Live
3
Ўзбек

Миржалол Қосимов: «15 дақиқалик танаффус фойдамизга ишламади»

Эксклюзив
8 август, 15:15
ОКМК устози «Бунёдкор»га қарши баҳсдан сўнг фикрларини билдирди.
Миржалол Қосимов: «15 дақиқалик танаффус фойдамизга ишламади»
Фото: ОКМК
08.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Бунёдкор Бунёдкор 2 : 3 OKMK OKMK

«Бунёдкор» - ОКМК (2:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов фикрларини билдирди ва саволларга ҳам жавоб қайтарди.

- Ассалому алайкум. Ўйинга келадиган бўлсак, муҳими уч очкога эришдик. Йигитлар билан гаплашганимизда ҳам ҳозир ҳамма вазиятни тушуниб турибди, «Бунёдкор»даги ҳолатни, ўйинчилар кетишяпти. Ёшлар жамоасидан ўйинчиларда ўзларини кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Улар охирагача курашишга ҳаракат қилишди. Бу эса бизга қийинчилик туғдирди. Биринчи бўлимда қарши ҳужумда ўтказиб юборган голимиз, кейин учта гол урдик. Иккинчи бўлимда яна тезкор ва тушунарсиз гол ўтказиб юбордик. Бу бизга ўзига яраша қийинчилик туғдирди. Қайсидир маънода «Бунёдкор» жонланди. Яна гол уришга, ҳеч бўлмаса дуранг ўйнашга ҳаракат қилди. Ўйин курашларга бой бўлди. Кераклиги уч очкога эришдик. Бу йил энг қийнаган майдон сифати шу бўлса керак. Йигитларда оддий вазиятларда тўпни йўқотиш, тўп узатилаётганида ўхшамаётгани...Лекин муҳим уч очкони қўлга киритдик. «Бунёдкор»га омад тилаймиз.

- Ғалаба билан табриклаймиз. Мавсум қийин бошланди, 3 та ўйинда 1 очко. Ҳозир эса ОКМК 3-ўринда. Жамоа ўтган турда «Насаф»га қарши жуда қийин ўйинни ўтказди. Бугун иккинчи таймда шунчаки ҳудудларни рақибга бериб қўйдингларми ёки «Бунёдкор» ҳисобдан келиб чиққан ҳолда «босдими»?

- Ечиниш хонасида ҳам айтдим, футбол 90 дақиқа ўйналади. Ечиниш хонасидан чиққунимча иккинчи голни ўтказиб юбордик. Футболчиларга ўйиндан олдин ҳам, ечиниш хонасида ҳам айтдим, майдон жуда оғир. Чарчоқ аломатлари сезилиши мумкин, бунақа майдонда оёқ ўтириб қолади. Ўйнаган одам билади. Бу ерда уятли жойи йўқ. Охиригача ўйнанглар, агар чарчасаларинг қўлингни кўтаринглар дедим, мен бу нарсани тушанаман. Яхши комбинация ва яхши вазиятга чиққандик, Сияваш гол уриши керак эди. Ўша пайтда яхши яратилган имкониятдан унумли фойдаланилганида ўйин бошқача кечиши ҳам мумкин эди. Битта эпизод ўзгартириб юбориши мумкин. Биринчи бўлимдаги ўйинимизни яна давом эттириш айтилганди. Агар ҳакам хуштагини чалмасдан танаффусга чиқиб кетмаганимизда ўша ўйинни давом эттирардик. Қайсидир маънода 15 дақиқалик танаффус фойдамизга ишламади. Тезкор гол ўтказдик.

- ОКМК кўпинча очиқроқ футбол намойиш қилади. Рақибга ҳам имкон беради, ўзи ҳам имкониятга эга бўлади. Мавсум бошидан бери ОКМК деярли ҳамма ўйинларда гол ўтказяпти. Адашмасам иккита учрашувни голсиз якунлаган. Бу мухлислар учун томошабоп бўлиши мумкин, аммо сизни хавотирга солса керак. Бу ҳимоячиларни савияси билан боғлиқми ёки жамоа олдинга ўтганида табиий ҳолатда юз беряптими?

- Авваламбор хатолар бўлади. Биз ёпиқ футбол ўйнамаймиз, ҳужумкор ўйнаймиз. Бу биринчи сабаб. Иккинчиси, ҳужумга чиққанимизда хоҳлайсанми-йўқми, орқада бўш ҳудудлар очилади. Учинчидан, жамоани биринчи зонадан учинчи зонага чиқиб кетиш маҳоратида, қарши ҳужумда биз улгурмай қоламиз. Яна стандартлар сабаби бор. Унда эътиборли бўлиш керак. «Насаф» билан учрашувда Муҳитдинов гол урганида Шох тўпга қараши керак эмасди. Охирагача Шароф Муҳитдинов билан ўйнаб қўйиши керак эди. «Спартак» нимага ютарди? «Стенка»лари билан! Қарагунингча ўйинчи кетиб бўларди, унга ета олмасдинг. Оддий нарсалар. Хушёрликни йўқотмаслик муҳим. Футбол 11 га 11. Масалан, Плетнёв гол урганида Сияваш у билан охиригача ўйнаб қўйиши керак эди. Фақат ҳужумда эмас, жамоа бўлганидан кейин ҳимояда ҳам иштирок этиш керак. Шунинг учун айтаман: ё ҳамма ютади ё ҳамма ютқазади, бўлди, учинчи вариант йўқ. Ҳа, ўтказилаётган голлар кўп, қаердадир малака етишмаслиги ҳам мумкин. Иложи борича миясига сингдиришга ҳаракат қиламиз. Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи дейишади. Хулоса инсонни ўзига боғлиқ.

- Ўтган ўйинда Каримов жароҳат олганмиди?

- Бўлиб турадиган нарса, жароҳат бор эди. Охирги вазиятда кўриб қолдим. Иссиқ жон. Шунинг учун ҳар бир позицияга иккитадан футболчи бўлиши керак, аслида. Кўпроқ бўлса ундан ҳам яхши. Ўйин пайтида жуда паст ўйин кўрсатди, кутмагандим. Ҳамма курашларни ютқазди, жуда секин. Шунинг учун ўтган ўйиндан кейин айтдим: қийналиб гол урамиз ва жуда осон иккита голни ўтказиб юбордик. Меҳнатни қадрига етиш керак. Шунинг учун биринчи бўлимдан кейин алмаштириб юбордим. Каримов Абдиҳолиқовга ютқазди. Йигитларга айтдим, касални беркитсанг иситмаси ошкор бўлади.

- Ғалабада характер гол ўйнадими ёки футболчиларнинг индивидуал маҳоратими?

- Жамоавий.

- «Бунёдкор» кўпчиликка нисбатан сизга яқинроқ клуб ҳисобланади. Бу клубни комадаги бемор десам ҳам бўлади. Жамоага янгитдан ҳаёт бағишлаш керакми ёки шу қийинчиликлар билан курашиши керакми?

- Илёсга ҳам айтдим, энг кераклиги уйдагилар ва соғлигинг яхшими, дедим. Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетади. Шундай маскан оз-мунча одамларни ниятлари билан қурилган жой эмас. Бу ерда қанчадан-қанча инсонларни меҳнати ётибди. Бу ерни ҳеч ким кўтариб кетмайди, бу ер қолади, болаларимиз учун ишлайди. Яхши ниятдамиз, ечимини топишади. Демак, шу нарса бўлиши керак, бекордан-бекорга бўлмайди. Ечим топилади, деган умиддаман. Биз ўтиб кетгандан кейин ҳам бу ер халқимиз учун хизмат қилади», - дея Миржалол Қосимовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бунёдкор Бунёдкор
  • OKMK OKMK
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар