Суперлиганинг 16-тури якунланди. Тошкентда «Бунёдкор» ОКМКни қабул қилди. Голларга бой ўтган учрашув 2:3 ҳисобида ОКМК жамоасининг фойдасига ҳал бўлди. Ўйиндан сўнг «Бунёдкор» устози Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
- Барчангизга хайрли кеч. Аввало, ОКМК жамоасини ғалаба билан табриклайман. Жуда оғир ва қизиқарли ўйин бўлди. Ўйлайманки, биз дуч келаётган барча қийинчилик ва муаммоларга қарамай, йигитлар яхши футбол кўрсата олишди, рақибга босим ўтказишди. Агар саволларингиз бўлса, марҳамат, жавоб бераман.
- Бугун қизиқарли ўйин бўлди. Ғалабага эришишга нима етмади? Ўйинда яхши футбол кўрсатилди. Келгуси учрашувлар олдидан жамоа қайси йўналишда ҳаракат қилади?
- Мен бу масалада очиқ гапираман. Чунки ҳамма нима бўлаётганини ва футболчилар бу ҳолатни қандай қабул қилаётганини билиши керак. Беш миллиард сўм маблағ ажратилди. Унинг икки ярим миллиард сўми дарҳол солиққа ушлаб қолинди. Қолган икки ярим миллиард сўм эса декабрь ойидан буён жамоада бўлган футболчиларга маош сифатида берилди. Менимча, бу маблағ бир ойлик, эҳтимол, бир ярим ойлик маошга етди. Балки январь ойи ва февраль ойининг бошларига. У ҳаммага берилмади. Ҳозир клубни тарк этган футболчилар ҳали ўз маблағларини олишмаган. Асосан ҳозир жамоада қолган футболчиларга берилди. Ҳеч бўлмаса, уларда қандайдир ташқи мотивация бўлиши керак. Чунки уларнинг аҳволи жуда оғир. Бу ҳақда мен кўп марта айтганман: гап оила ҳақида кетяпти. Оила бор, масъулият бор. Энди бу масала менга боғлиқ эмас. Мен автобус буюртма қила олмайман ёки овқатланиш масаласини ўзим ҳал қила олмайман. Агар бу менинг қўлимдан келганида, эҳтимол, ўзим ҳам ёрдам берган бўлардим.
Лекин менинг ҳам оилам бор. Агар имконим бўлганида, «Бунёдкор»ни таъминлаш учун футболни шу даражада давом эттирмасдим, деб айтган бўлардим. Албатта, жамоага ёрдам беришни жуда хоҳлардим.
- Сўнгги вақтларда трансфер янгиликларида асосан «Бунёдкор»ни тарк этаётган футболчилар ҳақида хабарлар кўпайиб кетди. Балки яна кетиш ниятида бўлган футболчилар ҳам бордир. Саволим бироз бошқачароқ. Европада ҳам шундай ҳолатлар бўлганини биламиз. Лекин у ерда клубга садоқат деган тушунча ҳам бор. Масалан, «Фиорентина» банкрот бўлиб, жамоа С сериясига тушиб кетганида ҳам айрим футболчилар клуб билан бирга қолишган. Ёки «Парма» билан шундай ҳолат бўлган. Улар ҳозиргача мухлислар томонидан яхши хотиралар билан эсга олинади. «Бунёдкор»да ҳам шундай футболчи борми? Яъни қийин вазиятга қарамай, бошқа таклифлар бўлишига қарамай: «Йўқ, мен жамоада охиригача қоламан ва ёрдам бераман», деган футболчи борми?
- Жуда яхши савол. Катта раҳмат. Лекин контекст ҳар хил, шароит бошқа-бошқа. Биз баъзида ўзимизни Италия ёки Англия билан солиштирамиз. Аммо ҳозирча ўзимизни ўша чемпионатлар билан таққослай олмаймиз, чунки у ердаги шароит мутлақо бошқача. Мен ўша даврда Италияда эдим, банкротлик жараёнлари содир бўлаётган пайтларни кўрганман. Лекин ўша клублар кейин қайта тикланганида ҳам уларнинг стадионлари доимо тўла бўлган — 35–40 минг мухлис трибуналарда жамоасини қўллаб-қувватлаган. Футболкалар сотилган, одамлар стадионга борган. Яъни, маркетинг тизими йўлга қўйилган, барча жараёнлар аллақачон изга тушган эди.
Ростини айтсам, биз ҳали ривожланиш босқичидамиз. Умид қиламанки, бундан кейин ҳам яхши томонга ривожланиб борамиз. Шунинг учун ҳозир биз билан уларни таққослаш нотўғри. Биз баъзида улардек ўйнашни, улардагидек тиббиёт тизими бўлишини, реабилитация хизмати йўлга қўйилишини хоҳлаймиз. Лекин, менимча, Европа футболидаги жараёнларнинг чуқурлигини ҳали яхши тушуниб етмаяпмиз. Ҳатто у ердаги барча тафсилотларни ҳали англаб олганимиз йўқ. Шунинг учун бу жараёнларга бироз чуқурроқ кириб боришимиз керак.
- Сардор Раҳмонов ҳақида нима дея оласиз? Унинг бугунги ўйини ва характерини қандай баҳолайсиз?
- Менимча, Сардорнинг ўзи жангчи. Унинг характери шундай. Ҳатто машғулотларда ҳам бирор ўйинда мағлуб бўлишни истамайди. Бу, айниқса, унинг ёнида ўйнаётган ёш футболчилар учун жуда катта плюс. Чунки у ҳатто машғулотда ҳам ютқазишни хоҳламайди ва шу орқали жамоадаги суръат ва рақобатни оширади. Умуман, футболда шундай ҳолат бор: собиқ клубингизга қарши ўйнаганингизда ҳиссиётлар бошқача бўлади. Пенальти берилган эпизод ҳақида ҳам у билан гаплашдим. Унинг айтишича, пенальти бўлмаган. Мен ҳам бу эпизодни бироз баҳсли ҳолат, деб ҳисоблайман.
Плетнёв билан бўлган вазиятни ҳам қайта кўриш қизиқ. Балки фол жарима майдони ташқарисида содир бўлгандир. Лекин Дима Плетнёв контакт бўлганини айтди. Агар контакт жарима майдони ичида бўлган бўлса, пенальти бўлиши керак эди. Агар ташқарида бўлган бўлса, жарима зарбаси белгиланиши керак.
Бундай эпизодлар, ростини айтсам, биз ҳозирги вазиятда турган пайтда жуда асабийлаштиради. Йигитлар учун бироз ачиняпман. Лекин ҳеч нарса қилмаймиз — курашишда ва олдинга ҳаракат қилишда давом этамиз.
- Агар бугунги ўйиндан кейин таркиб ёки тактикани ўзгартириш имконияти бўлганида, ниманидир ўзгартирган бўлардингиз?
- Савол учун раҳмат. Мен ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим, барчасини худди шу ҳолатда қолдирган бўлардим. Чунки футболчилар, кўпчилиги ёш бўлишига қарамай, ОКМК билан деярли тенгма-тенг ўйнашди. ОКМК жуда кучли таркибга эга, ишонинг, жуда кучли жамоа. Лекин мени қувонтирган нарса шу бўлдики, асосий таркибда майдонга тушган футболчилар ҳам, захирадан ўйинга қўшилганлар ҳам асосан академия тарбияланувчилари эди. Улар кучли рақиб билан тенгма-тенг ўйнашди. Мен учун мураббий сифатида бу жуда катта натижа. Ҳа, биз футболда ғалаба учун ўйнаймиз. 3:2 ҳисобидаги натижа ҳам муҳим. Лекин менинг, ҳозирги жамоамизнинг ҳолатида натижа иккинчи планга ўтиб қолди, деб очиқ айтаман. Биз энди Суперлигада қолиш учун курашамиз. Охиригача қўлни туширмаслик, таслим бўлмаслик керак. Лекин ёш футболчилар кўрсатаётган натижадан келиб чиқиб, мен ҳозирги таркибни ўзгартирмаган бўлардим. Фақат ҳимояда айрим жиҳатларни тўғрилаш керак. Айниқса, биз учта гол ўтказиб юборган 15–20 дақиқалик диққат сусайган давр устида ишлашимиз керак. Ҳимояда футболчилар билан кўпроқ ишлаган бўлардим. Қолган жиҳатлар бўйича эса жамоа жуда яхши ўйнади. Мен ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим.
- Фабио Каннаваро Ўзбекистонга келганидан кейин жаҳон чемпиони «Бунёдкор» базасига ташриф буюргани ҳақида матбуот анжуманида ўзи ҳам айтган эди. У шундан кейин ёшларга кўпроқ эътибор қаратишини, ёш футболчилар асосида жамоа тузишини айтган. «Бунёдкор» ёшларида ҳам шундай мотивация йўқолиб қолмадими? Яъни, молиявий муаммолар фонида «эртага ўзимни кўрсатишим, эътиборга тушишим мумкин», деган мотивация пасайиб кетмадими? Мана, Беҳруз Каримов ҳозир Европага кетди.
- Саволингизни тўғри тушундимми: Фабио Каннаваро ёш футболчиларга эътибор қаратадими, деган маънодами? Йўқ, бу яхши. Ёш футболчилар Суперлигада ўйнаши керак. Мен бундан олдин ҳам айтганман: агар имконият бўлса, 16, 17, 18 ёшли футболчилар Суперлигада ўйнаши керак. Ҳозир бизда бундай имконият табиий равишда пайдо бўлди, чунки кўплаб тажрибали футболчилар клубни тарк этишди. Лекин мен қаердадир эшитдим — ростини айтсам, ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказмайман — айрим футбол экспертлари «Бунёдкор» ҳозир ёш футболчиларни фақат кўплаб футболчилар кетиб қолгани учун майдонга туширяпти», деган фикр билдиришган экан. Бу нотўғри. Бу — ҳақиқат эмас. Агар улар холис фикр билдиришса ва сўнгги икки ярим-уч мавсумга назар ташлаб, «Бунёдкор» қанча ёш футболчига ўйнаш имкониятини берганини кўришса, ўз фикрларини бироз тўғрилашларига тўғри келади, деб ўйлайман. Чунки сўнгги уч мавсум давомида биз жуда кўп ёш футболчиларга ўйнаш имкониятини бердик. Шунинг учун ҳозир футболчилар етишмаётгани сабабли ёшларни майдонга тушира бошлашди, деган фикр нотўғри. Ҳозир таркибимизда етти-саккиз нафар ёш футболчи ўйнаяпти. Бу ерда иккиюзламачилик қилиш керак эмас. Яъни «ҳозир ёшларга имконият беряпмиз, чунки бошқа вариантимиз йўқ», деб айтиш нотўғри. Бугун сиз ҳам бу ёшларни кўрдингиз. Агар улар шу тарзда давом этишса, Фабио Каннаваро ёки бошқа мутахассислар уларни пайқаса, мен бундан фақат хурсанд бўламан. Бизда ўзимизнинг яхши, иқтидорли ёш футболчиларимиз бор.