Ферран Торрес “ПСЖ” футболчисига айланди. Парижликлар ва “Барселона” трансфер бўйича келишувни 15 август куни расман эълон қилди. Испаниялик ҳужумчи Парижга бориб, тиббий кўрикдан ўтди ва янги жамоаси билан дастлабки машғулотида иштирок этди.

Торрес “ПСЖ” расмий медиаcига берган интервюсида янги жамоага қўшилганидан хурсанд эканини айтди. У Париж клубидаги фаолиятини юқори мақсадлар билан бошламоқчи, дея интервюдан иқтибос келтирмоқда “Marca”.
“Бу лойиҳага қўшилаётганимдан жуда хурсандман ва ҳаяжондаман. Бу жуда катта мақсадларга эга лойиҳа. Мен ҳам камтарлик билан ўз ҳиссамни қўшишни хоҳлайман. Президент Носир ал-Хелайфий, Луис Кампос ва Луис Энрикега менга билдирган ишончлари учун раҳмат айтмоқчиман. Янги жамоадошларим билан майдонга тушишни интиқлик билан кутяпман”, деди Торрес.
26 ёшли футболчи учун “ПСЖ”га ўтишда Луис Энрике омили ҳам муҳим бўлган. Улар аввал Испания терма жамоасида бирга ишлаган.
“Мен буни доим айтганман: футбол оламида Луис Энрике мен учун отамдек бўлган. Терма жамоада унинг қўл остида ишлаган пайтимда у менга доимо катта ишонч билдирган. Энди яна унинг қўл остида ўйнаш имкониятига эга бўлишимдан жуда хурсандман”, деди ҳужумчи.
Торрес мураббийнинг футболчи билан ишлаш услубини ҳам юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, Луис Энрике футболчини тушуниш, унга ишонч бериш ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этишига ёрдам беришни яхши билади.
Испаниялик ҳужумчи “ПСЖ”даги мақсадларини ҳам белгилаб олган. “Барча совринларни яна қўлга киритиш, парижлик мухлисларни хурсанд қилиш, кўп гол уриш ва голли узатмалар бериш, энг муҳими, ғалабалар йўлида давом этишни хоҳлайман”, деди Торрес.