Live
1
Ўзбек

Сергей Токов: «Менимча, натижа ҳаққоний бўлди»

Эксклюзив
14 август, 15:56
«Хоразм» устози «Динамо»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Сергей Токов: «Менимча, натижа ҳаққоний бўлди»
Фото: Хоразм ПФК
14.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Динамо Динамо 2 : 2 Хоразм Хоразм

Самарқандда бўлиб ўтган «Динамо» ва «Хоразм» ўртасида қайд этилган 2:2 ҳисобидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида меҳмонлар устози Сергей Токов қатнашди.

- Менимча, мухлисларга ҳам ўйин ёққан бўлса керак. Чунки ҳужумлар ҳам, курашлар ҳам кўп бўлди. Менимча, бугунги ўйинда қайд этилган натижа ҳаққоний бўлди. Ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Дастлабки дақиқаларда, биринчи бўлимда яхши имкониятларимиз бўлди. Албатта, ёмон вазиятлар ҳам бўлди, айниқса, ҳимояда бўшлиқлар юзага келган пайтларимизда. Лекин бу — футбол.
Ўйинга келадиган бўлсак, «Динамо»дан «Хоразм»га ўтган Улуғбек Ҳошимов ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчиман. Бугун, билмадим, балки у ҳаяжонланган бўлиши мумкин. Ўзи аввал ўйнаган жамоасига қарши майдонга тушгани учун ортиқча ҳиссиётга берилгандир. Бугун ҳужумда унда нимадир ўхшамади. Лекин ҳечқиси йўқ, демак, кейинги ўйинда ўхшайди.

- «Хоразм» узоқ вақт катта футболдан анча йироқда эди. Ҳозир эса жамоа жуда яхши футбол ўйнаяпти, ҳатто ўрта даражадан юқори савияда ўйин кўрсатмоқда. Тўпни яхши назорат қиляпти, жамоада сифатли легионерлар пайдо бўлди. Бугун яна бир нарсага эътибор бердим: жамоада хорижлик мутахассислар ҳам бор экан. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар, шундайми? Умуман, «Хоразм»га клуб раҳбарияти томонидан жиддий эътибор қаратилаётганини айтиш мумкинми?

- Ҳа, раҳбариятга катта раҳмат. Улар бизни қўллаб-қувватлашяпти. Биз ҳам ривожланишга ҳаракат қиляпмиз. Шунинг учун хорижлик мутахассисларни таклиф қилдик. Жамоамизда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий, физиотерапевт ва реабилитолог ишлаяпти. Афсуски, Ўзбекистон бозорида бу масала бўйича бироз қийинчиликлар бор. Ваҳоланки, булар жуда муҳим йўналишлар. Жамоадаги шундай мутахассислар футболчиларни жисмоний жиҳатдан тайёрлайди, жароҳатдан кейин уларни тиклайди. Шунинг учун вилоят раҳбариятига бизга шундай мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратиб бергани учун раҳмат айтмоқчиман.

Легионерларга келадиган бўлсак, ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Албатта, ҳар доим ҳам биз хоҳлаганимиздек бўлавермайди. Икки нафар легионер билан хайрлашдик ва уларнинг ўрнига яна икки нафар футболчини олдик. Улар ҳали ўйинларда иштирок этишмади, ҳозир Урганчда жамоага қўшилиш арафасида. Умид қиламизки, улар жамоанинг савиясини оширишга ёрдам беради.

- Мен шу нарсага эътибор қаратдим: ҳозир ўзбек футболида янги ҳолат кузатилмоқда. Одатда биз аввал Россиядан ёки МДҲ давлатларидан келган тажрибали, ёши каттароқ мураббийларни кўплаб жамоаларда ишлаганини кўрардик. Ҳозир эса ўзбек футболида ёш мураббийлар гуруҳи пайдо бўлди. Сиз билан тенгдош бўлган мутахассислар. Кўплаб клубларни айнан шундай ёш мураббийлар бошқармоқда. Бу ниманинг ҳисобига, деб ўйлайсиз?

- Менимча, бу қачондир содир бўлиши керак эди. Чунки, назаримда, футбол маълум бир даврда бир жойда тўхтаб қолган. Ҳозир сиз санаб ўтган ёш мутахассислар ривожланяпти, ўқияпти, изланяпти, ўсишяпти. Менимча, ёш мутахассисларга замонавий футболни кузатиш ва ривожланиш осонроқ. Чунки катта ёшдаги инсонга кўпинча ўзгариш, қайта мослашиш қийин бўлади. Футбол эса бир жойда турмайди, у доимо ривожланиб боради. Менимча, бунинг сабаби ҳам шунда: ҳозирги ёш мураббийлар замонавий футбол талабларига кўпроқ мос келяпти. Улар замонавий футбол талабларига осонроқ ва яхшироқ мослашяпти.

- Ўйинга қадар рақиб жамоани қанчалик ўргандингиз? Мутахассис сифатида рақиб — «Динамо» ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Уларнинг кучли ва заиф томонлари нимада?

- Албатта, рақибни ўргандик. Бу уларга қарши биринчи ўйинимиз эмас, биринчи даврада ҳам «Динамо» билан ўйнаганмиз. Умуман олганда, уларнинг ўйин услуби унчалик ўзгармаган. «Динамо» футболчилар танлови жиҳатидан жуда сифатли жамоа. Улар тўпни назорат қилишни жуда яхши кўришади. Шунинг учун биз прессингдан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Биринчи бўлимда прессинг қўлладик ва гол ҳам урдик.

Кейин эса ўйиндаги камчиликлар ҳақида... Менимча, буни муҳокама қилмайман. Бу мураббийлик этикасига тўғри келмайди. Бу ҳақда «Динамо» бош мураббийининг ўзи гапиради. Биз ҳаракат қилдик, албатта, режалаштирган ва хоҳлаган барча ишларимиз ҳам ўхшайвермаган бўлиши мумкин. Энди босқичма-босқич олдинга ҳаракат қиламиз», - дея урганчликларнинг устози билдирган фикрларни келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Динамо Динамо
  • Хоразм Хоразм
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар