«Динамо»нинг 32 ёшли етакчиси ҳамда сардори Анвар Ҳожимирзаев ёзги трансфер ойнасининг сўнгги кунида клубини ўзгартириши мумкинлиги ҳақидаги хабар анча тарқалди. Амалдаги чемпион – «Нефтчи» унга жиддий қизиқди ва охиригача таркибга қўшиб олишга уринди. Бироқ футболчи Самарқандда қолди.
У ерда Анварни жуда ҳурмат қилишади ва қўллаб-қувватлашади. Ўз навбатида футболчи учун ҳам «Динамо» худди ўз уйидек бўлиб қолган. Самарқандда учинчи мавсумини ўтказаётган Анвар бу йил ҳам ўзининг сермаҳсуллиги, тўпурарларлиги билан жамоага фойда келтиряпти.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда Tribuna.uz журналисти Ҳожимирзаевга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
- Анваржон, «Динамо» клуби икки хил таассурот қолдира бошлади. Биламизки, мавсум аввалида мақсад жиддий эди. Лекин чемпионат старти муваффақиятли чиқмади ва шу ҳолат серия сифатида давом этди. Ёзги танаффусдан кейин эса натижалар ижобий тарафга ўзгарди. Аввало, шу хусусида тўхталиб ўтсангиз, танаффусда натижа ўзгариши учун айнан нималар қилдинглар?
- Ассалому алайкум. Тўғри айтдингиз, мавсум олди бошқача мақсад қўйгандик. Бизга қайсидир маънода молиявий муаммолар таъсир қилди ва чемпионат старти ҳам омадсиз келди. Легионерларимиз ҳам бизнинг лигага мослаша олишмади. Ёзги танаффусдан кейин яхши кайфиятда бошладик. Таркиб кучайтирилди, янги ўйинчилар келди. Бизга бегона бўлмаган Марко Станоевич ҳам қўшилди ва ҳозир ҳаммаси яхши.
- Кеча трансфер ойнаси ёпилди. Сўнгги куни сизни «Нефтчи»га ўтишингиз борасида хабарлар кўп чиқди. Лекин якунда «Динамо»да қолдингиз. Ушбу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз. Фарғоналиклар чиндан ҳам алоқага чиқишдими, Самарқандда қолишингизга нима сабаб бўлди?
- Тўғри, фарғоналиклар таклиф билан чиқишди. Лекин менинг йил охиригача «Динамо» билан шартномам борлиги учун клуб ихтиёрида қолдим.
- «Динамо»да қолишингизни Самарқанд ва Абрамовга садоқат сифатида боғлаш мумкинми?
- 3 йилдан бери Самарқанд шарафини ҳимоя қиляпман. Ўзингиз тушунасиз (кулади).
- Қолаверса, «Динамо»да молиявий муаммолар ҳақида ҳам гапирилганди. Ҳозир бу ҳолат қандай, вазият ўзгарганми?
- Ҳа, ҳозирги пайтга келиб ҳолат анча яхши тарафга ўзгарган.
- Суперлигада 9 та гол урдингиз. Яна нечта гол уришни мўлжаллаяпсиз?
- Худо хоҳласа, янада кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламан.
- Нима деб ўйлайсиз, мавсум бошида «Динамо» олдига қўйилган мақсад ўзгарганми ёки ўз кучида турибдими?
- Бемақсад ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Табиийки, бизнинг ҳам ўзимизга яраша олдимизга қўйган мақсадимиз бор. Биз шунга қараб интиламиз ва ишлашни давом эттиряпмиз.
- «Динамо»нинг ҳақиқий етакчисига айланган футболчи сифатида маҳаллий мухлислар сиздан кўп нарса кутишади, доим. Бу сизга ишонч берадими ёки босим?
- Бу ҳолат менга ҳамиша ишонч беради. Табиийки, мен уларни ўз ўйинларим билан доимо хурсанд қилишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.
- Нима деб ўйлайсиз, бу мавсумда ким чемпион бўлади?
- Билмадим, олдинда ҳали ўйинлар кўп. Буни вақт кўрсатади.
Анвар Ҳожимирзаев: «Тўғри, «Нефтчи» таклиф билан чиқди, лекин...»
Эксклюзив
11 август, 10:45
Tribuna.uz журналисти Ҳожимирзаевга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
Фото: Динамо ПФК
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади