Суперлиганинг 17-турида «Навбаҳор» ўз уйида «Бунёдкор»ни қабул қилди. Учрашув голларга бой ўтди ва унда наманганликлар қийинчилик билан 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Мезбонлар бош мураббийи Темур Кападзе эса матбуот анжуманида иштирок этди.
- Биринчи навбатда «Навбаҳор» мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Жуда қийин учрашув бўлди. Аслида бундай қийин ўйин бўлмаслиги керак эди. 2:0 эди, яна уришимиз керак эди. Ғиёсовни жароҳати қандайдир таъсир қилдими, билмадиму, аммо ўша пайт йигитлар ўйинни бироз ташлашди. Ҳимоядаги хатолар бизга қимматга тушишига озгина қолди. «Бунёдкор» яхши ўйин кўрсатди, нафақат бу ўйинда, балки барча учрашувларда ҳам яхши ўйнаяпти, курашишяпти.
Аламлиси, уларни ҳар бир тепган тўпи дарвозамизга кирди. Хурсанд қиладигани, охиригача курашдик ва ғалабани қўлга киритдик. Мухлисларимизни хурсанд қилишимиз зарур эди. Худога шукр, уларни олдида юзимиз ёруғ бўлди. Лекин ҳимоядаги камчиликларимиз бизни бош оғриғимиз. Буни устида ишлаймиз, таҳлил қиламиз. Чунки осон голлар ўтказдик. Биз янада дадилроқ ўйнашимиз керак.
- Ғиёсовни ўрнига Абдураҳмонов туширилди. Шундан кейин «Бунёдкор» ташаббусга эга бўлди ва ҳужумлари ёрқинроқ бўлди.
- Бундан олдин ҳам қандай назорат қилишини билардик. Айниқса ҳимоямизда Саидазамат қанотидан кўп ҳужумлар уюштиришди. Бошида туширмоқчи эдик. Лекин шунақа ўзгариш қилдик. Абдураҳмонов ёмон ўйнамади. Балки бундан ҳам яхшироқ ўйнаса бўларди. Жияновни иккинчи бўлимда жамоа чарчаганида майдонга тушириб, ўйинни кучайтириш хаёлимда бор эди. Албатта у ва бошқа ўйинчилар ҳам майдонга тушиб ўйинни кучайтиришди. Ғиёсовни жароҳати ва ҳисоб 2:0 бўлгач, ўйинни бироз ташлаб юбордик. Рақиб эса голлар урди ва бу уларга устунлик берди. Яна имкониятларимиз бўлди, яна голлар уришимиз мумкин эди. «Бунёдкор»ни ҳар бир зарбаси бизга қимматга тушди. Муҳими, уч олдик. Камчиликлар устида ишлаймиз. Олдимизда «Насаф» билан ўйин турибди. Шу учрашувга тайёргарлик кўришимиз керак.
- Асосий таркибда бир қатор ротацияларга қўл урдингиз. Бу рақиб ўйинидан келиб чиқиб қилиндими ёки футболчиларни чарчоқ аломатлари туфайлими?
- Кетма-кет ўйинларда барибир йигитлар толиқишади. Захирадаги ҳар бир футболчини асосий таркибда ўйнашга ҳақли деб биламан. Ҳеч кимни ажратмайман. Усмонов, Ғиёсов кабиларни туширдик, яхши ўйнашди, гол ҳам урди. Балки жароҳат бўлмаганида яна уриш эҳтимоли бор эди. Энг муҳими, бу ғалабамиз. Кимдир асосий таркибда, кимдир захирадан тушади, битта нарса қиляпмиз, улар ҳам буни тушуниб туришади. Ўйинларимиз кўп. Шу боис ротация қилиб, нариги футболчиларни ҳам тонусда ушлашимиз керак. Оддий жойда жароҳат олиш эҳтимоли бор.
- Муҳаммадали Ғиёсовни жароҳати жиддий эмасми?
- Йўқ. Биз хавотирда эдик. Ҳозир келди, унчалик жиддий эмас экан, қайириб олибди. Худо хоҳласа, яхши бўлади. Ҳеч кимга жароҳат олишни тиламайман. Чунки бу футболчини анча орқага тортади. Жамоага ҳам зарар бўлади. Бугун муҳит ҳам зўр бўлди. Бутун ўйин давомида биз учун «стресс»ли ўйин бўлди. Гол урганда доим гол ўтказиш аламли бўларкан. Биз яхшироқ ўйнашимиз ва рақибга имконият бермаслигимиз керак.
- Абдулла Абдуллаев жамоага келди, бирорта ҳам ўйин ўйнамасдан яна қайтиб кетди…
- Абдуллаев билан шартнома йил охиригача эди, 5 ойгача тузганмиз, жароҳатини билган ҳолда. Бир ойда яхши бўлишини айтишган ва кейин рентген қиламиз деди. Бир ой ўтди, даволанди, якка тартибда бироз шуғулланишни бошлади. Лекин такрорий рентгенда жароҳати битишига анча бор экан. Агар бир ярим ё икки йиллик шартнома бўлганида майли тушунса бўларди. Лекин шунақа келишган жойимиз бор эдики, агар жароҳат узоқ чўзиладиган бўлса, шартномани бекор қиламиз. Бирга-бир гаплашиб, келишганмиз. Менимча, «Нефтчи» бир ярим ё икки йилга шартнома берди. Буни тушунса бўлади. Бизда эса 5 ойлик эди. 2-3 ойдан кейин таркибга қайтиши, спорт формасини тиклаши бор. Молиявий ҳолати ҳам бор. Бизга ҳам захира керакку. Раҳбарият гаплашди, ҳеч қандай муаммо бўлмади. Абдуллаев миллий жамоа аъзоси ва Ўзбекистондаги кучли футболчилардан бири. Тезда тузалиб, сафга қайтишини тилакдошиман. Барибир миллий жамоага ҳам, ўзига ҳам керак. Қаерда бўлса ҳам омад тилайман. Биласизлар, бизга яна ўйинчилар келди, яхши таркиб шаклланди. Олдимизга қўйилган вазифани бажариш учун имкониятимиз яхши. Албатта, вақт керак. Кимни қанақа камчилиги борлиги кўриняпти. Аммо таркибда яхши ўйинчилар бор ва бир-бирига муносиб. Ёш ва ҳар тарафлама жамоада баланс мавжуд», - дея Кападзени сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.