Live
4
Ўзбек

Андрей Шипилов: «Мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик»

Эксклюзив
8 август, 15:58
«Қўқон-1912» устози «Насаф»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Андрей Шипилов: «Мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик»
Фото: Қўқон-1912 ПФК
08.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Насаф Насаф 0 : 0 Қўқон-1912 Қўқон-1912

Қаршида «Насаф» ҳамда «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги беллашувда дарвозалар дахлсиз қолиши натижасида клублар бир очкодан бўлишиб олдилар. Бу айниқса, охирги пайтларда мағлубиятлар сериясига тушиб қолган қўқонликлар учун Қаршидаги дуранг ижобий бўлди. Ўйиндан кейин «Қўқон-1912» бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида қатнашди.

- Мен доимо айтганман: ҳатто бошқа клуб билан келганимда ҳам «Насаф» стадиони менга ёқади. Бу ерда ажойиб муҳит бор, майдон эса, албатта, жуда юқори даражада. «Насаф» билан ҳар доим жуда қизиқарли ўйинлар бўлади. Бугун 15-тур, деб ўйлагандим…

- 16-тур.

- Ҳа, 16-тур экан. Бугун биз жуда яхши, балки мавсумдаги энг яхши ўйинларимизнинг бирини ўтказдик. Бугун бизга «Насаф» ҳам ёрдам берди, деб ўйлайман. Чунки икки жамоа ҳам ўйнади ва жуда қизиқарли тактик кураш юзага келди. Ўйин деярли биринчи гол урилгунига қадар давом этди.

Бугун баъзи вазиятларда «Насаф»га ҳам қийин бўлди, бизга ҳам осон кечмади. Учрашувни бироз асабий бошладик, лекин кейин ўйинни тинчлантириб олдик. Биринчи бўлим — 45 дақиқа давомида — режалаштирган барча вазифаларимизни бажардик. Жуда яхши ва саводли ҳаракат қилдик. Айниқса, тўп бизда бўлмаган пайтда футболчилардан кўпроқ ҳаракат қилишни сўрагандим/

Иккинчи бўлимни эса ҳайратланарли тарзда, жуда яхши бошладик. Дастлабки 15–17 дақиқа давомида деярли бутунлай рақиб майдонида ўтказдик. Жуда кўп стандарт вазиятларга эга бўлдик. Афсуски, улардан фойдалана олмадик. Ўйиннинг якуний қисмида эса «Насаф»нинг ҳам хизмати бор. Улар бизни янада интизомли ва ҳаракатчан бўлиб ўйнашга, ҳимояда янада кўпроқ меҳнат қилишга мажбур қилишди. Биз иккинчи бўлимда ҳам гол ура олмадик. Лекин, шукрки, ўз дарвозамиздан ҳам гол ўтказиб юбормадик. Дарвозабонимизга, умуман, бутун жамоага раҳмат айтаман. Менимча, бугунги натижа қонуний. «Насаф» қаерда тургани ва биз турнир жадвалида қаерда эканимиздан қатъи назар, бугунги натижа адолатли, деб ҳисоблайман.

Мен футболчиларга ҳам айтдим: барча рақибларга қарши ўйнаш мумкин, ҳамма билан тенг курашиш мумкин. Гап фақат майда-чуйда тафсилотларда. Шукрки, бугун биз катта хатоларга йўл қўймадик.

- Гадоев нега учрашувни асосий таркибда бошламайди?

- Бу тактика ва ротация масаласи. У захирадан майдонга тушганда жуда яхши ўйнайди, жамоани кучайтиради. Биз шуни тушунган эдикки, бундай юқори суръатда у бутун учрашув давомида керакли иш ҳажмини бажара олмайди. Шунинг учун унга тахминан 30 дақиқалик жуда яхши вақт қолдирдик. Айнан шу вақт давомида ҳужумда ўз вазифасини бажариши керак эди. Эътибор берган бўлсангиз, биз бугун ҳимоячилар эмас, асосан ҳужумда ўйнайдиган футболчиларни алмаштирдик. Бугун биз кучли жамоалардан бирига қарши, унинг майдонида ўйнадик. Шунинг учун у жуда кўп ўйин ўтказди ва жуда катта меҳнат қилди. Энди бу ерда ротация ва футболчининг функционал ҳолати масаласи ҳам бор. Биз буларнинг барчасини ҳисобга оламиз. Ҳеч нарса шунчаки, тасодифан қилинмайди. Ҳар бир қарорни олдиндан ўйлаб чиқамиз.

- Мавсум бошида жамоа олдига қандай вазифалар қўйилган?

- Ҳозирги кундаги энг катта вазифамиз — турнир жадвалида қулайроқ ҳолатга чиқиш. Бу вазиятга ўзимиз сабаб бўлдик, ўзимиз ўзимизни шундай ҳолатга тушириб қўйдик. Мен бошқа жамоалар ҳақида гапирмайман, фақат ўз жамоамиз ҳақида айтаман. Масалан, биз учун бу кутилмаган танаффус унчалик яхши бўлмади. Бизга бу танаффус керак эмас эди. Кубок баҳслари билан бирга ўша тўртта турни давом эттирганимиз маъқул эди. Лекин миллий жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки муносабати билан терма жамоа манфаати учун бизга танаффус берилди. Нима бўлган бўлса, бўлди. Энди кейинги ўйинларимиз — уйда, сафарда, яна уйда, яна сафарда. Шунчаки, очко олишимиз керак. Қандай усулда бўлишидан қатъи назар, очко ишлаб топишимиз шарт. Керак бўлса, охирги томчи қонимизгача курашамиз. Амалда бирорта ҳам учрашувда ёмон ўйнаганимиз йўқ. Фақат бироз, жуда озгина омад етишмаяпти.

- Сўнгги вақтларда ўзингиз ҳам айтдингиз: жамоа айрим ўйинларда яхши ўйнамаяпти, енгил ўйинлар бўляпти. Бу ҳолатни нима билан изоҳлайсиз?

- Ҳозир айтдим-ку, бизнинг тайёргарлигимиз яхши ўтди. Ҳатто қишдаги тайёргарликдан ҳам яхшироқ бўлди, деб ҳисоблайман. Муаммо натижада: биз гол ура олмаяпмиз ва ҳимояда диққатни йўқотиб қўяпмиз. Шунинг учун керакли натижага эриша олмаяпмиз. Агар ҳимоя ишончли ўйнамаса, дарвозани дахлсиз сақлай олмасак, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч бўлмаганда дуранг натижага эришиш қийин. Бизда эса ҳар бир ўйинда, ҳар бир турда жуда кўп голли вазиятлар бўляпти. Шунинг учун ҳам айтдим: менимча, биз учун танаффус салбий таъсир қилди. Бундан ташқари, омад ҳам бироз биздан юз ўгирди.Асосий муаммо шу.

- Бугунги каби кучли рақибга қарши ва шундай ўйинда жамоа футболчилари ўзини қандай кўрсатди?

- Бугунги ўйин ва шундай рақибга қарши биздаги барча футболчилар муносиб кўринишди. Ҳаммаси муносиб ўйнади. Ҳатто дарвозабонимизни алмаштириш ҳақида ўйлаб қолдик. Лекин уни охиригача майдонда қолдирдик. У жароҳат билан ўйнади. Жароҳатни учрашувнинг бошида, биринчи бўлимда олган эди. Иккинчи бўлимда эса жароҳати янада оғирлашди. Бундан ташқари, футболчилардан бирида тиришишлар бошланди, кейин иккинчисида ҳам шундай ҳолат юзага келди. Шунинг учун ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. Ҳаммаси ўзимизга, жамоанинг менталитетига боғлиқ. Ҳар бир учрашувга янада жиддий ва профессионал ёндашишимиз керак. Бу ерда ҳамма нарса бош билан боғлиқ — руҳий тайёргарлик, менталитет билан боғлиқ.

Ҳозир футбол ривожида айнан шу жиҳат — менталитет ва футболчининг интеллектуал салоҳияти тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Тактика муҳим, техника муҳим, жисмоний тайёргарлик муҳим, стратегия муҳим, атлетизм ҳам муҳим. Лекин ҳозир футболчининг менталитети ва интеллектуал салоҳияти деярли биринчи ўринга чиқмоқда.

- Мавсум бошида вилоят ҳокими жамоа совринли ўринлар учун курашиши кераклигини айтган эди. «Барча шароитларни яратиб берамиз», деган гаплар ҳам бўлган. Бу мурожаат, эътибор ва қўллаб-қувватлаш амалда қандай натижа бермоқда?

- Ростини айтсам, бу ҳақда биз ўз орамизда жуда кўп гаплашдик. Ҳа, учрашув бўлди. Вилоят раҳбари келди, мулоқот қилдик. Аста-секин қандайдир қадамлар ташланяпти. Лекин ҳозирча биз турнир жадвалида ўзимиз бўлишимиз керак бўлган жойдамиз. Сўз билан жуда кўп нарсани гапириш мумкин. Мен бу ҳақда кўп гапирмайман. Чунки бизда декабрь-январь ойларидаёқ ўзини Ўзбекистон чемпиони деб эълон қилиб қўйган жамоалар кўп. Мен, масалан, бу ҳақда гапирмаганман. Мен «барча учрашувларда мутлақо ҳужумкор футбол ўйнаймиз», деб ҳам айтмаганман. Мен буни бошиданоқ айтганман ва жамоа раҳбариятига ҳам тушунтирганман. Биз ҳаракат қиляпмиз. Амалда бирорта ҳам ўйинда ҳимояга ёпилиб, бутунлай пассив ўтирганимиз йўқ. Агар ўйинларимизни синчиклаб, эътибор билан кўриб чиқсангиз, бирорта учрашувда ҳам тўлиқ ҳимояга ёпилиб олмаганимизни кўрасиз.

Биз ҳаракат қиляпмиз. Лекин бизда бошқа клублардаги каби энергия ҳозирча йўқ. Мен «бизнинг аҳволимиз фалокатли», демоқчи эмасман. Бу ҳақда ҳеч қачон гапирмаганман ва бундан кейин ҳам айтмайман. Ҳозир биз бир нарсага интилишимиз керак: қандайдир катта, улкан мақсадлар ҳақида орзу қилишдан кўра, ҳар бир ўйинга чиқиб, аввало ҳозирги вазиятдан чиқиб кетишимиз керак. Турнир регламенти бўйича ким ким билан ўйнайди, ким қаерга чиқади, кейин қандайдир қўшимча ўйинлар бўладими — бу масалаларни чуқур муҳокама қилишни истамайман. Кимдир қандайдир тартиб-қоидани ўйлаб топган бўлса, демак, шундай бўлиши керак. Бу регламент, деб аталади, шекилли», - дея Шипиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Насаф Насаф
  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар