У лондонликлар билан Англия кубоги, Англия суперкубоги ҳамда ўтган мавсумда УЕФА Конференциялар лигасида ғолиб чиқди.
«Гласнер «Форест»га УЕФА Европа лигаси ва УЕФА Конференциялар лигасида бош мураббий сифатида ғолиб чиққан тарихдаги учинчи мутахассис сифатида келмоқда.
Унинг Европа мусобақаларидаги муваффақиятлари, шунингдек Англияда қўлга киритган миллий совринлари ғолиб жамоаларни шакллантира олиш қобилиятини яққол намоён этади», — дейилади клуб баёнотида.
Маълумот учун, ўтган мавсумда «ўрмончилар» Англия Премер-лигаси турнир жадвалида 44 очко тўплаб, 16-ўринни эгаллаганди. Жамоани мавсум давомида жами 4 мураббий бошқарганди.
Оливер Гласнер — «Ноттингҳэм Форест» бош мураббийи
Футбол
6 июл, 05:25
«Ўрмончилар» «Кристал Пэлас»ни тарк этган австриялик мутахассис билан шартнома имзолашди.
Foto: Nottingham Forest