Бугун
2
Ўзбек

Кейруш Гана миллий жамоаси бош мураббийлигидан кетганини эълон қилди

Футбол
6 июл, 01:25
Мутахассис ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Гана халқи ва мамлакат футбол федерациясига раҳмат айтди.
Зоиров Шоҳрух
Шоҳрух Зоиров Редактор
Кейруш Гана миллий жамоаси бош мураббийлигидан кетганини эълон қилди
Фото: Getty Images

Португалиялик мутахассис Карлуш Кейруш ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Гана миллий жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этаётганини маълум қилди.

«Ганага мурожаат қилмоқчиман. Футбол ҳам, ҳаёт ҳам бизга битта абадий сабоқни ўргатади: ё ғалаба қозонасан, ёки сабоқ оласан.

Мен бу йўлни эришган ютуқларимиздан фахрланган ҳолда, аммо доимо янада кўпроққа интиладиган инсонга хос соғлом қониқмаслик туйғуси билан якунлаяпман.

Янада юқори босқичга чиқиш ҳеч қачон якуний мақсад бўлмаслиги керак. Аксинча, у янада улкан мақсадлар сари бошланғич нуқтага айланиши лозим.

«Қора юлдузлар»нинг келажаги фақат майдонда қурилмайди. Бу жамоанинг муваффақияти майдон ташқарисида — Гананинг иқтидорли футболчиларини тайёрлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун энг яхши шароитларни яратишдан бошланиши керак.

Футбол федерацияси президенти ва раҳбариятига Гана миллий жамоасига хизмат қилиш имкониятини бергани учун чуқур миннатдорчилик билдираман. Бу мен учун катта шараф эди.

Футболчиларим ва мураббийлар штабига жасорати, фидойилиги ва меҳнатга бўлган садоқати учун самимий раҳмат айтаман.

Мухлисларга эса шуни айтмоқчиман: спорт натижаларидан тўлиқ қониқиш қийин, аммо биз Гана шарафини муносиб ҳимоя қилганимиз ва «Қора юлдузлар»нинг жаҳон футболидаги ҳурмати ҳамда обрўсини қайта тиклаганимиздан фахрланишга ҳақлимиз.

Раҳмат, Гана. Йўл энди бошланмоқда», — дея ёзиб қолдирди Кейруш.

Маълумот ўрнида, 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Гана Панамани 1:0 ҳисобида мағлуб этди, Англия билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва Хорватияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. 1/16 финал босқичида эса жамоа Колумбияга 0:1 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тарк этди.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Гана Гана
Бугунги янгиликлар