Федерико Валверде ва Орелиен Чуамени ўртасидаги можаро «Барселона» кийиниш хонасида ҳам асосий мавзулардан бирига айланган. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар берди.
Манбага кўра, «кўк-анорранглилар» футболчилари воқеа тафсилотларини учинчи томон орқали билиб олган. Жамоанинг аксарият футболчилари можарода асосий жавобгарлик Валверде зиммасида деб ҳисобламоқда.
Қайд этилишича, «Барселона» футболчилари уругвайлик ярим ҳимоячининг аввал ҳам агрессив ва спортга хос бўлмаган ҳаракатлари билан танилганини эслатган. Хусусан, Испания миллий жамоасида ўйновчи футболчилар 2023 йилда Валверденинг Алекс Баэнага ҳужум қилгани ҳақидаги воқеадан ҳам хабардор экани айтилмоқда.
Шунингдек, «Барселона» кийиниш хонасида Валверденинг можаро ортидан ижтимоий тармоқларда ёзган пости ҳам муҳокама қилинган. Манбага кўра, футболчи воқеа бўйича қарама-қарши фикрлар билдирган ва матнда грамматик хатоларга ҳам йўл қўйган.
Маълумот учун, «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги «Эл Класико» 10 май куни бўлиб ўтади.