Франция миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Терри Анри «Барселона» ва Испания миллий жамоаси футболчиси Ламин Ямал ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
«Биласизми, Ламин ҳақида мени энг ҳайратда қолдирадиган жиҳат — бу унинг қарор қабул қилиши. Евро-2024 яримфиналида Францияга қарши ўйинда у қарши ҳужумда вазиятни давом эттириши мумкин эди. Аммо у 17 ёшида ўйинни секинлаштиришни танлади, чунки бу жамоа учун тўғри қарор эди», — деди Анри Маrса нашрига.
Мутахассис Ямалнинг айнан футболга хос тафаккурини алоҳида таъкидлади.
«Кўпчилик унинг техникаси ва маҳоратини кўради, лекин мени унинг интеллекти ҳайратда қолдирди. У худди ўз ҳовлисида ўйнаётгандек ҳаракат қилади», — деди у.
Анри 2026 йилги жаҳон чемпионатига ҳам тўхталиб ўтди.
«Мен уни энг юқори формаси билан кўришни истайман. Жаҳон чемпионатида энг яхши футболчилар энг яхши ҳолатда бўлиши керак. Ҳатто бу Франция учун хавф туғдирса ҳам», — деди Анри.
Эслатиб ўтамиз, Ламин Ямал Евро-2024да Испания миллий жамоаси билан чемпионликни қўлга киритган эди.