Ниҳоят, қўқонликлар ғалаба нишадасини суришди. Ўз майдонида «Қўқон-1912» «Локомотив»ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Андрей Сергеевич, аввало, ўйин ҳақида фикрингиз?
- Яхши, жуда жонли ва асабий кечган ўйин бўлди. Бугун бироз омадимиз ҳам келди, иккита яхши ва тезкор гол урдик. Умуман, ўйин давомида айрим алмаштиришларни амалга оширдик. Шундан кейин бироз пасайиб қолдик, тўғрироғи, онгли равишда эмас, бироз ўзимиз билмаган ҳолда орқага чекиндик. Жуда кўп куч сарфланди — ҳам рақиб, ҳам биз томондан. Шунинг учун ўйиннинг якуний қисми жуда асабий кечди. Тушунарсиз тарзда бир гол ўтказиб юбордик. Бу кимнинг хатоси — бизнингми ёки рақибнинг хизматими, аниқ айтиш қийин. Лекин бугун биз ғалабага муносиб эдик, деб ҳисоблайман. Чунки биз бу ғалабага жуда узоқ вақт интилиб келдик. Сафарда ҳам ёмон ўйин ўтказмаган эдик. Шунинг учун бугун йигитларга: «Бошқа йўл йўқ, бу вазиятдан фақат ўз кучимиз билан чиқишимиз мумкин», дедим. Аввало, ўзимизга бўлган ишончни тиклашимиз керак эди. Шунинг учун футболчиларимни табриклайман. Бугун улар ўзларида бор барча кучни максимал даражада ишга солишди. Жуда оғир бўлди: ҳаво дим, майдон ҳам унчалик яхши ҳолатда эмас эди. Бундай шароитда ўйнаш осон эмас.
- Жамоамиз сўнгги 20 дақиқада анча пасайиб кетди, умуман ўйиндан чиқиб қолгандек бўлди. Бу чарчоқ билан боғлиқми?
- Сўнгги 20 дақиқада, айтганимдек, ҳақиқий «ёнғин» бўлди. Бу аввало, психологик ҳолат билан боғлиқ. Биринчидан, ҳисобни ушлаб қолиш керак эди. Иккинчидан, сиз тўғри айтганингиздек, жисмоний жиҳатдан ҳам бироз пасайдик. Жуда оғир бўлди. Майдон ҳам ўз таъсирини кўрсатди, жуда оғир шароит эди. Бундан ташқари, жамоа зиммасида катта масъулият бор эди. Биз анча вақтдан бери ғалаба қозона олмаётгандик. Ўз майдонимизда сўнгги марта «Бунёдкор»ни мағлуб этган эдик. Шундан кейин натижа жиҳатидан яхши бўлмаган бир қатор ўйинлар ўтказдик. Ўйин сифати борасида эса жамоада доим ҳаракат бор. Бугун эса сифатли футбол кўрсатиш жуда қийин эди. Ҳисоб 2:0 бўлганида яна бир гол урганимизда, 3:0 бўлса, ўйин масаласи ҳал бўлар эди. Аммо бундай бўлмади. Рақиб ҳам, биз ҳам алмаштиришлар қилдик. Қайси алмаштириш кучайтирди, қайси бири акс таъсир қилди — буни ўйин жараёнида аниқлаш қийин. Футболчиларнинг ўзлари ҳам алмаштириш сўрай бошлашди.
Нимели ҳам, Жавоҳир Сиддиқов ҳам алмаштиришни сўрашди. Уларга охиригача ўйнаш жуда оғир бўлди. Мен ҳам ҳеч кимни мажбуран майдонда ушлаб турмадим. Одатда бундай ҳолат кам учрайди — футболчиларнинг ўзлари алмаштириш сўраши жуда камдан-кам бўлади. Лекин бугун ҳақиқатан ҳам жуда оғир ўйин бўлди. Сиз ўзингиз ҳам кўрдингиз, «Локомотив» футболчиси майдонни тарк этганда, унинг ҳам оёқлари тортишиб қолган эди. Демак, бугунги шароитда ҳамма учун жуда қийин бўлди.
- Бугунги ғалабада омаднинг ҳам ҳиссаси бор, дейиш мумкинми?
- Албатта, омад ҳам биз томонда бўлди. Энг муҳими, биз иккита тезкор гол урдик. Ўйин олдидан футболчиларга юқорида ўйнаш, агрессив ҳаракат қилиш кераклигини айтгандим. Биз рақибга қарши фақат ҳимояланиб ўтирмадик. Иккита голни ҳам осмондан тушириб олганимиз йўқ — майдонда курашдик, рақибни хатога мажбур қилдик. Бугун омад ҳам биз томонда бўлди. Чунки бунгача қанча вазиятлар яратдик, лекин улардан фойдалана олмадик. Бугун футболчиларга бир нарсани аниқ айтдим: гол урмасак, ғалаба қозона олмаймиз. Қандай ўйнамайлик, қанча тўп назоратига эга бўлмайлик, қанча вазият яратмайлик — дарвоза бор, дарвозабон бор ва гол уриш керак. Худога шукр, бугун ҳаммаси биз учун яхши томонга ҳал бўлди.
Энди Тошкентдаги сафар ўйинига тайёргарлик кўрамиз. Тикланиш учун одатдагидан бир кун кам вақтимиз бор. Менимча, кейинги учрашувда уч-тўрт футболчи таркибда ротация қилиниши мумкин. Чунки бугун футболчилар жуда-жуда кўп куч сарфлашди. Худога шукр, ҳеч ким жароҳат олмади. Шунинг учун жиддий жисмоний муаммолар ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Агар кимдир жароҳат олганида ёки мушаклари тортишиб қолганида, вазият бошқача бўларди.
Ҳозир эса шунчаки чарчоқ. Футболчиларнинг юрак-қон томир тизими ҳам ўз чегарасига етганини кўрдик. Биз бу кўрсаткичларни компьютер орқали кузатиб борамиз, ҳаммаси кўриниб туради. Шунинг учун, Худога шукр, бугунги ўйин ҳам, барча қийинчиликлар ҳам ортда қолди. Энди тикланиб, кейинги учрашувга тайёрланамиз. Бошқа йўл йўқ. Бошқа вариант ҳам йўқ. Ғалаба қозонишимиз керак. Ғалаба, ғалаба ва яна ғалаба!», - дея Шипиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.