Live
15
Ўзбек

Фабрицио Романо трансфер хабарларини ёритишни тўхтатиши мумкин

Футбол
15 август, 13:16
Машҳур инсайдер трансферлар бозоридаги фаолиятини ўзгартиришини маълум қилди.
Фабрицио Романо трансфер хабарларини ёритишни тўхтатиши мумкин
Foto: Givemesport

Футбол трансферлари бўйича дунёдаги энг машҳур инсайдерлардан бири Фабрицио Романо ёзги трансферлар ойнаси якунланганидан кейин ўз фаолиятини ўзгартириши мумкин. 33 ёшли италиялик журналист бу ҳақда LinkedIn саҳифасида маълум қилди.

“Эҳтимол, энди трансферлар бозорида бугунги форматда ишламайман. Ёндашув ва қарашларимни ўзгартириш вақти келди. Бу ҳақда трансферлар ойнаси ёпилганидан кейин батафсилроқ гапираман. Бу даврдаги рақамлар ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмас даражада”, деб ёзди Романо.

Романо ҳозирга қадар ижтимоий тармоқларида футболчиларнинг трансферлари, клублар ўртасидаги музокаралар ва келишувлар ҳақида тезкор инсайдерлик маълумотларини бериб келади. Унинг маълумотлари кўп ҳолларда трансферлар расмий эълон қилинишидан аввал пайдо бўлади.

Италиялик журналист трансферлар ҳақидаги хабарларни ёритишда “Here we go” ибораси билан ҳам машҳур. Романо бу иборани одатда футболчининг янги клуби билан келишувга эришилгани аниқ бўлганидан кейин ишлатади.

Goal нашри Романонинг LinkedIn’даги баёнотига таяниб хабар берган. Инсайдер ҳозирча журналистикани бутунлай тарк этишини айтмаган, балки трансферлар соҳасидаги ишлаш услуби ёки фаолият форматини ўзгартириши мумкинлигига ишора қилган.

Романо ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга. Унинг X платформасида 28,7 млн, Instagram’да 49,1 млн ва YouTube’да 3,24 млн обуначиси бор.

Европанинг асосий чемпионатларида ёзги трансферлар ойнаси 1 сентябрда ёпилади. Шундан кейин Романо ўзининг кейинги режалари ҳақида батафсил маълумот бериши кутилмоқда.

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

5+ изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар